Хоразм вилояти, Урганч тумани, «Оқариқлар» маҳалласи ҳудудидаги 1 гектар ерда уй-жойлар қурилиши бошланди. Ҳокимлик бу ерни фуқарога «енгил типдаги конструкцияли иссиқхона» учун ажратган эди.

Нима воқеа юз берди?

2020 йил 11 май куни Урганч тумани ҳокимлиги томонидан Шоҳнурбек Давлетовга «Енгил типдаги иссиқхона» қуриш учун ер майдони ажратиш ҳақида 1307қ-сонли қарор қабул қилинди. Уни туман ҳокими Фрунзе Шарипов имзолаган.

Қарорда Ж.Мангуберди массиви қишлоқ хўжалиги ер харитасининг 466қ ва 468қ контурларидан 43 бонитет баллга эга 1 гектар ер майдони доимий фойдаланиш учун Шоҳнурбек Давлетовга ажратилгани, фуқаро ер майдонида иссиқхона ташкил қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириши шартлиги, бу жойда зинҳор қурилиш қилмаслиги белгилаб қўйилган.

Бироқ айни пайтда бу ҳудудда ноқонуний уй-жой қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Шу ерда ишлаётган усталарнинг сўзларига кўра, 2021 йил бошига қадар барча ишлар якунига етказилади.

Ер ажратилишида Ер кодексига амал қилинмаган

«Оқариқлар» маҳалласидаги бу ерлардан сўнгги 20 йил давомида 146 оила томорқа сифатида фойдаланиб, қўшимча даромад олиб келаётган эди. Аммо шу йилнинг баҳорида ерлар давлат захирасига қайтариб олинди ва турли мақсадларда бошқа шахсларга ажратиб берилди. Ер кодексига кўра, бу жараённи амалга оширишда томорқа ер эгаларининг розилиги олиниши лозим.

Томорқаси олинганлар орасида шу маҳаллада яшовчи Абдураҳмон Хусинов ҳам бор. Унинг томорқаси Шоҳнурбек Давлетовга ажратиб берилган ерда жойлашган эди.

«Томорқа еримда қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Шундагина ер бошқа шахсга ажратиб берилганини билдим. Ҳозир у ерда уй-жойлар қурилмоқда ва аҳолига таклиф қилинмоқда. Томорқадан 20 йил давомида фойдаланганман, барча солиқларни тўлаганман», — дейди у.

Урганч тумани ер ресурслари ва давлат кадастри берган маълумотга кўра, ер майдонини Шоҳнурбек Давлетовга ажратиб бериш жараёнида фуқаро Абдураҳмон Хусиновнинг розилиги олинмаган.

Ваҳоланки, Ер кодексининг 23-моддасида эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади.