Ўзбекистон | 20:29 / 25.01.2021
17000
2 дақиқада ўқилади

Нозим Ҳусанов: Таксичилик фаолиятини соддалаштириш масаласига 2021 йилда ечим топилиши мумкин

Ўзбекистонда таксичиликни лицензия талаб қилинувчи фаолият турлари рўйхатидан чиқариш масаласи 2021 йилда ҳал этилиши мумкин.

Бу ҳақда меҳнат вазири Нозим Ҳусанов матбуот анжуманида журналист саволига жавобан шундай деб маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, бу фаолият инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ ва дунёнинг аксар давлатларида лицензияланади.

«2020 йил август ойидан ўзини-ўзи банд қилиш тизими такомиллаштирилди. Бугунги кунга келиб, 67 турдаги фаолият билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаролар онлайн тартибда Давлат солиқ қўмитаси сайтида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритишлари мумкин.

Бунинг афзал томони шундаки, фуқаро белгиланган йиллик тўловини тўласа, унга йиллик пенсия стажи қўшилиб боради. Ўтган йили бу БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 50 фоиз (223 000 сўмнинг ярми, яъни 111 минг 500 сўм) миқдорида эди, бу йил бу рақам 1 баравари миқдорида белгиланди (1 февралдан 245 минг сўм).

Яъни, фуқаро бир йилга 245 минг сўм тўласа, келгусида унга пенсия ҳисоблашда стажини инобатга олишга асос бўлади.

Ўзимга ҳам, таксичилардан, таксичиликни лицензия талаб қилинмайдиган фаолият турига киритайлик, деган таклифлар келиб туради.

Лекин, бу борада хорижий давлатлар тажрибаси ўрганиб чиқилганида, уларнинг аксариятида бу фаолият лицензиялаштирилган. Таксичиларга қатор талаблар бор. Чунки, бу масалада энг асосий жиҳат инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқдир. Биз шу томонини эътиборга олишимиз керак.

Бу масалада кўплаб муҳокама-музокаралар олиб бориляпти. Ўйлайманки, 2021 йилда бу мавзуга ҳам ҳуқуқий ечим топилса керак», - деди Нозим Ҳусанов.

Мавзуга оид