АҚШдаги сайловларга 3 ҳафта қолди: Трамп 4 йил аввал қандай ғолиб бўлганди?
Роппа-роса уч ҳафтадан кейин АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Инсоният бошига келган энг даҳшатли синов вақтида ўтадиган бу галги сайлов сюрпризлар тақдим этиши мумкин. Бу гал кўпчилик Трампнинг мағлубиятини тахмин қилмоқда, аммо унутмаслик керакки, ўтган гал ҳам шундай дейишганди. Қуйида АҚШдаги сайловлар арафасида Трамп ўтган гал қандай ғалаба қозонгани эсланади.
Дональд Трамп коронавирусга чалиниб, даволаниб чиқди. У вирус юқтиргани ҳақидаги хабарлар дастлаб одамларни «ҳар хил хаёллар»га ундади. «Трамп коронавирус юқтирмаган, у яна ниманидир пайида бўляпти» деганлар ҳам, «Трамп сайловни ортга сурмоқчи» деганлар ҳам бўлди.
Трамп кетма-кет муваффақиятсизликларга дуч келаётгани бор гап. Хитой билан савдо уруши, импичмент хавфи, коронавирус авж олиши, Жорж Флойд ўлдирилиши ортидан бошланган норозилик намойишлари, Жон Болтон ва Мэри Трампнинг китоби... Буларнинг барчаси Трамп сайловда Жо Байденга ютқазиб қўйиши эҳтимолини оширарди.
Ижтимоий сўровларда ҳам ҳозирча Байденнинг устунлиги кўринмоқда. Сўровлар унинг Байдендан ортда қолаётганини кўрсата бошлаган вақтда Трамп ғалати чиқишлар қила бошлади. Масалан, ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш ҳақидаги саволга чалғитувчи жавоб берди. У ҳатто мағлуб бўлса, сайлов натижаларини тан олмаслиги мумкинлигини ҳам айтди. Бу «қовун тушириш»дан фойдаланган Жо Байден Трампни Оқ уйдан ҳарбийлар олиб чиқишига тўғри келишини айтиб ҳазиллашганди.
Трамп жуда тез соғайди ва бу кўпчиликни ажаблантирди ҳам. Унда 2 октябрь куни коронавирус аниқланган бўлса, 11 октябрь куни ОАВ Трамп коронавирусдан тўлиқ соғайгани ҳақида хабар тарқатди. АҚШ эпидемиологик тартибларига кўра, коронавируснинг енгил шаклига чалинган одам ҳам камида икки ҳафта даволаниши ва яна бир муддат ўзини ўзи яккалаб яшаши керак. Лекин Трамп даволаниб, тузалгандан сўнг дарҳол ишга чиқиб кетди. Табиийки, унинг карантинда ўтиришга вақти йўқ. Ахир сайлов яқин, ҳозир ўтирадиган вақт эмас. У бемалол даволаниб, кейин карантинга кетиб, «малинали компотни ичгачгина» сафга қайтса, сайлов ўтиб кетарди. Трамп Флоридада чиқиш қилиб, тарафдорларига уларни «меҳр билан ўпмоқчи экани»ни ҳам айтди.
Америкача сайлов
АҚШдаги сайлов тизими бошқа мамлакатлардагидан кескин фарқ қилади. Шунингдек, тан олиш керак, бу дунёдаги энг қизиқарли сайлов бўлади. Президентликка номзодлар сайловдан бир неча ой илгари сиёсий партиялар томонидан танлаб олинади. Бунда битта партиядан бир неча номзод танланиши ҳам мумкин. Шундан сўнг праймериз – оралиқ сайловлар ўтказилади. Праймериз якунига кўра, партия ичида ягона номзод аниқланади ва унинг номзоди президентлик учун илгари сурилади.
