Жамият | 19:41 / 14.10.2020
33092
10 дақиқада ўқилади

Америка таассуротлари, таълимдаги ютуқлар ва у ердаги ўзбеклар ҳаёти — Арканзас университетида малака оширган ўқитувчи ҳикояси

Kun.uz'нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукнида бу гал АҚШда малака ошириб қайтган Сабоҳат Тошпўлатованинг таассуротлари билан танишамиз. У Америкадаги таълим, талабалар учун имкониятлар, менталитет ва АҚШдаги ўзбеклар турмуши ҳақида ҳикоя қилади.

Сабоҳат Тошпўлатова Жиззах вилоятида туғилган. Жиззах давлат педагогика институти бакалавриати, Ўзбекистон Миллий университети магистратурасида ўқиган. Ҳозирда Жиззах политехника институтида ўқитувчи бўлиб фаолият юритмоқда.

У 2020 йил январь-май ойларида АҚШнинг Арканзас штатида малака ошириб қайтди.

Грант ҳақида

– Америкада FEP (Faculty Enrichment Program) номли грант орқали малака ошириб қайтдим. Бу дастур Ўзбекистон ОТМлари ўқитувчиларини АҚШнинг етакчи университетларига 4 ой муддатга малака ошириш учун юборади.

FEP гранти Америка Халқаро таълим кенгаши (American Councils for International Education) томонидан ташкил этилган.

Мен Арканзас университетининг Биология факультетида малака ошириб қайтдим. Университетни ўзим мустақил тарзда танламаганман. Бу менинг мутахассислигим ва амалга оширишим керак бўлган академик лойиҳамга мос тарзда Америка кенгаши томонидан танланди.

Америка таассуротлари

– АҚШ тасаввуримдагидан кўра бошқачароқ экан. Ташрифнинг дастлабки икки кунида пойтахт Вашингтонда бўлдик. У ерда унчалик ҳам баланд бўлмаган, аммо кўп йиллик тарих ва ўзига хос қурилиш архитектурасига эга биноларни кўрдим. Шаҳар кўчалари тоза, аммо бир нечта замонавий бинолар остида уйсиз кишилар жуда кўп эди.

Арканзас эса пойтахтдан мутлақо фарқ қилади. Бу ерда бир ёки икки қаватли уйлар, магнолия, эвкалипт дарахтлари жуда кўп эди. Хушманзара табиат, ажойиб ҳаво одамни ҳайратга солади. Арканзас – табиат ва шаҳарчалар уйғунлигидан иборат гўзал жой.

Аммо бир нарса эътиборимни тортди. Кўчаларда кўплаб маиший чиқиндиларни кўрасиз. Одамларда экологик маданият етишмаслигининг гувоҳи бўлдим. Чиқинди учун махсус, алоҳида идишлар бўлса ҳам, аҳоли орасида чиқиндини саралаб ташлаш маданияти йўқлиги сезилди. Шундай чиройли жойларнинг маиший чиқиндилар билан кўримсиз ҳолга келтирилиши одамнинг таъбини хира қилади.

Штат ҳавоси жуда тоза: машиналар қатнови кам, аҳоли велосипед, ғилдиракли, моторсиз юрувчи воситалардан кўп фойдаланади. Америкаликларда машина сотиб олишга бўлган қизиқиш биздагичалик юқори эмас.

Аҳоли ортиқча вазндан азият чекади. Бироқ одамлар жуда дўстона. Транспортда, кўчада, жамоат жойлари, дўконларда сизни танишмаса-да, шунчаки самимий жилмайиб қўйишни канда қилишмайди.

Машиналар кам, шу туфайли автобуслар қатнови яхши йўлга қўйилган. Бу ерда кўпчилик одамларнинг фикри шундай: ривожланган давлатнинг энг асосий белгиси – жамоат транспортидан барча фойдалана олишида кўринади. Шаҳарда машинанинг кўплиги ривожланиш белгиси сифатида қаралмайди. Улар бундай давлат сифатида Японияни тилга олишади.

АҚШда йўловчи поездлари деярли йўқ. Улар штатлар орасида фақат юк ташийди. Ҳукумат темир йўлга қараганда автомобиллар учун инфратузилмани ривожлантиришни маъқул кўради. Автомобиль йўллари сифати ва ҳолати аъло даражада.

Арканзас университети ҳақида

Арканзас университетининг энг тарихий биноси. 1873-1875 йиллар оралиғида қурилган.

– Мен малака оширган Арканзас университети нафақат АҚШ, балки дунёнинг илғор олийгоҳлари сирасига киради. Университет жуда катта олийгоҳ бўлиб, унда 27 минг нафар, шундан 1,5 минг нафарга яқин хорижлик талаба таълим олади.

