«Навоийазот»нинг салкам 6 минг ходими ишга велосипедда қатнамоқда
Айни пайтда «Навоийазот» корхонасида 12 минг нафарга яқин ишчи фаолият юритади. Уларнинг қарийб ярми ишга велосипедда қатнайди.
Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Тўлқин Алиқулов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
«Ҳозирда Навоий вилоятидаги давлат ва хусусий ташкилотларда 78 мингга яқин киши ишлайдиган бўлса, шунинг 10 минг нафарга яқини спорт билан мунтазам шуғулланади. Бу кам, албатта.
Навоий вилоятининг республикада такрорланмайдиган ўзига хос хусусияти бор. Мисол учун, «Навоийазот» корхонасининг 12 минг нафарга яқин ишчиси бўлиб, шунинг 6 мингга яқини велосипедда ишга қатнайди. Заводга кириш жойида велотураргоҳ мавжуд.
Навоий шаҳри кичик бўлгани учун такси хизматидан кўра велосипеддан фойдаланиш қулайроқ. Биринчидан, соғлиқ учун фойдали. Иккинчидан, ўзининг чўнтаги учун яхши»,-деди Тўлқин Алиқулов.
Ҳоким маслаҳатчиси аҳолини спортга жалб қилиш, бўш турган спорт иншоотларида тўгараклар очиш тўғрисида ҳам гапирди. Унинг айтишича, айни пайтда вилоятда 1809та спорт иншооти мавжуд. Мазкур биноларнинг 15-20 фоизидан тадбирлар ўтказиш учунгина фойдаланилади. Қолаверса, вилоят мактабларида малакали тренерлар ҳам етишмайди.
«Вилоятда спорт бўйича умумий таҳлилни ўрганганимизда, спорт мутахассислари ва чемпионларни етиштириб бериш учун умумтаълим мактабларида спорт заллари ва тўгараклар жорий этиш муҳимлиги аён бўлди. Ўрганишлар давомида шуни билдикки, ёшларни спортга жалб қилиш учун мактаб спорт залларида тренерларни кўпайтиришимиз керак. Лекин бизда бундай тренерлар етишмайди.
Санкт-Петербург шаҳрида бўлганимда аҳолининг аксарият қисмида семизлик кам учрашига гувоҳ бўлганман. Ўшанда туризм агентлиги раҳбаридан бунинг сабаби ҳақида сўраганимда, у фитнес клублар, тренажёр залларига йил бўйи чегирмалар берилишини айтди.
У ерда аҳолининг фитнес клуб ва залларга бориши учун давлат алоҳида дастур қабул қилар ва буни молиялаштирар экан. Шу сабаб аҳолига 30-40 фоизгача чегирмалар берилади. Спорт залларига йиллик қатнаш учун тўлов қилинадиган бўлса, арзимаган пул сарфланади. Худди шуни ўзимизда ҳам қўллашни таклиф қилган бўлардик.
Кўплаб спорт иншоотларимиз мавсумий бўлиб қолган. Уларда республика, вилоят ва туман даражасидаги тадбирлар ўтказилади. Бошқа пайтларда шундай иншоотларнинг 15-20 фоизга яқини бўш туради. Биз спорт бошқармаси билан маслаҳатлашиб, бўш турган иншоотларда тўгараклар жорий қилишни режалаштирдик. Ота-оналар ва тадбиркорларнинг маблағлари ҳисобига ёшларнинг спорт билан шуғулланишини ташкил қилмоқчимиз. Заллар атрофидаги аҳолини, ёшларни катта сумма қўймаган ҳолда спорт тўгаракларига жалб қилсак яхши самара беради. Чунки спорт иншоотларини балансда сақлаш бўйича ҳам харажатлар бор. Бу ҳам қайсидир маънода республика бюджетига юк. Тўгараклар ташкил қилиб мана шу масалани ҳам ечса бўлади. Ҳозирда бу борадаги ишларни бошладик. Туманлардаги вакилларимизга айтдик, 2021-2022 йилларда шундай тўгаракларни йўлга қўямиз.
Албатта, давлат томонидан спортга катта эътибор берилади, спорт иншоотлари таъмирланади ва катта маблағ ажратилади. Лекин бу етарли эмас. Бу жараёнга хусусий тадбиркорларни ҳам кўпроқ жалб қилишимиз керак. Ҳозир аҳолига биринчи ўринда шароит яратиб берсак, спорт клублари, замонавий спорт мактаблари қуриб берсак, аҳолини тарғиб қилиб, уларни спортга жалб қилиш мумкин.
Биз спорт билан мунтазам шуғулланмаганимиз учун айрим турдаги касалликлар келиб чиқади. Ўша касаллик ҳам охирги босқичга етганидан кейингина шифокорга мурожаат қиламиз. Шифокор «кечикиб келибсиз, кеч бўлибди» деса, унга ҳам жаҳл қиламиз. Аслида спорт билан шуғулланиш инсонни кўп касалликлардан асрайди», деди ҳоким маслаҳатчиси.
Маълум қилинишича, Навоий вилоятининг аҳолиси 1 млн нафардан ортиқроқ. Шундан 13 фоизи мунтазам спорт билан шуғулланади. 2021 йилда мазкур кўрсаткични 20 фоизга етказиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
22:55 / 02.11.2024
Японияда энди велосипед ҳайдаш вақтида телефондан фойдаланган шахслар қамалади
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024
Навоий давлат университети ташкил этилди
21:16 / 31.10.2024