Ўзбекистон | 08:57 / 17.12.2020
2091
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ирригацияни ривожлантириш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давом эттирилади

Президент томонидан «Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.

Ҳужжатда таъкидланишича, Қорақалпоғистонда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўриб келинмоқда, натижада:

  • кейинги 3 йил ичида 47 минг гектардан ортиқ ерларнинг сув таъминоти яхшиланди;
  • кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 11,2 минг гектарга камайди;
  • 140 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди.

Қабул қилинаётган чора-тадбирларга қарамай, 44,9 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти паст даражада, 95,2 минг гектар суғориладиган майдонлар ўртача ва кучли шўрланган, мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги пастлигича қолмоқда.
 
2021–2023 йилларда минтақада мавжуд муаммоларни сифатли ва тўлиқ ҳал этиш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:

а) Ўзбекистон республика бюджети маблағлари ҳисобидан ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш ишларининг манзилли рўйхати;

б) қуйидагилар бўйича прогноз кўрсаткичлари:

  • маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ирригация тизимларини таъмирлаш ва тиклаш ишлари;
  • сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан суғориш тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишлари;
  • сув тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш;
  • сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувни ҳисобга олиш ва мониторинг юритишда рақамли технологияларни жорий қилиш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларида электр энергиясидан фойдаланишни рақамли технологиялар ёрдамида «онлайн» режимида назорат қилишни жорий этиш;
  • насос станциялари ва ирригация тизимлари каналларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий секторга бериш.

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси ва Қорақалпоғистон туманлари ҳокимларига юқорида кўрсатиб ўтилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича шахсий жавобгарлик юкланди. Ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини илмий-техник жиҳатдан таъминлаш бўйича ишчи гуруҳига қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • манзилли рўйхатда назарда тутилган лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган ишларни илмий-техник жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш;
  • ҳар бир лойиҳанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ресурс тежамкор ва ахборот технологиялари қўлланилиши бўйича хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • сув хўжалиги соҳасига илм-фан ютуқларини, сувни тежовчи технологиялар ва илғор тажрибаларни, сув хўжалиги ва сувдан фойдаланиш тизимини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий қилиш бўйича илмий ва услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • илмий-техника ютуқларини чоп этиш ҳамда ОАВ орқали тарғиб қилиш, семинарлар, республика ва халқаро миқёсдаги анжуманлар ташкил қилиш.

Мавзуга оид