09:30 / 17.02.2021
8661

Газ муҳандислари билан бир кун: «Урганчтрансгаз» фаолиятига назар

Табиий газ – Ўзбекистон иқтисодиётининг асосларидан бири. Биргина электр энергиясининг 80 фоизи учун табиий газ талаб этилишининг ўзи «зангори ёқилғи»нинг аҳамиятини кўрсатади.

Қуйида табиий газ транспортировкаси билан шуғулланувчи компания – «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятига қарашли «Урганчтрансгаз» унитар корхонаси мисолида тизимдаги иш жараёнлари билан танишамиз.

Қорақалпоғистоннинг Устюрт платоси. Қўнғирот шаҳридан 80 км узоқликдаги чўл ҳудуди. Ҳаво ҳарорати термометрда -15 даража кўрсатаётган бўлса-да, кучли шамол боис совуқ суяк-суягингиздан ўтади. Шунга қарамай, ташқи дунёдан узилган, на интернет, на ижтимоий тармоқ бўлган ҳудудда иш қайнамоқда. «Ўрта Осиё – Марказ» магистрал газ тармоғининг яроқсиз ҳолга келган қувурларини алмаштириш ишлари об-ҳаво инжиқликларига қарамай давом этмоқда.

Айни шу тармоқдан Ўзбекистоннинг қатор йирик шаҳарларига табиий газ етказиб берилади.

Бевосита иш жойида нималар қилинаётганини изоҳлаб беришини сўраб, корхона директори Аминбой Аминовга микрофон тутамиз.

Аминбой Аминов

«Бу ерда «Ўрта Осиё – Марказ» магистрал газ тармоғининг 80 км.лик масофадаги нуқсонли участкаларини алмаштириш ишлари давом этмоқда. 2020 йил декабрда аниқланган 17та нуқсонли бўлмалар бир ярим ой ичида босқичма-босқич тўлиқ алмаштирилади», – дейди Аминбой Аминов.

Унинг сўзларига кўра, мазкур тадбирлар натижасида магистрал газ қувурларидаги табиий газ ишчи босимини кўтариш, шу орқали ўтказувчанликни ошириш имкони пайдо бўлади.

Умуман, 2021 йил давомида диаметри 1000, 1200 ва 1400 мм.лик 400 км узунликдаги қувурларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш кўзда тутилган. Ҳозирда айни жараён бошлаб юборилган, жумладан, биз ташриф қилган бўлмадаги ишлар учун 150 нафар мутахассис, 50га яқин махсус техника жалб этилган.

Олиб борилаётган ишлар билан танишгач, 25 км.лик масофа ўртасида ташкил этилган муваққат қароргоҳга бориб, ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишамиз. Ишчилар учун юк автомобилларида ётоқхоналар ташкил этилган, бу ерда 24 соат ишловчи, зарурий дори-дармон ва анжомлар билан жиҳозланган тиббий хизмат нуқтаси бор.

Қароргоҳнинг эътиборни тортган яна бир жиҳати – беш вақт намозни ўз вақтида адо этиш учун алоҳида шароит қилинганидир.

Хўш, «Урганчтрансгаз» УК қандай фаолият турлари билан шуғулланади? Бу савол билан яна корхона раҳбари Аминбой акага юзланамиз.

«Корхонамиз «Ўзтрансгаз» АЖ тизимидаги корхоналардан бири ҳисобланади, асосий вазифамиз – Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар табиий газининг транспортировкасини таъминлашдан иборат. Корхона 4 900 км масофага чўзилган газ қувурларидан фойдаланишни таъминлайди ва тизимда 3 мингга яқин ишчи хизмат қилади», – дейди Аминбой Аминов.

Режага мувофиқ, навбатдаги манзилда ишни давом эттиришда янгидан қароргоҳ қурилади.

Пайвандловчи мутахассисларнинг аксарияти 6-тоифадаги пайвандчилар. Улар вақти-вақти билан унитар корхона тизимидаги ўқув-соғломлаштириш марказида малака ошириб туришади.

Қароргоҳда тонг оттиргач, тамаддидан сўнг, ишга чиқдик. Кучли шамол эсиши тўхтаган бўлса-да, ҳаво ҳарорати совуқлиги иссиқ ўриндан турган кишига яққол сезилади.

Қувурлар пайвандлангач, уларнинг сифатини махсус лаборатория ходимлари текширади. Текшириш хизмати зарур анжомлар ва жиҳозларга эга. Рентгеноскопия, ултратовушли дефектоскопия, ташиномер кабилар шулар жумласидан.

 Бахтиёр Матчанов – Марказий иссиқлик электротехника ишлаб чиқариш лабораторияси масъули

«Туташмалар сифатини назорат қилувчи хизматимиз юқори босимли газ ўтказувчи қувурлардаги пайвандланган туташмалар сифатини текшириш билан шуғулланади. Айни вақтда пайванднинг ички нуқсонини аниқлаш мақсадида текшириш ишлари амалга оширилмоқда. Мабодо туташмада нуқсон аниқланса, бу туташма кесилади ва такроран пайвандланади.

