Суҳбат давомида ўзбек ҳокимияти ва жамиятидаги сўнгги ўзгаришлар, сўз эркинлиги, адабиёт ва бошқа қатор мавзуларда сўз борди.

— Карим ака, сизни ҳақиқат излаб, унинг учун курашиб яшаган журналист сифатида биламиз. Айтинг-чи, сиз учун ҳақиқат нима? Дейлик, ота-она гуноҳ қилса-ю, бола буни дунёга ёйса, шу ҳақиқатни айтиш бўлаверадими? Ахир ҳаёт ҳақиқати ва ҳуқуқ ҳақиқати бир-бирига доим ҳам мос келавермайди.

— «Ҳақиқат», «ҳақ» сўзларининг жуда чуқур маънолари, қатламлари бор. Саволингизнинг ўзи ҳам кўп қатламли.

Биринчидан, ҳақиқат нима ўзи? Бу саволга олимлар, файласуфлар минг йиллардан буён жавоб излайди. Аслида дунёда мутлақ ҳақиқат – Аллоҳ. Бандаларнинг, ерда юрганларнинг ҳақиқати эса нисбий. Чунки банданинг билими чекланган, уни ҳаёти давомида олади. Аллоҳ эса барчасини, ўтганини ҳам, келадиганини ҳам билади. Шунинг учун ким нимани гапирса, фикрлари нисбий эканини унутмаслик керак.

Ҳодисаларга келсак. Масалан, тун ортидан кун келиши – ҳақиқат. Қишда қор ёғиши – ҳақиқат. Иккини иккига кўпайтирсак, тўрт бўлиши – ҳақиқат. Аммо шундай масалалар ҳам борки, унда ҳақиқат даъво қилолмайсиз. Дейлик, «фалон тизим коррупциялашган» деган фикрни айтдингиз. Кимдир «ҳақиқатни гапирдингиз», дейди, сизни мақтайди. Ваҳоланки, ўша тизимда коррупция 5 фоиздир, 10 фоиздир. Демак, бутун тизимни мутлақ коррупциялашган деёлмайсиз. Бу сизнинг фикрингиз ва у нисбий бўлади.

Фактни текшириш мумкин, лекин фикрлар, мулоҳазалар, экспертларнинг хулосалари, барчаси фикрлигича қолади. Уларнинг ҳар доим ҳам рост-ёлғонлигини текшириб бўлмайди.

Биз нима учун сўз эркинлиги доирасини кенгайтириш керак деймиз? Чунки инсондан эрта-ю кеч, 24 соат рост гапиришни талаб қилиш ва ҳамма ёлғони учун жазолайвериш уни умуман гапирмайдиган қилиб қўяди. Инсонда маълум маънода адашиш ҳуқуқи бўлиши керак.

Саволингизнинг иккинчи қатламига келсак: бола ота-онаси қилган айбни дунёга ёйиши ҳақиқатми? Бу саволга Алишер Навоий жавоб берган:

Неча зарурат аро қолғон чоғи,

Чин демас эрсанг, дема ёлғон доғи.

Яъни чинни айтолмасанг, ёлғон ҳам гапирма. Лекин ростни ҳам жойида гапир. Демак, ростини ҳам гапиравериш мумкин бўлмаган жойлар бўлади. Маиший ҳаётда бунга кўп дуч келамиз. Бу масалада Пайғамбаримиз с.а.в.дан ҳам ҳадислар келган.