Ўзбекистон | 16:11 / 21.10.2020
7410
11 дақиқада ўқилади

Мамлакатни якқалам қилган тилим

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлди.

Ўзбек тили халқимизнинг энг катта бойлиги десак хато бўлмайди. Олимларимизнинг айтишича, ўзбек тилининг илк илдизлари эрамиздан аввалги минг йилликларга бориб тақалади. Айрим турколог олимлар дунёдаги энг қадимий ёзма манбалардан бири бўлган, қадимги шумер тилида битилган «Гильгамеш» достонини таҳлил қилишганида унда туркий тиллар, жумладан, бугунги ўзбек тилида ҳам фаол қўллаб келинаётган 300га яқин сўз ва сўз бирикмаларини аниқлашган. Қарангки, ҳозирги тилимиздаги оз, ёз, эр, қиз, буз, қуш, қош сингари сўзлар бундан 30-40 аср илгари ҳам ҳозиргидек кўринишда бўлган экан. Айни пайтда қадимги шумер тили бўйича тадқиқотлар давом этмоқда.

Даниялик олим Вильгельм Томсен 19 асрнинг 90-йилларида ҳозирги Мўғулистон ҳудудидан топган улкан ҳарсангтошлар сиртидаги битиклар аввалига турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Кейин улар туркий халқларнинг ҳозиргача аниқланган энг қадимий ёдгорликлари «Ўрхун битиклари» номи билан дунёга донг таратади. Бу битиклар 680–745 йиллар орасида, Турк ҳоқонлигининг «олтин» даврида руний алифбосида, эски туркий (кўктурк) тилда битилгани аниқланди. «Култигин», «Билга Ҳоқон» ва «Тўнюқуқ» битиктошларидан иборат ушбу обидалар Ер юзидаги барча туркий тилларнинг энг нодир намунаси бўлса-да, бу битиклар услуби, жозибаси, тиниқлиги ўзбек тили учун ҳам хослиги аниқ кўринади. «Билга ҳоқон битиги»даги «ҳоқонлиғ будун (эл) эрдим, ҳоқоним қани?» сингари иборалар тилимизнинг эски кўктурк тилига қанчалик ҳамоҳанг эканини кўрсатади.

Эски ўзбек тили тарихда бугунгидан ҳам кенгроқ миқёсда ишлатилганини бир қатор тарихий манбалар исботлайди. Бу тил шарқда Хитойнинг марказий қисмидан тортиб, ғарбда Литва князлигига қадар, шимолда Олтин Ўрдадан жанубда то Мисрга қадар улкан ҳудудда муомалада бўлган.

Хитойнинг Цин империяси (1644-1911) даврида Хэбэй вилояти ҳудудида қурилган Ёзги тоғ саройининг дарвозасида хитой, мўғул, манчжур, чиғатой (эски ўзбек) ва тибет тилларидаги битиклар учрайди. Асосий дарвоза тепасида соф туркий тилда, настаълиқ хатида битилган «Равшан: ўртадаги дарвоза» деб ёзиб қўйилган. Олимларнинг айтишича, эски ўзбек тили Цинь империяси даврида ишлатилган бешта муҳим тилдан бири бўлган.

2012 йилда Миср миллий кутубхонасида Алишер Навоийнинг ўғуз лаҳжасида битилган қадимий девони топилди. Бу Эҳромлар юртидан топилган илк туркий манба эмас. Маълумотларга кўра, буюк ўзбек шоири Сайфи Саройи умрининг охирига қадар Мисрда яшаган, шу ерда ўзининг ўзбек тилидаги бир қатор шеър-у достонларини яратган эди:

Ўсиб тупроғим узра найзалар, мен эвдин айрилдим,

Ватандин бенишон ўлдим-да, ўзга юртга эврилдим.

Бир пайтлар туркий адабиётнинг ёрқин вакили Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» достони ҳам айнан шу ердан — Қоҳира кутубхонаси ертўласидан топилган. Қолаверса, бугунги кунда Қоҳира марказида «Узбакия» деб аталадиган тарихий маҳалла, шу ном билан аталадиган кўча, масжид, театр ва боғ ҳам бор.

... Эсимда: 2006 йилда бир гуруҳ ҳамкасблар билан Мисрга боргандик. Қоҳирадаги қадимий «Хон ал-Халилий» бозорида бир дўконга кирдик. Бир шеригимиз чиройли сувенирнинг нархини кўриб, менга деди:

– 20 фунт экан, сўранг-чи, 10 фунтга берармикин? Шунда бизни кузатиб турган сотувчи ўзбек тилида «ўн беш фунт бера қолинг» деса бўладими? Ўзга юртда юрганингда ўз тилингдаги калом қулоғингга жуда лазиз эшитиларкан. Маълум бўлишича, сотувчининг ота-боболари асли туркистонлик бўлиб, Мисрга келиб, ўрнашиб қолишган экан...

Суриянинг Дамашқ, Ҳалаб сингари шаҳарларида ҳам тарихий ўзбек маҳаллалари «ал-Узбакия» номи билан машҳур бўлган. Умуман, Яқин Шарқ давлатларида ўзбеклар яшайдиган мавзелар кўп учрайди.

Эски ўзбек тили асрлар давомида нафақат мусулмон мамлакатлари, балки Европа марказигача кириб борган. Бу тилдаги кўплаб матнлар Шарқий Европа, хусусан, ҳозирги Литва, Украина, Польша ҳудудларидан ҳам топилган. 1618 йилда Львовда босма усулда чоп этилган «Олқиш битиги» китобидан олинган мана бу парчага эътибор қилинг:

«Бермагин бизни синамоғлиқға,

Йўхса қутқар бизни ёмондан,

Зеро, сенингдур хонлиқ-да, қувват-да,

Сенга ҳайбат мангулик...»

