Иқтисодиёт | 20:57 / 20.12.2022
46106
6 дақиқада ўқилади

Энергетика, ЖСТ ва ҳудудларни тоифалаш — президент 2023 йилги иқтисодий режалар ҳақида

Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида газ ва электр масаласига тўхталди, келаси йил Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича асосий музокаралар якунланишини айтди, ҳудудларни беш хил тоифага бўлишни таклиф қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабр куни парламентга мурожаатнома билан чиқди. Унда давлат томонидан 2023 йилга режа қилинган асосий янгиликлар эълон қилинди. Қуйида биз иқтисодий йўналишда кутилаётган энг муҳим ўзгаришларни санаб ўтамиз.

Бу йил ёз ва куз-қиш ойларида кузатилган электр энергияси ва газ таъминотидаги муаммолар мамлакат энергетика инқирози ёқасига келганини кўрсатди. Президент урғу берган масалалар ичида энергетика муаммоси асосийларидан бири бўлди.

“Кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани ҳам, айни ҳақиқат.

Оқибатда, тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолган эди.

Шу билан бирга, сўнгги олти йилда аҳолимиз 13 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробарга ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайди. Натижада, электр энергиясига талаб камида 35 фоизга ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Иқтисодиёт барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак. Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин”, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев 2022 йилда қуввати 1,5 минг мегаваттли 7 та электр станцияси ишга туширилгани, 2023 йилда яна 4,5 минг мегаваттли 11 та йирик лойиҳа якунига етказилишини айтди. Газ захираларини кўпайтириш учун геология-қидирув ишлари бўйича 10 йиллик дастур қабул қилинади.

Давлат раҳбари энергетика бозори эркинлаштирилиши кераклигини ҳам таъкидлади. Қолаверса, кўпроқ газ ва электр ишлатадиган бадавлат қатлам бозор нархида тўлаши керак, чунки бу ресурслар бюджетдан ажратиладиган субсидия ҳисобидан аҳолига арзон сотилади. Бойларнинг харажатини бюджетдан субсидия қилиш эса адолатсизлик.

“Очиқ айтиш керак, кўп иқтисодчилар энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишни таклиф қилмоқда.

Бу – тўғри йўл. Мен ҳам буни хоҳлайман.

Лекин, халқимизнинг жон бошига даромади, ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, бу соҳадаги ислоҳотларни шошмасдан, босқичма-босқич қилишимиз керак. Ҳозир бозор нархига ўтсак, одамлар тўлай олмай қийналади.

Биз албатта эркин бозор тизимига ўтамиз, фақат бунда шароити оғирларга 2-3 йилга аниқ субсидия берамиз.

Даромади яхши, 3 та саунаси, 20 та телевизори борлар хоҳлаганча олаверсин, фақат бозор нархида олсин. Ҳозир даромади яхши ҳам, даромади ёмон ҳам бир хил нархда оляпти, бу адолатсизлик.

Энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишимиз шарт. Агар эркин бозорга ўтмасак, бизга инвестор келмайди”, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Мурожаатномада газ қазиб чиқаришга илгари берилган лицензияларнинг ҳаммаси қайта кўриб чиқилиши айтилди. Эслатиб ўтамиз, айниқса Россиянинг нефт-газ компаниялари билан тузилган шартномалар миллий манфаатларга зидлиги айтилади.

Келаётган йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича асосий музокаралар охирига етказилиши ваъда қилиняпти. Хусусийлаштириш бўйича эса, 2023 йилда давлатга қарашли мингга яқин корхона савдога чиқарилади.

“Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича асосий музокараларни якунлаб, ички қонунчиликни мослаштириш, янги стандартларни жорий этиш ишларини жадаллаштирамиз.

Бугун кўнглимдаги битта ниятимни сизларга очиқ айтмоқчиман. Менинг катта ниятим – юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин. Одамларимиз ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлсин.

Шунинг учун, топшириқ бердим. Кейинги йилда энг йирик 10 та компаниялар ва тижорат банкларимиз акциялари ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади. Бу чинакам халқ “Ай-Пи-О”си бўлишига ишонаман”, – деди у нутқида.

Президент ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилишини ҳам айтиб ўтди. Унга кўра, туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилади. Субсидиялар ва компенсациялар миқдори, кредитлар ва солиқ ставкалари ҳудуднинг тоифасига боғлиқ бўлади.

2023 йилда сув, электр, йўл, мактаб каби лойиҳаларга салкам 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм ажратилиши яна бир бор тасдиқланди. Буларнинг ҳаммаси аҳоли таклифлари асосида, яъни “Ташаббусли бюджет” орқали бўлади. Мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳаллаларда қолади.

Муҳим иқтисодий янгиликлардан яна бири: агар сиз ҳокимнинг қароридан норози бўлсангиз ва: “Туманимиздаги суд ҳокимдан мустақил эмас, шу сабабли ариза берсам ҳам холис қарор чиқармайди” деб ҳисобласангиз, унда бошқа ҳудуддаги судга мурожаат қилишингиз мумкин бўлади.

Президент мурожаатномасидаги иқтисодий хабарларга оид шарҳимизни Шавкат Мирзиёевнинг нутқидаги асосий парчалардан бири билан якунлаймиз:

“Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам бир нарсани яхши тушуниб олиши керак. Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади”.

Мавзуга оид