Қишлоқларда эса даромадли иш топиш осон эмас. Шу сабабли, бу ойларда қишлоқлардаги кўплаб хотин қизлар ва эркаклар пул ишлаб олиш учун пахта теримида қатнашади.

Kun.uz ҳар йили терим давом этаётган чекка қишлоқларга сафар қилади. Бу йил ҳам ижодий жамоамиз ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда пахта терими давом этаётган туманлардан бирига сафар уюштирди ва теримда қатнашаётган юртдошларимиз билан суҳбатлашди.

Манзилимиз Жиззах вилоятининг энг чекка туманларидан бири — Арнасой туманидаги Бўстон қишлоғи.

Комила Эгамова анча йиллардан бери пахта даласида. У кунлик топаётган даромади, тикувчилик касби ҳақида гапириб берди:

«Асли тикувчиман. Оила аъзоларимга, қўни-қўшниларга кўйлак тикиб бераман. Мавсумда озроқ даромадга эга бўлиш учун пахта теримига чиқаман. Топган пулимга сифатли тикув машинасини сотиб олмоқчиман. Ҳозир кунлик даромадим ёмонмас: бир кунда 100 минггача пул ишлаяпман».

Сайёра опа Исломова оиласи билан пахта теримида меҳнат қилишяпти. Ундан ташқари икки келини ҳам бор. Сайёра опанинг айтишича, бир кунда 80 кило пахта теради.

«Катта келиним пахта териб хонадонига чорва олмоқчи. Уларга алоҳида уй олишимиз керак. Ҳозир икки ўғлим ҳам бир уйда яшайди», – дейди у.

Суҳбатдошимиздан қишлоқ одамлари пахта теримидан ташқари яна қандай ишлар билан машғул бўлиши ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, арнасойликлар баҳорда асосан пахта чопиғига чиқишади, шунингдек, деҳқончилик билан шуғулланишади.

Пахтакорлар билан суҳбатлашиб бўлгунимизча кун ҳам яримлаб қолди. Тушлик вақти эълон қилингач, кимдир уйида қолган ишини битириш, яна кимлардир пахта даласида тамадди қилишга йўл олди. Биз эса тарозибон Бахтиёр акани суҳбатга тортдик:

«Бир кунда энг яхши теримчилар 150-160 килогача пахта теришяпти. Теримчиларга етарли шароит яратилган. Овқатни ошпазларимиз тайёрлаб беришади. Сувдан ҳам муаммо йўқ».