АҚШда фуқаролар президентни тўғридан тўғри сайламайди. Штатлар аҳолиси номзодга эмас, балки вакиллар (делегатлар) учун овоз беради. Вакиллар турли штатларнинг аҳолиси сонидан келиб чиқиб белгиланади. Масалан, аҳолиси 40 миллион атрофида бўлган Калифорния штати 55та овозга эга ва бу ерда аҳоли 55 нафар делегат учун овоз беради. Аҳолиси 1 миллион атрофида бўлган Монтана штати эса 3та овозга эга. Кейинги босқичда ана шу уч делегат штат номидан президентни сайлайди.
АҚШдаги 50та штат сайлов масаласида учга бўлинган. Штатларнинг бир қисми азалдан республикачиларни, яна бир қисми демократларни қўллаб келади. Республикачиларни қўллайдиган штатлар сони демократларни қўллайдиган штатлар сонидан анча кўп. Аммо уларнинг аксариятида аҳоли сони камлиги учун делегатлар ҳам кам. Демократларни қўллайдиган штатларда эса аҳоли сони кўп ва шунга яраша делегатлар овози ҳам.
Масалан, демократларни (айни дамда Байденни) қўллайдиган штатлар орасида АҚШда аҳолиси энг кўп штат ҳисобланган Калифорния ҳам бор ва бу штат жами 55та делегат овозига эга ҳисобланади. Республикачиларни қўллайдиган штатлар орасида энг кўп делегатга эга штат – бу Техас. Бу штат жами 38та делегат овозига эга.
12та штат эса ҳар икки партияга ҳам «қаттиқ ёпишиб олмаган». У ердагилар қайси номзод ўз сайловолди дастурида илдамлик қилса, рақибига қараганда АҚШни яхшироқ бошқариш ва мамлакатни янада ривожлантиришга ишонтира олса, ўша номзодга овоз беради. Булар Колорадо, Флорида, Айова, Мичиган, Невада, Нью-Ҳэмпшир, Нью-Мехико, Шимолий Каролина, Оҳайо, Пенсильвания, Виржиния ва Висконсин штатлари. Ушбу штатлар жами 161та вакиллар овозига эга. Қайси номзод бу штатларда кўпроқ муваффақиятга эришса, ўша номзоднинг имконияти юқори бўлади.
Бетараф штатлар орасида Флорида энг кўп вакиллар овозига эга – 29та. Бу ҳам сайловдаги энг муҳим штатлардан ва олдинги сайловларда Трампнинг ғалабасида ушбу штатдаги устунлик муҳим рол ўйнаган. Ундан кейин Пенсильвания штати жойлашган – жами 20та вакиллар овози. «Тебранувчи» бетараф штатларда натижа сайлов компанияси охиригача ҳам аниқ бўлмайди. Шунинг учун номзодлар бу штатларга ўз эътиборлари ва маблағларини аямайди. Трамп энди касалдан тузалган бўлса ҳам, бежизга Флоридадаги тарафдорлари билан учрашувга боришга интилмаяпти.
Трамп қандай ғолиб бўлганди?
2016 йилда ўтказилган сайловларда Дональд Трамп демократлар вакили Ҳиллари Клинтонни айнан АҚШдаги мураккаб ва ўзига хос сайлов тизими эвазига мағлуб этганди. Ўшанда Клинтонни қўллаган америкалик сайловчилар сони Трампнинг тарафдорлари сонидан 2,5 миллиондан кўпроқ бўлган, лекин Трамп делегатлар овози сони кўплиги эвазига ғолиб бўлган. Якуний натижаларга кўра, 306 нафар делегат Трампга, 227 нафар делегат эса Клинтонга овоз берган. Умумий овозлар сони бутунлай бошқача бўлган: 65,8 миллиондан ортиқ киши (46,1 фоиз) Клинтонга, 62,9 миллиондан ортиқ киши (48,2 фоиз) Трампга овоз берган. Ҳатто Гари Жонсонга 4,5 миллионга яқин америкалик овоз берган.
