Ўзбекистон | 08:33 / 13.10.2020
15201
3 дақиқада ўқилади

Пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатдан азият чеккан 650 нафардан ортиқ фуқаро аниқланди – Меҳнат вазирлиги

2020 йилги пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳлари томонидан мониторинг ва ўрганишлар давом этмоқда.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

2020 йилнинг 10 октябрь ҳолатига республиканинг 138дан ортиқ ҳудудида 726дан зиёд мониторинг ҳамда ижтимоий тармоқда тарқалган 60дан ортиқ хабар юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Мониторинг жараёнида мажбурий меҳнатдан азият чеккан 650 нафардан ортиқ фуқаро аниқланиб, 18та мансабдор шахсга нисбатан мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун 205 млн 160 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.

Вазирлик хабарида айтилишича, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳамда Тошкент вилояти Бўка тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиқлари 30 нафардан ортиқ ходимини пахта йиғим-теримига мажбурий равишда жалб қилингани юзасидан маъмурий жаримага тортилди.

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Халқ таълими бўлими мудири ва Жарқўрғон тумани “Халқ банки” раҳбарлари ҳам мажбурий меҳнатга йўл қўйиб берганлиги учун қонуний жавобгарликдан четда қолмади.

Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида банд бўлмаган аҳолини теримга жалб қилиш бўйича олиб борилган ишлар, теримчилар учун яратилган муносиб меҳнат ҳамда дам олиш шароитлари, терим пулларининг ўз вақтида ва белгиланган меъёрий суммада берилаётганлиги ўрганилганда, 72та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан муносиб меҳнат шароитлари яратилмагани учун маъмурий жарималар қўлланилди.

Тошкент вилоятида 19та, Хоразм вилоятида 12та, Бухоро вилоятида 6та, Наманган вилоятида 8та ва Сурхондарё вилоятида 7та фермер хўжалиги раҳбарлари муносиб меҳнат шароитлари яратмагани, теримчилар билан меҳнат шартномалари тузмагани ва пахта терими пулларини ўз вақтида бермагани учун маъмурий жаримага тортилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига кўра, ўрганиш натижаларидан норози бўлган мансабдор шахсларнинг маъмурий иш ҳужжатлари қонунчиликка мувофиқ тегишли чора кўриш мақсадида маъмурий судларга тақдим этилмоқда.

Хоразм вилоятида 4та ҳолатда, Қорақалпоғистон Республикасида 1та ҳолатда, Наманган вилоятида 4та ҳолатда меҳнат қонунбузилишлари бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли маъмурий судларга тақдим этилди.

Фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш мақсадида аниқланган меҳнат қонунбузилишлари юзасидан Сурхондарё вилоятида жойлашган 4та фермер хўжалиги ва кластерига, Жиззах вилоятида жойлашган 4та давлат ташкилотларига ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 1та фермер хўжалигига ёзма кўрсатмалар берилди, мажбурий меҳнат ҳолатларини олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 1та тақдимнома киритилди.

Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 165та мурожаат келиб тушган. Келиб тушаётган мурожаатларнинг энг кўпи Қашқадарё вилоятида 24та, Тошкент вилоятида 20та, Наманган вилоятида 23та, Жиззах вилоятида 17та ва бошқа ҳудудларга тўғри келади.

“Мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, 200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилинг ва ўзингизнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларингизни тикланг”, – дейилади хабарда.

Мавзуга оид