Январ ойи охири ва феврал ойи бошидан Марказий Осиё минтақасида кузатилган илиқ об-ҳаво табиат жуда эрта уйғонишига ва айрим дарахтлар гуллашига олиб келди. Ўзбекистоннинг жанубий ва марказий қисмларида баҳор бир неча ҳафта олдин бошланди ҳамда бодом, ўрик ва гилос дарахтлари тўлалигича гуллади.
EastFruit мутахассислари Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги пахтакорлар, фермерлар ва мутахассислар билан келажакдаги бодом, ўрик ва гилос меваларининг ҳосилни йўқотиш хавфи қандай эканлиги тўғрисида суҳбатлашди. Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳудудлар республикада етиштириладиган мева ва резаворларнинг деярли 70 фоизини беради.
Фарғона вилояти Қувасой туманида яшовчи фермер Низом Акбаров асосан ўрик мевасидаги катта йўқотишлардан хавотирда.
«Менинг боғимда асосан учта турдаги мевалар етиштирилади: гилос, шафтоли ва олма. Бизнинг ҳудудимизда бирорта дарахт ҳам гул очмаган, аммо куртаклари аллақачон пишган ва энди гуллаш арафасида.
Совуқ об-ҳаво натижасида ўрик дарахти ҳосилини йўқотиш эҳтимоли юқори, чунки бу дарахт табиатан анча заиф ҳисобланади. Гилос дарахти совуққа нисбатан чидамлироқ бўлса-да, паст ҳароратда бу мева ҳосилида ҳам йўқотишлар бўлиши мумкин.
Эсимда, 2013 ва 2014 йилларда қор ёғиши ва кучли совуқ бўлиши натижасида гилос ҳосилининг 35 фоизидан ортиғи нобуд бўлганди», – деди Низом Акбаров.
Бухоро давлат университети доценти, қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти мутахассиси Маҳмуд Орипов кузатилаётган совуқ ҳаводан тош мевали дарахтлар ҳосили йўқолиши ушбу меваларнинг хилма-хиллиги ва турига қараб 30 фоиздан 80 фоизгача бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.
«Феврал ойида ҳавонинг ниҳоятда илиқ келиши натижасида Бухорода бодом ва ўрикнинг айрим навлари тўлиқ гуллаганини кузатдик. Шунингдек, гилос ва олхўри гуллаш ҳолатига келганди. Кузатилаётган совуқ об-ҳаво натижасида йўқотишлар жиддий бўлиши мумкин. Бунда меваларнинг туридан келиб чиқиб қуйидагиларни айтишим мумкин: бодом ҳосилининг 55-60 фоизи, аллақачон гуллаган ўрик навларида 70-80 фоиз, ҳали гулламаган бошқа ўрик навларида 30-35 фоиз, олхўри ҳосилининг 35-40 фоизи нобуд бўлиш эҳтимоли жуда катта», – дея таъкидлайди мутахассис.
Самарқанд вилояти Пайариқ туманидан бўлган деҳқон Илҳом Жўраев ҳам ҳолат бўйича ўз фикрларини билдирди: «Бизнинг ҳудудда аллақачон бодом ва ўриклар тўлиқ гуллаган. Бодомни совуқ ҳавога анча чидамли деб ҳисоблаш мумкин, аммо ўрик ҳосилининг 70-80 фоизини йўқотдик».














