Жаҳон | 10:04 / 24.12.2020
36638
4 дақиқада ўқилади

Пандемия вақтида соғлиқни сақлаш соҳасида 50 нафар янги миллиардер пайдо бўлди  

Фото: Getty Images

Дунёда пандемия бошидан бери соғлиқни сақлаш соҳасида 50 нафар янги миллиардер пайдо бўлди. Улар коронавирусга қарши вакциналар, тиббий қурилмалар ва дорилар учун идишлар ишлаб чиқарувчи компанияларга эгалик қиладилар.   

Forbes нашрининг маълум қилишича, бу кишиларнинг бойлиги вакцина ишлаб чиқарувчи ва тиббий қурилмалар етказиб бериш билан шуғулланувчи компаниялар акциялари қимматлашиши эвазига ортган. Янги миллиардерлардан аксарияти вирус тарқалиши бошланган Хитойда яшайди.

Қуйида пандемия вақтида миллиардерлар даражасигача бойиган бир қатор кишилар ҳақида маълумот келтирилган. 

Угур Шахин – BioNTech немис биотехнологик компанияси бош директори. Ушбу компания АҚШнинг Pfizer компанияси билан бирга коронавирусга қарши самарадорлиги 95 фоизни ташкил қилувчи вакцинани ишлаб чиқди. Компания акциялари нархи йил бошидан 160 фоизга ўсган. Бунинг ортида BioNTech’нинг 17 фоиз акциясига эга бўлган Шахиннинг бойлиги 4,2 млрд долларга етди. 

Стефан Бансел – АҚШнинг Moderna компанияси раҳбари. Ушбу компания ҳам коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиққан. Ушбу вакцинани ҳам Pfizer вакцинаси каби АҚШда қўллашга рухсат берилди. Йил бошидан бери Moderna акциялари нархи 550 фоизга ошган. Банселнинг айни вақтдаги активлари 4,1 млрд долларга баҳоланмоқда.   

Юан Липин – Shenzhen Kangtai Biological Products компанияси бошқарув раиси Ду Вэйминнинг собиқ рафиқаси. Аёл эри билан ажрашгандан кейин Хитойда вакцина ишлаб чиқариш бўйича етакчи компаниянинг 24 фоиз акциясини қўлга киритган. Йил бошидан бери компания акциялари нархи 90 фоизга, Юаннинг бойлиги эса 4,1 млрд долларгача ўсган.  

Ху Кун – Хитойнинг Contec Medical Systems компанияси раҳбари. Компания тиббий қурилмалар, жумладан небулайзерлар, стетоскоплар ва тонометрлар ишлаб чиқаради. Августда Ху Кун компанияни Шэнчжэн биржасига олиб чиққан. Хуга компаниянинг 50 фоизга яқин акцияси тегишли. Акциялар нархи IPO ўтказилгандан кейин 150 фоизга ошган. Хунинг айни вақтдаги бойлиги 3,9 млрд долларга баҳоланмоқда. 

Карл Хансен — Канаданинг AbCellera компанияси раҳбари. Компания сунъий онг ва машинавий ўқитиш технологиялари ёрдамида антитаналар қўллаган ҳолда даволашнинг энг истиқболли усулларини излаш билан шуғулланади. Forbes’нинг баҳолашича, Хансеннинг бойлиги 2,9 млрд долларга тенг. 

Тимоти Спрингер - Moderna ҳамасосчиси. Унинг компаниядаги улуши 3,5 фоизни ташкил қилади ва тахминан 1,6 млрд долларга баҳоланади. Бундан ташқари, Спрингер бир қатор бошқа биотехнологик компанияларга сармоялар киритиб келади.    

Сержио Стеванато – Италиянинг Stevanato Group компанияси раҳбари. Компания дунёда шиша флаконлар ишлаб чиқарувчи 2-рақамли компания ҳисобланади. Маълумотларга кўра, компания ишлаб чиқарадиган идишлар коронавирусга қарши 40тадан кўпроқ вакцина учун қўлланади. Стеванато бойлиги 1,8 млрд долларга баҳоланади.

Аввалроқ Forbes 2020 йил якунларига кўра 2200дан кўпроқ миллиардер йил давомида 1,9 трлн долларга бойиганини, уларнинг умумий бойлиги 11,4 трлн долларга баҳоланаётганини маълум қилганди.  

Мавзуга оид