Шавкат Мирзиёев ШҲТда савдо-иқтисодий алоқаларни жонлантириш бўйича таклифлар билдирди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити сўз олиб, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича таклифларини билдирди.
Президент томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, пандемия салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида ШҲТнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва саноат кооперациясини рағбатлантириш бўйича узоқ муддатли ҳужжатларини қабул қилиш орқали савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кучайтириш таклиф этилди.
«Ҳурматли ҳамкасблар! Бугунги кунда ШҲТ ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турибди. Савдо-иқтисодий алоқаларнинг кескин қисқариши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизликнинг ортишига олиб келган пандемия ривожланишимиз суръатларига жуда салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бир қаторда, дунёнинг айрим минтақаларида ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашяпти, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар кучаймоқда. Ушбу глобал хатар ва таҳдидларни яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналаримизни асраш ва кўпайтириш йўли билангина енгиб ўтиш мумкин.
Умумий қадриятимиз, биргаликда тараққиётга интилишимиз, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурматимиз ифодаси бўлган кўп томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси – «Шанхай руҳи»ни мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим.
Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ ҳам кучли бўлади. Бунинг учун бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, кун тартибимиздаги асосий масалаларга биргаликда муроса излашимиз муҳимдир. Бугун айнан шундай ёндашув Евроосиё маконида хавфсизлик, барқарор тараққиётни таъминлашнинг бош шартига айланмоқда. Бу мамлакатларимиз халқларининг манфаатлари ва интилишларига мосдир», деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ШҲТнинг долзарб вазифалари юзасидан тўхталиб ўтган.
«Биринчидан. Иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари алоҳида эътиборни талаб қилмоқда.
Асосий мақсадимиз – савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини жонлантириш.
Бунга эришишнинг энг самарали усули ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларни уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, мамлакатларимиз ўртасидаги электрон тижоратни ривожлантириш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришни назарда тутадиган инқирозга қарши қўшма дастурларни амалга оширишдан иборатлигига ишонаман.
Пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни ривожлантиришга янги, шу жумладан «ностандарт» ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этаман.
Ушбу дастурлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича ШҲТ режасининг асоси бўлиши лозим.
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳаётий муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасида Саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурини қабул қилиш тарафдоримиз.
Иккинчидан. Пандемия рақамлаштириш жараёнини тезлаштирди. Ахборот технологиялари иқтисодий ўсиш «драйвери»га айланиб бормоқда.
Ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф этаман.
Ушбу саммитнинг Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликка доир баёноти ўз вақтида қабул қилинмоқда, деб ҳисоблаймиз», дейди давлат раҳбари.
Ўзбекистон раҳбари камбағалликни қисқартириш масалаларида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг долзарб аҳамиятини алоҳида қайд этди. Ташкилот доирасида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари йиғилишлари механизмини яратиш ва тегишли дастурий ҳужжат тайёрлаш таклиф этилди. Камбағалликка қарши курашиш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатимиз халқаро форум ўтказишга тайёр экани билдирилди.
«Учинчиндан. Бугунги шароитда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартиришга йўналтириш муҳимдир.
Бу борадаги ҳамкорлигимизни мувофиқлаштириш мақсадида қашшоқликка қарши курашиш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг йиғилишларини ўтказиш механизмини яратиш зарур, деб ўйлайман.
ШҲТга аъзо давлатларнинг ушбу йўналишдаги ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича келишилган чораларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда халқаро форум ўтказишни таклиф этаман.
Ушбу ташаббусни рўёбга чиқаришда Хитой Халқ Республикасининг муваффақиятли тажрибаси фойдали бўлишига ишонаман», деган Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
06:15 / 20.08.2023
Шавкат Мирзиёев Будапештда Виктор Орбан билан учрашув ўтказди
20:36 / 18.08.2023
Президент тадбиркорлар учун қандай енгилликларни эълон қилди?
14:23 / 18.08.2023
«Кудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу» — Шавкат Мирзиёев қарсак чалган тадбиркорлар солиқчилардан норозилиги ҳақида
16:12 / 12.09.2022