Жамият | 17:34 / 17.02.2021
24040
6 дақиқада ўқилади

«Нозик мавзу, мураккаб мавзу» – шифокор-андролог билан суҳбат

Kun.uz – «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси доирасида уролог-андролог Зарифжон Муродов билан суҳбат уюштирилди.

Зарифжон Муродов 1978 йилда Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида туғилган. 2005 йилда Тошкент Тиббиёт академиясини тамомлаган, 2005–2007 йиллари Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида, профессор A.A. Ғайбуллаев қўл остида клиник ординатура ва 2008–2011 йиллари шу ерда аспирантурада ўқиган.

2008 йил Туркиянинг Истанбул университетида Aндрология курсини тамомлаган. 2009 йилдан бошлаб ҳар йили турли халқаро конференцияларда маърузалар қилиб келади. 2009 йилдан буён Ўзбекистонда биринчи бўлиб www.andrology.uz сайтини очиб, беморларга ўзбек тилида масофадан маслаҳатлар бериб келмоқда. Кейинчалик шу номли телеграмда ва YouTube тармоғида халқимизга тиббий андрологик мавзуларда тақдимотлар қилиб келади.

  • Оилада фарзандсизликка кўпроқ ким сабабчи, аёлларми ёки эркаклар?
  • Қандай ҳолатга бепуштлик деб баҳо берилади?
  • Шифокорга қилинган мурожаат қай даражада сир сақланади?

— Зарифжон, келинг озгина кириш қисми қилсак – андрология ўзи нима ва у фан сифатида қачон пайдо бўлган?

— Aндрология сўзи юнонча «андрос» – эркак ва «логос» – фан сўзларидан иборат, яъни эркаклар ҳақидаги фан дейиш мумкин. Лекин андрологлар бутун дунёда, асосан, уч йўналишда изланиш олиб бориб, беморларни даволашади:

  1. Оиладаги эркаклар сабабли бепуштлик;
  2. Эркакларнинг жинсий муаммолари;
  3. Бизда мурожаат кам бўлса ҳам, аёлларнинг жинсий муаммолари.

Тарих жиҳатидан эрамиздан 4000 йиллар олдинги папирусларда илк андрологик белгиларни кўриш мумкин.

— Aсосан қайси касалликлар билан сизга мурожаат қилишади?

— Буни икки хил тартибга солиш мумкин, биринчи ёш бўйича, иккинчиси уйлангандан кейинги давр бўйича; биринчи – ўғил бола туғилгач, жинсий аъзоларнинг ўз ўрнидалиги, ўлчами кичиклиги, ортда қолиши, вояга етиш даврида варикоцеле, сийдик йўллари инфекциялари (простатитлар –  давоси бор; олдинги тиббиётда давосиз деб сингдирилган касаллик) барча ёшда келаверади; иккинчи – уйлангандан кейинги даврда. Шуни айтиб ўтишим керак, биз бир неча йил олдин оила маркази билан оила қураётган ёшларга, мен фақатгина йигитларга, айнан никоҳ кечаси ва кейинги даврларда оиладаги эркак кишининг, оталик вазифаларини бепул маъруза қилишни ташкил қилганмиз, афсуски, бу ишлар карантин сабабли шу кунларда тўхтаб қолди.

Никоҳ кечасидаги муаммолардан бошлаб ҳомиладорлик кузатилмаслиги билан эркаклар мурожаат қилишади, ёш ўтиб борган сари эректил дисфункция (импотенция), эрта бўшаниш, ёшга мос эркак гормони пастлаши ва ҳоказо касалликлар билан мурожаат қилишади.

— Оила тамали эркак ва аёлдир, куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аёллардаги бачадон бўйини саратони ва кўкрак бези саратони кўпайишининг олдини олиш бўйича мамлакатимизда бир қатор тадбирлар ўтказилди, бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

— Aслида, шу касалликнинг олдини олиш, камайтириш асосида эркакларни даволаш ётади. Лекин жамиятда эркаклар кучли жинс бўлгани учун уларнинг касалликлари, уларнинг ҳам дарди бўлиши мумкинлиги, заиф томонлари мавжудлигини ҳеч ким инобатга олмайди, улар андрологлар билан интеграциялашган ҳолда ишлаши керак, соғлом эркак соғлом жамият таянчи, аслида, биз эркакларни ҳар томонлама соғломлаштирсак, аёлларни ҳам соғломлаштирган бўламиз.

— Бепуштликка бугунги кунда кўпроқ қайси жинс вакиллари сабабчи бўлишяпти? Шунга оид статистика ўрганилганми?

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, оиладаги бефарзандликка 50 фоиз эркаклар ва 50 фоиз аёллар сабабчи дейилади. 2019 йилда ифодалаш шакли ўзгарди - 1/3 эркак муаммолари, 1/3 аёллардаги муаммолар, 1/3 ҳар иккисидаги муаммолар сабабли дейила бошланди.

Умуман олганда, оилалар ҳимояланишларсиз ҳаёт кечиришганда 1 йил ичида ҳомиладорлик кузатилмаса, бепуштлик деган ташхис қўйилади. Бунинг сабаби биринчи 3 ойда 25 фоиз оилада, 6 ойда 50 фоиз оилада, 1 йилда 90 фоиз оилада, ҳар икки тараф ҳам соғлом бўлса, ҳомиладорлик кузатилади. Шунинг учун бутун дунёда бир йилдан кейин мурожаат қилиш керак дейилади. Лекин ўзбеклар болажон халқ, мен 3–5 ойда ҳомиладорлик кузатилмадими, профилактик кўрик мақсадида андрологга учрашиш керак, деб ҳисоблайман.

Ўзини соғлом деб ҳисоблаб юрган эркакларнинг тахминан 15 фоизининг оиласида уйланишдан кейин ҳомиладорлик кузатилмайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 1995 йилдаги стандарти ҳали ҳам ўзгаргани йўқ, унга кўра бир оилада ҳомиладорлик кузатилмаётган бўлса, биринчи қадам, биринчи шарт – эркак кишини текшириш; сабаби оддий, тез ва арзон йўл, агар муаммо чиқмаса, кейин аёллар билан бемалол шуғулланса бўлаверади.

— Соҳангиз нозик, ҳамма ҳам дардини айтиб бора олмайди. Шифокорга қилинган мурожаат қай даражада сир сақланади?

— Бемор ҳақидаги маълумотлар тўлиқ сир сақланади ва фақат суднинг ажримига кўра тақдим қилиниши мумкин. Умуман, соҳамиз вакиллари бу масалага жиддий қарашади. Беморни ўйлаган ва ўзини ҳурмат қилган шифокор бу масалада сир сақлаши шарт. Шахсан ўзим вояга етган беморнинг розилигисиз ҳатто унинг ота-онасига ҳам маълумот бермайман.

— Kun.uz сайтининг «Соғлом ҳаёт» телеграм каналида соҳангизга оид қисқа савол жавоблар ташкил қилиш таклифига қандай қарайсиз?

— Суҳбатингизга бажонидил рози бўлганим сабаби ҳам аслида шу, бундан фақат хурсанд бўламан. Сабаби, бизда бу муаммолар билан шифокорга мурожаат қилиш ҳануз уят ҳисобланади ва вақт ўтказиб юбориш асоратларга олиб келиши мумкин. Маслаҳатларим билан кимнингдир саломатлигига ҳисса қўша олсам, халқимиз дуо қилса бас.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди