23:46 / 22.12.2020
3907

Ёпиқ муассасалар тарбияланувчилари жамиятда дуч келаётган муаммолар маълум қилинди

Болаларнинг ёпиқ муассасаларга тушишига оилалардаги носоғлом муҳит ва ҳал қилинмаган ижтимоий муаммолар асосий сабаб бўлмоқда.

22 декабр куни ЮНИСЕФ ҳамда Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкорлигида нотинч ҳудудлардан қайтган болаларни, меҳнат муҳожирларининг фарзандларини, ихтисослашган ўқув-тарбия муассасаларини тарк этаётган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятга қайта мослаштириш мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, унда ёпиқ муассасаларни тарк этган ўспирин ва ёшлар оила ва жамиятга қайтгач дуч келаётган асосий муаммолар ҳақида сўз борган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги олиб борган ўрганишларга кўра, ёпиқ муассасалардан чиққан ёшларни асосан қуйидаги муаммолар қийнайди:

  • носоғлом оилавий муҳит (жумладан, оиладаги зўравонлик ҳолатлари);
  • оила ва мактаб томонидан рад этилиш ҳолати, айниқса оила ва мактаб боланинг муассасага тушишига сабаб бўлган бўлса;
  • бола ҳаётида қўллаб-қувватловчи, тушунадиган ва ҳимоя қиладиган оила аъзоси, қариндошнинг етишмаслиги;
  • доимий уй-жой йўқлиги, шароит оғирлиги ва даромад етишмовчилиги;
  • ўқишни давом эттириш ёки иш топиш учун имкониятларнинг етишмаслиги;
  • меҳнат ёки жинсий эксплуатация хавфи, одам савдоси қурбонига айланиш хавфининг борлиги;
  • спиртли ичимликларга, гиёҳванд ва психотроп моддаларга ружу қўйиш хавфи;
  • қизларда исталмаган эрта туғуруқ хавфи;
  • ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этиш ва оқибатда озодликдан маҳрум бўлиш хавфи.

Вазирлик вакили Нилуфар Камилова болаларнинг ёпиқ муассасаларга тушишининг асосий сабабларини санаб ўтди.

«Ўрганишлар давомида олинган хулосаларга кўра, болаларнинг ёпиқ муассасаларга тушишига оилалардаги носоғлом муҳит, ҳал қилинмаган ижтимоий муаммолар, таълим муассасаларининг барча болалар эҳтиёжини қондира олмаслиги, маҳалла атрофидаги ўспирин гуруҳларнинг таъсири сабаб бўлмоқда», деди у.

Билдирилишича, ёпиқ муассасаларни тарк этган ёшлар ва ўспиринларни ҳаётга реинтеграция қилиш бўйича кейс-менежмент – ҳар бир боланинг ҳолатидан келиб чиқиб, у билан ишлашда алоҳида стандартларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Top