«Психологлар улар билан ишлаганида вазият бошқача бўларди». Наманганда ўзини ёқиб юборган аёл воқеасига муносабат билдирилди
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Феруза Эшматова Kun.uz мухбири билан суҳбатда Наманганда мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёл воқеаси юзасидан муносабат билдирди.
Қўмита расмийсининг айтишича, бу жараёнда маҳалла фаоллари билан бирга психологларни жалб қилиш вазиятни ўзгартириши мумкин эди. Қолаверса, аксарият хотин-қизлар ҳуқуқларининг бузилиши улар ўз ҳуқуқларини билмаслиги оқибатида ҳам келиб чиқмоқда.
«Наманганда бўлган нохуш ҳолатни биз ҳам ўргандик. Ҳозирда жараён қандай бўлгани бўйича тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Лекин барибир ўша ердаги масъулларнинг ҳам масъулиятини озгина кучайтириш керак бўлади. Биз ҳар доим айтамиз, бу каби вазиятларда психологлар ҳам яхши ҳаракат қилишлари керак! Мана шундай муаммолар бор экан, психологларни жалб қилиш лозим. Агарда психологлар улар билан ишлаганида вазият анчагина бошқа томонга ўзгарган бўларди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда ишлаш керак эди.
Хотин-қизларимизнинг тадбиркорликдан, чиқарилаётган қонунлардан, уларга яратилаётган имкониятлардан хабардорлиги паст. Улар билан ишлашимиз, ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишимиз керак.
Тўғри, бу йўналишда вазирликлар, Сенат, Қонунчилик палатаси ва бошқа ташкилотлар ишлаяпти. Лекин барибир олдимизда бажарилиши зарур бўлган вазифалар кўп.
Умуман олганда, аёллар ҳуқуқларининг бузилиши айнан бехабарлик оқибатида келиб чиқмоқда. Кўп мавзулар ижтимоий тармоқлар, телевидение орқали очиқ-ойдин муҳокама қилиняпти. Бунинг натижасида айтилган муаммолар сенаторлар томонидан ўша жойга бориб ўрганиляпти. Лекин барибир ҳали олдимизда турган муаммолар кўп», деди қўмита раиси.
Шунингдек, Феруза Эшматова таълим ва бир неча соҳаларда хотин-қизлар қамрови камлиги ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, бу жараёнга биринчи галда ота-оналар масъулдир.
«Ҳамма нарсани тарбиядан бошлашимиз керак. Уйда, мактабда, боғчада ҳам, умуман бола туғилганидаёқ шуни ўргатишимиз керакки, қиз фарзанд ҳам, ўғил ҳам бир хил ҳуқуқ ва имкониятларга эга. Айниқса, қизларнинг таълимига катта эътибор қаратишимиз керак. Уларнинг олий таълимга қамровини кўпайтиришимиз, китобга қизиқишини кучайтиришимиз лозим. Фарзандини ўқиш ва билимга йўналтиришга ота-она масъул ҳисобланади.
Ҳозир Ўзбекистонда қизларнинг олий таълимга қамрови ўғил болаларникига нисбатан кам. Тўғри, педагогика ва тил йўналишларида кўпроқдир, тиббиётда ҳам бор. Лекин ахборот технологиялари, юриспруденция, нефт-газ, энергетика соҳаларида хотин-қизларимиз сони кам», деб таъкидлади Феруза Эшматова.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35 / 11.11.2024
Наманганда тўёна кўринишида пора олган кадастр бўлими бошлиғи 5 йилга қамалди
09:30 / 07.11.2024