Текширишни олиб борувчи мутахассисларимиз йиллик малака ошириш курсларини ўтаб туради. Текширув натижасида туташмада нуқсон аниқланмаса, унинг яроқли экани ҳақида хулоса берилади ва газ қувури фойдаланишга шай ҳисобланади», – дейди Бахтиёр Матчанов.

Маълум бир масофадаги қувурлар бўлмаси алмаштирилгач, фойдаланишга қабул қилинишдан аввал, катта босимда сув ҳайдалиб синаб кўриш ҳам бор.

Таъкидлаш ўринли, ҳар бир бўлмани ким пайвандлагани, ким унинг сифатини текшириб, қабул қилгани бўйича рўйхат бир неча ўн йиллар мобайнида архивда сақланиши ҳам бежизга эмас. Чунки ушбу қувурлар орқали бир неча йиллар давомида юқори босимли табиий газ истеъмолчиларга етказиб берилади.

Сафаримиз давомида Қорақалпоғистондан Хоразм вилояти, Хива туманининг Заўнғур магистрал газ қувурлари бошқармаси саноат майдончасида ҳам бўлдик. Бу ерда фойдаланилмаётган газ қувурлари қазиб олиниб, уларнинг сифати текширувдан ўтказилади. Яроқлилик даражаси 1-тоифада деб белгиланган қувурлар Устюрт платосига юборилади.

«Тизимни яхшилаш учун Энергетика вазирлиги ва «Ўзтрансгаз» АЖ бошқаруви бизни қўллаб-қувватлаб турибди. 20дан ортиқ янги махсус техникалар харид қилдик. Чунки бундай техникасиз биз бир метр қувурни ҳам монтаж ёки демонтаж қила олмаймиз. Шу боис, бу йил катта марра олдик ва уни бажара оламиз», – деди Аминбой Аминов.

Юқорида айтилганидек, унитар корхона тизимида ўқув-соғломлаштириш маркази бор; унда ҳунарни ўрганишни истаган ёшларга пайвандлаш, фрезерлик, токарлик каби ҳунарлар ўргатилмоқда.

«Ўқув-соғломлаштириш комбинатимизда ёшларни 16 йўналиш, жумладан, электрпайвандчи, газпайвандчи, кесувчи, юқори ва паст босимли тармоқларда ишловчи электромонтёр, КИП-автоматика, ёнғин ва техника хавфсизлиги мутахассисликлари бўйича иш жараёнига тайёрлаймиз.

Шундай касб-ҳунарларга қизиққан ёшлар бўлса, комбинатга келишсин, биз уларга ҳунар ўргатамиз. Бугунги кунда, айниқса, пайвандчиларга талаб катта», – деди Аминбой Аминов.

Бундан ташқари, «Урганчтрансгаз» УК тизимидаги қатор корхона ва ташкилотлар фаолияти билан ҳам танишишга улгурдик. Маҳаллийлаштириш давлат дастури доирасида ишга туширилиши режалаштирилаётган электрод ишлаб чиқариш корхонаси йилига 2 турдаги 5 минг тонна электрод ишлаб чиқариб, тизим корхоналарига етказиб бериши мумкин.

Офис қоғозларини қадоқлаш, водоэмулсия ва шпатлевка каби қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқиш, ишчи-ходимлар учун кийим-кечак ва махсус пойабзаллар тикиш цехларида ҳам ўнлаб фуқаролар доимий иш билан банд.

Шунингдек, тизимда Урганч қурилиш-монтаж бошқармаси, ғишт заводи, бетон маҳсулотлари, оҳак ва керамзит, мебель ишлаб чиқариш цехларида юзлаб маҳаллий аҳоли банд қилинган.

Маълумот учун: «Ўзтрансгаз» АЖ табиий газни етказиб бериш, жумладан экспорт ва импорт қилиш учун газ қазиб олувчи ташкилотлардан олиб, магистрал газ қувурига тўғридан тўғри уланган истеъмолчиларга етказиб берувчи оператор саналади.

Бугунги кунда тизимда 14та ташкилот бўлиб, 8та Магистрал газ қувурлари бошқармаси (Газли, Когон, Зирабулоқ, Фарғона, Ғаллаорол, Муборак, Самарқанд, Тошкент), «Урганчтрансгаз» унитар корхонаси, 2та газни ер остида сақлаш иншооти (Хўжаобод, Газли), қурилиш бўйича «Трансгазинжиниринг» МЧЖ, Қамчиқ дирекцияси ҳамда ёрдамчи хўжалик фаолият кўрсатади. Уларда 8 мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.

2020 йилда қарийб 40 млрд куб метр табиий газ етказиб берилган. Жамият томонидан 2020 йилда 194 кмдан ортиқ узунликдаги магистрал қувурларида қурилиш, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилган.

«Урганчтрансгаз» унитар корхонаси таркибига жами 14та ташкилот киради. Корхона таркибида 3 мингга яқин ишчи-ходим меҳнат қилади. Унинг асосий вазифаси – давлатлараро келишувга биноан Ўзбекистон табиий гази экспортини таъминлаш ва Туркманистон ҳамда Қозоғистон табиий газларини транзит қилиш, Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчиларига табиий газ етказиб беришдан иборат.

Top