Kun.uz мухбири олис ҳудудлардаги фидойи ўқитувчилар ҳақида ҳикоя қилиш учун Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги энг чекка аҳоли пунктларидан бири – Башир қишлоғида бўлди.

Эътибор Қувондиқова

Қаҳрамонимиз Эътибор Қувондиқова қишлоқдаги 73-мактаб филиалида 15 йилдан бери бошланғич синфларга дарс бериб келади. Суҳбатимиз тонгда, устознинг уйидан мактабгача бирга йўл олганимизда бошланди.

«Ўқитувчи бўлишдан ташқари онаман, уй бекасиман. Эрталаб куним нонушта тайёрлаш ва шу каби бошқа одатий юмушлар билан бошланади. Тушки соат 2–3гача мактабда бўламан, шунинг учун уйдаги кўп ишларни эрталаб қилиб қўяман.

Чорва моллари, паррандаларга ҳам емиш бераман. Умуман олганда, эрталаб соат 8:00гача барча ишларни тугатиб чиқишим керак, чунки мактабга боргач, уйни «унутишга» тўғри келади», – дейди Эътибор Қувондиқова.

– Уйдан мактабгача қанча вақтда етиб борасиз?

– Дарс соат 8:30да бошланади, ҳозир қиш бўлгани учун кечроқ бошланяпти. Одатда 8:15да бошланиши керак. Соат 7:50 ёки 8:00да уйдан чиқсам, 15–20 дақиқада мактабга етаман.

– Қишнинг совуқ кунларида, ёмғирли об-ҳавода мактабга қандай борасиз?

– Турмуш ўртоғим машинасида олиб бориб қўйиши мумкин. Лекин одатда ўзим пиёда боравераман. Йўлда бекор кетмаслик учун ўқувчиларим билан фанлардан савол-жавоб қилиб кетамиз. Кўп ўқувчиларим билан қўшни яшаймиз.

Биласиз, қишлоқ боласи дарс қилишга вақт топиши қийин, чунки кун бўйи уй юмушлари, чорвага қараш... Кечки пайт бўшаганда эса электр токи ўчиб қолиши мумкин. Уларга мактабга келиб кетганда вақтларингиз бекорга кетмасин, дейман. Шу сабаб карра жадвал, рус тили ёки инглиз тилидан янги ёдланган сўзларни ўзаро савол-жавоб қилиб кетишларини маслаҳат бераман.

***