Ҳозирда бизда иситиш тизимининг ўзи йўқ десак таажжубланишингиз мумкин. Аммо фактларга мурожаат қилсак, амалда деярли шундай бўлиб чиқмоқда. Мисол учун, Самарқанд шаҳрида бугун мингдан зиёд кўп қаватли уйларнинг фақат 54тасига иссиқлик берилади, холос. Каттақўрғон шаҳрида шу ҳам йўқ. Бошқа вилоятлардаги айрим шаҳарларда ҳам худди шу муаммо.

Бу йилги куз-қиш мавсумида тегишли ташкилотларнинг барчасига энг кўп мурожаатлар иситиш бўйича бўлаётгани аниқ. Оиласини совуқдан асраш масаласи ҳар икки хонадон соҳибидан бирининг оғир муаммосига айландики, муаммо Сенат ва президент тилига тушди.

Мутасаддилар газ ва электр таъминотидаги узилиш ва етишмовчиликлар сабаби ҳақда жуда кўп фикрларни айтишмоқда. Бироқ бу етишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири — деярли барча шаҳарларда марказлашган иссиқлик тизими ишдан чиққани билан боғлиқ.

Электр тармоқлари масъулларидан узилишлар ҳақда сўрасангиз «Агар истеъмолчилар электрдан фақат ёритиш ва маиший жиҳозларни ишлатиш учун фойдаланса, у ҳаммага етади», дейди. Табиий газ тармоғида ҳам шунга ўхшаш фикрлар бир неча марта билдирилди: «Газ аслида фақат овқат пишириш ва чой қайнатиш учун...». Аслида бу гапларда ҳам жон бор, айниқса, кўп қаватли уйларда табиий газ печлари билан уйни иситиш хавфли. Техник томондан мумкин ҳам эмас. Аммо иссиқлик таъминотининг ўзи бўлмагач, халқда бошқа танловнинг ўзи қолмади.

Дарвоқе, айнан иситиш тизими йўқлиги учун ҳам кунда-кунора қайсидир ҳудуддаги хонадонда бутун бир оила аъзолари ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақда эшитяпмиз. Чунки юқорида айтилганидек, уйлар аслида иссиқлик тармоғи орқали иситилиши керак (эди).

Газ ва электр етишмаслиги ҳақда ҳар сафар савол берилганда мутасаддилар бунга жавобан олдинги йиллардагига қараганда кўпроқ табиий газ ва электр берилаётганини айтишади. Олдингидан кўп берилаётган бўлса-да, нега етмаётганини энди тушунаётгандирсиз? Ўз вақтида алоҳида эътибор берилмаган, катта маблағ ажратилмаган, сақлаб қолинмаган бу тизим бугун коммунал соҳанинг деярли издан чиқишига сабаб бўлмоқда.

«Унутилган», «эътиборсиз қолдирилган» каби гаплар билан ҳукм чиқаришнинг ўзи бўлмайди, албатта. Шунинг учун Самарқанд шаҳри мисолида иссиқлик таъминоти аҳволига кўз югуртирамиз.

Сиз суратларда кўриб турган иссиқлик қозонхонаси 1962 йилда қурилган. Бир вақтлар мана шу иншоотнинг ўзи Сартепадан Регистонгача бўлган (шаҳарнинг қарийб ярми) кўп қаватли уйлар ва корхона ташкилотларни иссиқлик билан таъминлаган: 381та кўп қаватли уйлардаги 22 мингга яқин хонадон иситилган. Йиллар давомида иссиқлик трассаси, ички тармоқлар ва иншоотнинг ўзи эскириб ишдан чиқа бошлаган, шунча давр мобайнида тармоқлар деярли янгиланмагани сабабли иситиладиган уйлар сони тобора қисқариб бораверган.