Ўзбекистон | 16:11 / 13.10.2020
15687
4 дақиқада ўқилади

«Уларни ўқитиш бугунги кун талаби» – Эркинжон Турдимов оқсоч аёллар масаласидаги гапига изоҳ берди

12 октябрь куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Вилоят ҳокими журналист ва блогерлар билан мулоқотда ўтган ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган оқсоч аёллар масаласига тўхталиб ўтди.

У замонавий тил билан айтганда, уй хизматкорларини махсус курсларда ўқитиш, уларни билимли қилиш бугунги куннинг талаби, деб ҳисоблашини маълум қилди.

«Мен ўша куни айнан оқсоч демасдан, бу сўзнинг бошқа синонимларини қўллаганимда, бунчалик шов-шув бўлмаслиги мумкин эди. Лекин хоҳлаймизми-йўқми, агар биз курсларни очмайдиган бўлсак, мана шу қатламда ишлаётган одамларимиз жуда кўп қийинчиликларга дучор бўлади.

Масалан, уй хизматкорини ишлатмоқчи бўлган одам ҳалол, покиза, тарбияли одамни уйига хизматга олиши мумкин. Излайди шуни. Керак бўлса, қимматроқ пул тўлайди. Нега бундай қилади? Биринчидан, ўша хонадон эгаси ўзининг энг катта бойлигини – фарзандининг тарбиясини ўша уй бекасига, энагага беради. Иккинчидан, соғлиғини ҳам уй хизматкорига ишонади. Нега? Чунки у пишириб берган овқатни ейди-ку? Учинчидан, ўзининг туриш-турмуши, ён-атрофи, маданиятини шу келаётган уй хизматкори шакллантириб беради.

Мана шу масалаларда ўқиган одамга талаб бўладими ёки ўқимаганга? Албатта, курсда тайёрланган одамга талаб юқори бўлади.

Иккинчидан, бундай уй хизматкорини қаердан топади одам? Масалан, Самарқанд шаҳри мисолида айтаман. Ҳеч қаердан топиб бўлмайди. Шуғулланадиган одамларим бор, ўшалар нима деса шу бўлади. Лекин эртага бу уйга келадиган одам ўғри, нопок бўлиб чиқса, жавобгарлик тарафи йўқ. Бу бўйича жуда кўплаб жиноят ишлари, жанжал ҳолатлари мавжуд.

Энди масаланинг иккинчи томони. Фуқаро қаерга боришни билмайди, ишлагиси келади. Ҳамма олий ўқув юртига киролмайди. Бу соҳани ҳам кимдир эгаллаши шарт. Хоҳлаймизми-йўқми, шу соҳада ҳам кимдир ишлайди. Бу соҳани нотўғри талқин қилмаслик керак», дея Турдимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, айни вақтда Самарқанддан хорижга чиқиб кетганларнинг 30 фоизини аёллар ташкил қилмоқда. Расмий кетганларнинг ҳисоб-китоби бор, аммо норасмий кетганларнинг тақдири номаълум.

«Агар ушбу йўналиш йўлга қўйиладиган бўлса, биринчи ўринда назоратга эришиш мумкин. Эртага уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлмайди. Бирор муаммо бўлганда, қаерга мурожаат қилишни билади. Уларни қулликка эмас, бу каби ўқув курслари орқали уларни ўзини ҳурмат қилишга ўргатиш мумкин.

«Оқсоч» сўзининг бундай кескин талқин қилинишини олдиндан билганимда, бу сўзни қўлламаган бўлардим», дея таъкидлади ҳоким.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида оқсоч аёлларга талаб ортиб бораётгани сабаб аёлларни бу касбга тайёрлаш тизимини шакллантириш таклифини берган эди. Турдимовнинг бу гаплари жамоатчилик орасида кескин танқидларга сабаб бўлди. Кейинчалик Самарқанд вилоят ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги танқидларга муносабат билдириб, Турдимов ушбу фикри билан аслида нима демоқчи бўлганини тушунтирди. Блогерлар ва ижтимоий фаол фуқаролар Самарқанд вилоят ҳокими жўяли таклиф бергани, уни нотўғри талқин қилмаслик кераклиги ҳақида постлар қолдирган.

Мавзуга оид