Президент мурожаатномаси ва Ёшлар форумида берган топшириқлар бажарилиши учун қанча маблағ сарфланиши маълум қилинди
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур вазифалар ижроси учун 41 триллион сўмга яқин маблағ сарфланади. Шундан 20 триллион сўмдан ортиғи республика бюджетидан ишлатилиши зарур.
Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров Ўзбекистон президентининг парламентга мурожаатномаси ва Ёшлар форумида белгилаган топшириқларни амалга ошириш учун қанча маблағ сарфланиши бўйича дастлабки ҳисоб-китобларни очиқлади, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.
Вазир ўринбосари 11 январ куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида мазкур масалага тўхталиб ўтган.
«Биз президентимизнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида ва Ёшлар форумида белгилаб берган тадбирларга қанча маблағ сарфланишини дастлабки ҳисоб-китобларини қилдик. Унга кўра, мазкур топшириқларни амалга оширишимиз учун 41 триллион сўмга яқин маблағ зарур бўлади. Бунга бевосита республика бюджетидан 20 триллион сўмдан ортиқ маблағ керак.
Ҳозирда Вазирлар Маҳкамасида мурожаатномадан келиб чиқиб давлат дастури ниҳоясига етказилмоқда. Режага кўра, биз ҳар чоракда маблағларни тақсимлаб чиқамиз. Чоракма-чорак ушбу маблағлар ўзлаштирилиши, мақсадли сарфланишини таъминлашни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», – деди вазир ўринбосари.
Молия вазирлиги маълумотига кўра, бунда давлат бюджетидан 19,3 триллион сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 3 триллион сўм, Халқаро молия институтларининг кредит ва грант маблағлари ҳисобидан 15,7 триллион сўм ва бошқа манбалар ҳисобидан 2,5 триллион сўм маблағ йўналтирилиши прогноз қилинмоқда.
Жорий йилги давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиз тақчиллик билан тасдиқланганлигини инобатга олган ҳолда, мурожаатномада белгиланган тадбирларга қўшимча маблағ ажратиш учун даромадлар прогнозини ошириб бажариш ва харажатларни самарали ишлатиш бўйича Молия вазирлигига топшириқ берилган.
Шу билан бирга, Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва давлат қарзининг кескин ўсишининг олдини олиш мақсадида, 2021 йилда бюджет дефицитини ялпи ички маҳсулотга нисбатан тасдиқланган 5,4 фоиздан ошмасликни, 2023 йилдан эса бюджет дефицитини 2 фоиздан оширмаслик бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.
Мавзуга оид
20:15 / 23.12.2022
Комадаги таълим, қисқарадиган вазирликлар, иқтисод ва сиёсий элита – экспертлар президент мурожаатномаси ҳақида
20:57 / 20.12.2022
Энергетика, ЖСТ ва ҳудудларни тоифалаш — президент 2023 йилги иқтисодий режалар ҳақида
13:10 / 20.12.2022
Ўзбекистонда келаси йили мингга яқин корхоналар савдога чиқарилади
11:37 / 20.12.2022