Маълумки, ишлаш учун хорижга жўнаш водий вилоятларида ҳам анъана тусига кирган. Бугунги кунда миграция масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Толиб Юсупов билан суҳбатлашдик.
– Толибжон ака, биламизки, Наманган вилояти ҳам аҳоли жуда зич вилоятлардан бири ва бу ҳудудда ҳам миграция оқими кучли. Аввало, аҳоли сони ва муҳожирлар ҳақидаги рақамлар билан таништирсангиз.
– Тўғри, чиндан ҳам Наманган вилояти аҳоли сони ва зичлиги бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда вилоятда 2 млн 813 мингга яқин аҳоли рўйхатдан ўтган бўлиб, узоқ муддатга чет элда бўлган шахслар сони 157 410 нафарни (шундан эркаклар 133 542 нафар, аёллар 23 868 нафар ва вояга етмаганлар 1589 нафарни) ташкил этган.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатига 85 750 нафар шахс хориждан қайтиб келган бўлиб (шундан эркаклар 69 129 нафар, аёллар 16 621 нафар ҳамда вояга етмаганлар 381 нафарни ташкил этиб), шундан 46 405 нафарининг бандлиги таъминланган.
Вилоятимиз бўйича хориждаги юртдошларимизнинг асосий қисми Россия (44 фоиз), Қозоғистон (38 фоиз) ва Жанубий Кореяга (3 фоиз) тўғри келиб, 65 минг нафари ишлашга, 1,4 минг нафари ўқишга, 2,5 минг нафари бошқа мақсадларда чиқиб кетган.
– Хорижда ишлаш истагида бўлганларга кўмак бериш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига тобора кўпроқ ваколат ва масъулият юкланмоқда. Бу натижа беряптими?
– Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Наманган филиали томонидан пандемия даврида фуқароларни Россия (40 нафар), Қозоғистон (17 нафар) давлатларига ташкилий тартибда ишга юборилган. Ҳозирги кунда, чет давлатларида ишлаш истагида мурожаат қилганлар 1,7 минг нафарни ташкил этади.
Иш изловчиларнинг 42 фоизи қурилиш соҳаси бўйича мутахассислар, 12 фоизи енгил саноат соҳаси, 17 фоизи қишлоқ ҳўжалиги, 29 фоизи касб-малакага эга бўлмаганларни ташкил этади.
Чет давлатларда ишлаш истаги бўлган, бироқ пандемия сабабли чет элга кета олмаган 130дан зиёд фуқаро 12 турдаги (сантехник, электрик, пайвандловчи, токар, асаларичилик, ошпаз-қандолатчилик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва ҳ.к.) йўналиш бўйича ҳар бир гуруҳларда 15 нафардан касб-ҳунар ва хорижий тил курсларига ўқитиш бошланди.