Трампнинг ғалабасидан кейин АҚШда жуда кўп гаплар бўлди. Буни ҳалокат деб ҳам аташди, шармандалик ҳам дейишди, лекин мантиқан олиб қараганда, Трамп чинакам тактика эвазига сайловда ғолиб бўлганди. Ахир сайлов ҳам тактик ўйин, шундай эмасми? Тўғрисиям-да, дунёда АҚШ президентидан каттароқ лавозим борми? Йўқ, албатта. Шундай экан, бу интилса арзийдиган рутба ва сиёсатчилар унга эришиш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишади.
Трамп сайловолди кампанияси вақтида аниқ айтган гаплари эвазига ғалаба қилганди. Масалан, у АҚШ кўпроқ ўзининг ички муаммолари ҳақида ўйлаб, халқаро полициячилик вазифасидан чекиниши кераклигини айтганди. Бу эса мамлакатнинг триллионлаб доллар пуллари қайсидир мамлакатдаги ҳарбий амалиётларга эмас, америкаликлар учун сарфланади дегани эди. Тўғри, Трамп вақтида ҳам ҳарбий ҳаракатлар тўхтаб қолмади, лекин ўша вақтда одамлар бунга ишонишди.
Трамп терроризм мавзуси навбатдаги марта долзарб масалага айланганда мусулмонларни мамлакатга киритмаслик кераклигини айтди ва исломофобларнинг меҳрини қозонди. Табиийки, АҚШ виза бераётганда инсонларнинг эътиқодини сўрамаяпти, бироқ ўша вақтда бу гап кун тартибига чиққан эди. Клинтон Хитойни «жанг майдонида адо қилиши»ни айтаётган вақтда Трамп солиқ ислоҳотини ваъда қилди ва бу ишни амалга оширди ҳам. Клинтон «дунёни Россиянинг кўзига қоронғи қилиши»ни ваъда қилаётганда, Трамп Россия ҳам ҳамма қатори давлатлиги, руслар билан ҳам ишлаш мумкинлигини айтди, бунинг учун маломатга қолган, Путин томонидан президент қилинган деган ном ҳам орттирса ҳам, айтганини қилди, Россияга қўл узатди.
Трамп Клинтон каби сиёсий интеллектини кўрсатиш ўрнига шунчаки одамларга, сайловчиларга яқин бўлди. Минг қилса ҳам, Клинтон эски сиёсатчи ва «минг йиллик элита вакили», Трамп эса тадбиркордан чиққан ва камида одамларга нима кераклигини биларди. Бу эса унга катта устунлик берганди.
Американинг буюклиги нимадалигини биласизми? Ҳеч ким бошқара олмайдиган халқида. Масалан, Клинтон деярли барча ижтимоий сўровларда устунлик қилганди, сайловларнинг дастлабки 20 фоиз натижаларига кўра унинг устунлиги 70 фоизгача чиқиб кетди, лекин охирги натижа бошқача бўлди. Чунки америкаликлар сир бой беришмайди, ҳатто ўша ўта ишончли сўровларда ҳам. Сайлов якунида эса устунлик Трамп томонига ўтиб кетди. Бунинг номини халқнинг иродаси дейилади ва АҚШда уни ҳеч ким бошқара олмайди.
Ҳозир ҳам Байден барча сўровларда устунлик қилаётган бўлса-да, Трамп хотиржам турибди, чунки одамларга нима кераклигини у яхшироқ билади. Албатта, сайловда ҳар нарса бўлиши мумкин, лекин Трамп, шубҳасиз, фаворит. Негадир мамлакатда америкаликлар томонидан сайловда тан олинган Трампнинг устунликлари ҳақида баралла айтилмайди. Шундай бўлса-да, барчаси сайлов натижаларида акс-садо бериши мумкин. Худди 4 йил олдинги каби...
Мавзуга оид
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
09:02 / 20.11.2024
Қайта сайланмаслик эркинлиги: Байден Киевга қўйилган чекловларни бекор қилмоқда
05:07 / 18.11.2024
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
12:44 / 17.11.2024