Махсус шифохона қандай қурилган?
Зангиота-2 шифохонаси директори Дониёр Миразимовнинг Kun.uz’га билдиришича, шифохона айнан коронавирус беморларини даволаш учун махсус лойиҳалаштирилган ва қурилган. Шифохона илк беморларни 6 июлдан қабул қила бошлаган. Шунингдек, вирусга қарши курашда тақсимот марказлари ҳам ташкил этилган. Масалан, Тошкент шаҳридаги «Экспо марказ», «Ёшлик», «Атлас»даги марказлар. Бу ерда ташхис ва вақтинча даволаш усуллари қўлланилади. Бундан кейин, муолажа учун йўлланма берилади. Махсус шифохоналарда эса беморларни даволаш учун имконият ва тажриба каттароқ.


«Бу ерда палаталар бокс услубида ташкил этилган, яъни унга бемор ташқари эшикдан киритилади. Бемор умумий йўлакда юрмайди, бошқа беморлар билан гаплашмайди. Даволаниш тугагач, яна ташқари эшикдан чиқариб юборилади», — деди у.
Шифохона директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Нурилло Тожиддиновнинг маълум қилишича, 18 гектар майдонга қурилган шифохона тўла қуввати 2 минг ўринга мўлжалланган. Айни пайтда унда 1,2 мингта ўрин фаолият кўрсатяпти. Тожиддинов бокс услуби қандай бўлиши ҳақида батафсил маълумот ҳам берди.
«Биноларнинг ҳаммаси бокс услубида қурилган дейилиши сабаби — палаталарнинг ҳар икки томонида эшиги бўлади. Бир эшик ташқари ҳовли томондан очилган, қабул бўлимидан чиққан бемор тез тиббий ёрдам машинасида шу эшик орқали палатага киритилади ва даволашдан сўнг олиб чиқилади. Иккинчи эшик умумий коридорга олиб чиқади ва анъанавий кўринишдаги палатанинг эшиги бўлади. У орқали фақат шифокор кириб чиқиши мумкин. Ҳар икки эшик орасида кичик масофадан сўнг иккиламчи эшик бўлиб, бири ёпилмай, иккинчиси очилмайди», — деди у.


Директор Миразимовнинг таъкидлашича, COVID-19 ҳали кўп ўрганилмаган, аммо шу нарса аниқки, вируснинг вирулентлиги жуда юқори, бошқача айтганда жуда юқумли вирус.
«Шу туфайли, ҳаводаги томчи зарра орқали юқиши муҳим аҳамиятга эга. Зангиота комплексида ламинар ҳаво алмашинув тизими жорий этилган. Ҳавони бундай шамоллатадиган тизим Марказий Осиёда ҳам йўқ. Бундан мақсад – бемор ётган хонадаги ҳаво доимо алмашиб туриши керак. Хонага эса гепафилтрдан ўтган ҳаво киради. Шартли равишда буни стерилланган ҳаво дейиш мумкин», — дея қўшимча қилди у.

