Маълумотларга кўра, Шарқий Европа ҳудудида яшаган, туркийлашган поляк, арман ва литваликлар ўзаро мулоқот тили сифатида қипчоқ лаҳжасидаги эски ўзбек тилидан фойдаланишган, ҳатто шу тилда ибодат қилишган, дуо ўқишган.

Амир Темур салтанати (1370-1405) даврида Буюк соҳибқирон асосий фармон ва қарорларни, келгуси авлод учун яратилган тошбитикларни ҳам эски ўзбек тилида битишга кўрсатма берган, «Темур тузуклари»нинг илк нусхаси ҳам она тилимизда битилган эди. Айрим тарихчиларнинг айтишича, мана бу соф ўзбекона мисралар Соҳибқироннинг шеърий иқтидори маҳсули бўлган экан:

Ёрға еткур сабоким, макр қилмишдур манга,

Қилди эрса кимга макрин, қайтадур бир кун анга!

Амир Темур 1391 йил Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонга қарши юриш қилган чоғида ҳозирги Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти ҳудудидаги Улуғтоғ этакларида тошда битиб қолдирилган ушбу битиклар тилимиз соҳибқирон пайтида қанчалик тиниқ ва жозибали бўлганини кўрсатади:

«Тарих етти юз тўқсон учинда, қўй йили ёз ойи ораси Туроннинг султони Темурбек уч юз минг черик била ислом учун Тўхтамишхон — Булғор хониға (қарши) қарши юрди. Бу ерга етиб, белги бўлсун деб бу ўбани қўпорди. Тангри нусрат бергай, иншооллоҳ. Тангри эл кишига раҳмат қилғай, бизни дуо била ёд қилғай».

Назм мулкининг султони Мир Алишер Навоийнинг ўзбек тили тараққиётида қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳар қанча гапирсак оз.

Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам,

деганда буюк шоир тилимизнинг ўз даврида нуфузи, обрў-эътиборини юксалтиришга жуда катта ҳисса қўшганини ҳақли равишда эътироф этган эди. У ўзининг бой мероси билан туркий тиннинг бошқа тиллардан устун жиҳатларини ҳам амалда кўрсатиб берди. Навоий «Муҳокаматул-луғатайн» асарида туркий тилнинг афзал жиҳатларига урғу бериб, ўзга тилни афзал билган шоир-у фозиллар ҳақида таассуф билан шундай деган эди:

«Бу халқ орасидин пайдо бўлғон табъ аҳли салоҳият ва табъларин ўз тиллари турғоч, ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди ва ишга буюрмасалар эрди. Ва агар иккаласи тил била айтур қобилиятлари бўлса, ўз тиллари била кўпрак айтсалар эрди ва яна бир тил била озроқ айтсалар эрди...»

Таассуфки, ўша даврларда ҳам тилимизнинг буюклиги ва бойлиги, гўзал ва бетакрорлигини тўла англамаган, унинг қадрига етмаган инсонлар бўлган экан. Бугун қувонч билан таъкидлай оламизки, ўзбек тили ўзининг қаддини кўтармоқда. Ер юзидаги етти мингга яқин тил ичида ўзбек тилининг ўз ўрни, нуфузи ва эътибори борлиги барчамизни қувонтиради.

Бизнинг она тилимиз мансуб бўлган туркий тиллар оиласига 30дан ортиқ тиллар киради ва уларда Ер юзида 250 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Дунё миқёсида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг умумий сони 50 миллионга етади.

Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлган 100га яқин тилларнинг бири экани ҳам қалбимизда фахру ғурур уйғотади. Агар дунёда 7000га яқин тил ва лаҳжалар мавжудлигини эътиборга олсак, бу ёмон кўрсаткич эмас. Ҳолбуки, дунёда давлат тили мақомига эга бўлмаган, аммо юз миллионлаб кишилар сўзлашадиган тиллар ҳам бор.

2019 йил 21 октябрь куни давлатимиз раҳбари «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унга биноан, «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди.

Яқинда Ўзбекистон президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида инсоният олдида турган энг муҳим масалалар хусусида ўзбек тилида нутқ сўзлагани тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқейини мустаҳкамлаш йўлида яна бир қадам бўлди.

Бир пайтлар Доғистоннинг буюк фарзанди Расул Ҳамзатов ўз она тили ҳақида ёзаркан:

Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам,

Она тилим менга муқаддас буюк,

деган эди. Не бахтки, бизнинг она тилимиз жаҳон минбаридан ҳам жаранг сочди. Бинобарин, бугунги кунда ҳам бир ўзбек Расул Ҳамзатов ҳам орзу қилган шарафга эриша олди, дейиш мумкин.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди. Мазкур фармонда  2025 йилгача давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини кенгайтириш, янги дарслик ва қўлланмалар, электрон дастурлар яратиш, хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини кўпайтириш сингари муҳим вазифалар ўрин олган.

Давлат тили унинг барча рамзлари каби муқаддас саналади. Яқинда кучга кирган янги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишни истаган шахс давлат тилини лозим даражада билиши кераклиги белгилаб қўйилди. Бундай тартиб дунёнинг кўплаб давлатларида жорий қилинган. Қўшни ва қардош халқларнинг давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларида ҳам ҳар бир фуқаро учун давлат тилини билиш шарт қилиб белгиланган. Шундай экан, ўзини шу тупроққа дахлдор деб билган ҳар бир инсон давлат тилини ҳурмат қилиши, бу борадаги қонун ҳужжатларига риоя этиши керак бўлади.

Рустам Жабборов,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Мавзуга оид