Ўзбекистон | 17:44 / 07.01.2021
4623
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон, АҚШ ва Қозоғистон «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» ташаббуси йўлга қўйганини маълум қилди

«Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» ташаббусини йўлга қўйиш тўғрисида Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг қўшма баёноти эълон қилинди.

Фото: uz.usembassy.gov

Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» ташаббуси йўлга қўйилганлигини эълон қилди. Иштирокчилар бошқа мамлакатларнинг минтақавий иқтисодий шериклик ва фаровонликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу ташаббусга қўшилишларини олқишлайди, дейилади ҳукуматлар томонидан билдирилган баёнотда.

«Мазкур ташаббус орқали АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC), Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Қозоғистон Республикаси ҳукумати манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилувчи «Остона» Халқаро молия маркази, Марказий Осиё ва минтақадаги хусусий сектори ўсишига ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун беш йил ичида камида 1 миллиард доллар маблағларини жалб этиш мақсадида барча имкониятларни ишга солишади», – дейилади қўшма баёнотда.

Таъкидланишича, «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги»нинг мақсади халқаро инфратузилма сифат стандартларига жавоб берадиган ҳамда инклюзив, шаффоф ва барқарор инвестициялар ҳажмининг ўсишига кўмаклашувчи хусусий сектор соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришдан иборат бўлади. Шундай қилиб, шериклар лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ҳисса қўшади ва минтақага қўшимча хусусий инвестициялар кириб келишини фаоллаштиради.

Қўшма баёнот матни «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» АҚШнинг Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳаётга татбиқ этишдаги муҳим қадам эканлиги қайд этилган.

«C5+1» платформаси орқали амалга оширилаётган ушбу ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва ўсишини таъминлаш мақсадида савдо-сотиқни ошириш, комплекс ривожланишни рағбатлантириш ва кўп томонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун барча мавжуд имкониятлардан фойдаланишга интилади.

Минтақа COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатларини енгиб ўтишга интилар экан, бундай ҳамкорлик ва барқарорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ», – дейилади баёнотда.

Мавзуга оид