Маълумот учун, Ўзбекистонда 2020 йилга қадар 1997 йил 29 августда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида таълим тизимидаги босқичлардан бири сифатида ўрта махсус касб-ҳунар таълими номли профессионал таълим тизими амал қилди. Унга кўра, ўқувчилар 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълимни ўзлаштириш белгиланган эди.

Холмуҳаммедовга кўра, президент Мирзиёев томонидан 2019 йил 6 сентябр куни имзоланган «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон бўйича аввалги, 23 йил амалда бўлган таълим тизими ҳам қайта, танқидий таҳлил қилинган. Бу таҳлилда эса тизим, унинг ёшлар, умуман, халққа қанчалик хизмат қилаётгани ўрганилган.

«Биз икки-уч йиллик ўрганиш давомида халқаро ташкилот, институтларнинг мутахассислари ва вазирликлар билан аввалги тизим ўрнига профессионал таълим тизими жорий қилишни ҳам келишиб олдик.

Хўш, биз йўлга қўйган янги профессионал таълим тизими аввалги касб-ҳунар таълим тизимидан нимаси билан фарқ қилади?

Жавоб шундай бўладики, аввалги таълим тизими бир хил қолипда, бир хил стандартда ишлайдиган ва давомийлиги 3 йил бўлган ўрта-махсус касб-ҳунар коллежларида ўтказиларди», – деди вазир ўринбосари 16 ноябр куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Муродилла Холмуҳаммедов ўз нутқи давомида, шунингдек, Ўзбекистонда амалга киритилаётган ҳозирги, янги таълим шакли бўйича ҳам тушунтириш берди.

«Бу янги таълим шакли 3 йўналишга бўлинади.

Биринчи йўналиш – касб-ҳунар мактаблари.

Ўқувчилар юқори синфда бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида касбий тайёргарликдан ўтади. Касб-ҳунар мактабларининг сони 339 та қилиб белгиланди.

Биз касб-ҳунар мактабларига биринчи бор қабулни амалга оширдик ва ҳозир ўқув жараёнлари давом этяпти.

Иккинчи йўналиш — идоравий коллежлар.

Охирги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларига фаол тарзда катта инвестициялар киряпти. Бу инвестициялар бўйича жойларда қилинаётган лойиҳаларнинг барчаси янги инновацион технологияларда иш юритишга асосланган. Янги очилаётган иш ўринлари ҳам янги технологияларга асосланади.