Талабалар учун барча шароитлар бор. Улар учун махсус ётоқхоналар шу даражада кўпки, campus'ни бутун бошли шаҳарча деса бўлади.

Ётоқхона ва университет орасида талабалар ва шаҳар аҳолиси учун бепул автобуслар йўлга қўйилган.

Университетда талабалар таълим олишлари учун яратилган шароитларни кўриб, ҳайратга тушдим: 400 нафар талаба учун мўлжалланган гигант аудиториялар маърузалар учун энг замонавий технологиялар билан таъминланган, ўқитувчи микрофон орқали маъруза ўқийди.

Лаборатория хоналарида ҳам энг сўнгги жиҳозлар. Ҳар бир хонада десктоп ёки лэптоп, планшетлар бор. Кутубхонаси жуда бой бўлиб, талаба исталган китобни қидирув тизими ёрдамида топиши ва истаса 20-30 китобни ўзи билан олиб кетиши мумкин.

Кутубхоначиларнинг муомаласи жуда ажойиб, атрофингизда парвона бўлиб, истаган маълумотингиз: у хоҳ китоб, хоҳ электрон кўринишдаги мақола бўлсин, уни топиб, ҳатто университет рамзи туширилган бепул полиэтилен пакетларга солиб беришади.

АҚШга грант доирасида келганимиз учун бизга ишлашга рухсат берилмади. Лойиҳадан мақсад – фақат кузатиш, ўрганиш, таққослаш, ўзлаштириш, ўзимизнинг таълим тизимига қўлдан келганча янгилик олиб кетишдир.

АҚШдаги ўқитувчиларнинг маоши талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичлари ва ўқитувчининг ўз устида ишлаши (масалан, илмий даража олиши) билан белгиланади. 10 минг доллар ва ундан юқори маош оладиган ўқитувчилар ҳам бор.

Имтиҳон топширишда инсон омили иштирок этмайди

– Талаба биздаги сингари бир семестрда 10-12талаб фанни ёпмайди. 2 ёки 3та, максимал равишда 4та мутахассислик ва бошқа фанларни ўз ихтиёрлари билан танлаб, имтиҳон топширишади. Агар илк имтиҳонлардан ўта олмаса, пул тўлаб, имтиҳонни қайтадан топширади. Шунинг учун ҳам талабаларнинг имтиҳондан ўтишга ҳаракати юқори.

Имтиҳон топширишда инсон омили иштирок этмайди. Бу эса ўз-ўзидан коррупция ва таниш-билишчиликка имкон бермайди. Таълим Blackboard тизимида олиб борилади. Мазкур платформа анча мукаммал ва замонавий бўлиб, барча маълумотларни сақлайди. Уни ўқитувчи ва талабанинг ўзаро мулоқот ойнаси десак ҳам бўлади. Тизимда ўтилиши керак бўлган мавзу, слайд, видеодарс, қўшимча маълумот, баҳс олиб бориш дарчаси, электрон китоблар мавжуд.

Blackboard орқали онлайн ўқиш имконияти ҳам бор. Унга топшириқлар ҳам жойлаштирилган. Имтиҳонлар ҳам шу тизим орқали олинади.

Ўқитувчи имкон даражасида ўз талабаларига оптимал таълим беришга ҳаракат қилади, чунки талабалар имтиҳондан ўта олишмаса, бу ўқитувчининг кўрсаткичига таъсир қилади. Яъни ўқитувчининг келажакда олий таълимда дарс бера олиш, олмаслиги талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичлари ва улардан олинган сўровномалар натижасига асосланади. Шунинг учун ҳам ўқитувчи ўз талабаларини максимал даражада қўллаб-қувватлайди.

Арканзас университетида қоғозбозлик йўқ. Бизнинг ОТМлардаги ўқитувчилар эса анчагина вақтини ҳужжат тайёрлаш учун сарфлайди, ҳатто айрим ҳолларда талабага дарс бериш иккинчи даражага тушиб қолади. Ўзим ҳам асосий иш вақтимда дарс беришдан ташқари ўқув ҳужжатларини тайёрлаш ва тасдиқлатиш билан овора бўлиб, ўз устимда ишлаш ва янгиликларни ўрганишга вақт топа олмас эдим.

Ишончим комилки, биз тайёрлайдиган ҳужжатларнинг кўпчилиги талабаларнинг билим олишини яхшилашга кўмак бермайди, аксинча таъсир этади.

