Ўзбекистон | 09:02 / 10.11.2020
4266
3 дақиқада ўқилади

IT-паркнинг фаолият юритиш тартиби такомиллаштирилди

Фото: IT-парк

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек Ҳукуматнинг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
 
Ҳужжатда IT-парки Дирекциясига юкланган вазифаларни амалга ошириш доирасида малакали мутахассисларни, шу жумладан чет эллик мутахассисларни маслаҳатчи сифатида шартнома асосида тендер савдолари ўтказмасдан жалб қилишга, истисно тариқасида, рухсат берилади. Энди Дирекция штатлар жадвалини мустақил равишда ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартларини бажариладиган ишларнинг мураккаблик даражаси, сифати ва ҳажмига нисбатан табақалаштирилган тарзда белгилаши мумкин.
 
Norma’нинг ёзишича, қарор билан Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартиришлар тасдиқланди. Уларда Технопаркни ташкил этишни такомиллаштириш, юридик шахсларни резидент сифатида рўйхатдан ўтказиш, улар учун солиқларни ҳисоблаш, божхона таомиллари, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби, шунингдек истиқболли стартап-лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш тартиби белгиланди.
 
Технопарк резиденти сифатида рўйхатдан ўтган шахслар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш бўйича банд киритилди. ITни ривожлантириш соҳасида экстерриториаллик принципи асосида максимал даражада қулай шароитларни яратиш учун резидентлар республиканинг бутун ҳудудида жойлаштирилади.
 
Технопарк резидентларининг мақоми билан танишиш, Дирекция ва унинг резидентларининг ўзаро алоқада бўлиши учун юридик шахсларнинг ҳужжатлари, шу жумладан ҳисоботлар, хулосалар, бизнес-режалар ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш учун Дирекциянинг расмий сайти очилади.

Эксперт кенгашининг низоми аниқлаштирилади: у Дирекция ҳузурида ташкил этилган орган бўлиб, резидент мақомини олиш учун ариза берган юридик шахслар ва резидентларнинг бизнес-режаларини таҳлил қилиш мақсадида вазирликлар ва идоралар, илмий муассасалар, олий таълим муассасалари малакали мутахассислари ва бошқа мутахассислардан ташкил топади. Эксперт кенгашининг фаолият юритиш тартиби Дирекция томонидан белгиланади.
 
Қарорда молиялаштириш манбалари белгиланган. Молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Технопарк резидентларининг Дирекцияга ҳар ойлик жами даромадидан 1 фоиз миқдорида ўтказиладиган ажратмалари;

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

Дирекцияга бириктирилган кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари;

стартап-лойиҳаларни венчур молиялаштириш натижасида олинган даромадлар;

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг таркибий бўлинмалари маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
 
Қабул қилинган ҳужжатда Технопарк Дирекциясининг резидентларни рўйхатга олиш ишини ташкил этишнинг такомиллаштирилган схемаси келтирилган. Аризаларни кўриб чиқиш ва турли таомиллар муддатлари қайта кўриб чиқилган ва анча қисқартирилган.

Мавзуга оид