Арканзас университетида ўзбекистонлик талабаларни учратмадим. Бироқ бизнинг талабалар учун ушбу университетга ўқишга кириш қийинчилик туғдиради, деб ўйламайман. Чунки IELTS'дан 6,5 балл тўплаб, кўплаб грантларни ютиб олишлари, бу ерга кириб, бакалавриат, магистратура, ва докторантурада таълим олишлари мумкин. Стипендия ҳам ойига 1000 доллар бўлиб, асосий харажатлар учун етади. Озиқ-овқат ҳам қиммат эмас.

Бу ерлик талабаларни дарсларда бизнинг талабалар каби фаол деб бўлмайди. Ҳар ҳолда, мен кузатувларим натижасида шундай хулосага келдим. Фикр билдириш ва ўқитувчи ўртага ташлаган саволларга жавоб бериш борасида америкалик ёшлар анча пассив. Ўзбекистонлик талабалар уйга берилган топшириқларни тўлиқ бажаришмаса-да, дарсларда жуда фаол эканликлари сездим. Таққослаганда тушундимки, бизнинг талабаларда шижоат анча кучли экан.

АҚШдаги ҳаёт

– Штатлардаги барча озиқ-овқат дўконларида табиий (органик) ва табиий бўлмаган маҳсулотлар сотилади. Органик маҳсулотлар бирмунча қиммат туради. Кўпчилик маҳсулотлар таркибида сода ва шакар миқдори кўплиги туфайли аҳоли семизликдан азият чекади.

Нью-Йоркда дунёнинг жуда кўп давлатларидан келган аҳоли улуши анча юқори. Буни кўриб, америкаликлар асосан бошқа штатларда яшашса керак, деб ўйладим. У ерда кўплаб ҳамюртларимизни учратдим. Асосан Бруклинда. Кўпчилиги грин карта орқали келишган. Уларникида меҳмон бўлиб, ҳаёт тарзлари билан қизиқдим.

Масалан, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган ўзбеклар эрта саҳар соат 4-5дан ярим тунгача ишлаб, чарчаган ҳолда уйга қайтишларига гувоҳ бўлдим. Гул сотувчи ватандошимиз эса тонг соат 6да дўконида бўлиб, тунги 10да уйига қайтади.

Уй учун тўловлар жуда қиммат. Масалан, ватандошларимиз ойига ўртача 2000–3000 доллар топишади. Уй учун тўловлар эса ўртача 1500-2000 долларни ташкил қилади. Машиналар ҳам жуда қиммат, асосан кредитга олишади. Яшаш жойи, коммунал хизматлар учун ойлик тўловлар ватандошларимизни тинмай ишлашга мажбур қилади. Мен меҳмонда бўлган юртдошларимизнинг хонадонлари ҳам кичик бўлиб, унчалик ҳам қулай эмас.

Америкадаги ватандошларимизнинг фикрига кўра, у ерда фарзандларнинг таълим олишлари учун шароитлар яхшироқ бўлса-да, АҚШда яшаш болалар тарбиясига унчалик тўғри келмас экан. Фарзандлар балоғатга етгач, ўз оиласидан алоҳидаланади. Бу эса бизнинг менталитетга тўғри келмайди. Уларнинг айтишича, болалар ўз юртида, яъни бобо-буви, маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қариндошлар меҳри билан улғайгани яхши.

АҚШда тиббиёт хизмати жуда қиммат. Кўпчилик ватандошларимиз Ўзбекистонга бориб, даволаниб қайтишларини айтишди. Масалан, АҚШда тишни даволатиш учун сарфланадиган пулга Ҳиндистонда юрак клапанини алмаштириш мумкин экан. Тиббий хизматларда суғуртадан кенг фойдаланилади.

Эътиборимни тортган жиҳат – АҚШда ота-оналар фарзандларини чиниқтиришлари бўлди. Озиқ-овқат дўконларидан бир неча килограмм муз сотиб олишади. Қиш мавсумида ҳам совуқ сувга муз солиб, ичишади. Болаликдан юпқа кийинтириш ва совуқда сайр қилишга ўргатишади. Балки шунинг учундир, грипп ва нафас йўллари билан боғлиқ шамоллаш нисбатан ҳолатлари кам.

Стажировка ўтаганим мавзусига қайтиб хулоса қилсам, сафарим давомида АҚШ таълим тизимининг илғорлиги ва мукаммалликка интилиши – ушбу давлатнинг ривожланишига асос бўлганини тушундим ва таълим сифатига жуда ҳавас қилдим. Биз ҳам таълимда тезроқ шу даражага етамиз, деб умид қиламан.

Гулзода Иброҳимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид