18:56 / 27.02.2021
36198

«Ҳақиқий санъат сотилмайди» - дубляжда рол ижро этмаганига 20 йилдан ошган Мукамбар Раҳимова АҚШга кетгани, сифати тушган дубляж ва «Меҳр булоғи» ҳақида

Тошкент театр ва рассомлик институтининг актёрлик, сўнгра режиссёрлик йўналишини битирган Мукамбар Раҳимова гўзал овози, юқори маҳорати, чуқур драматик ва сатирик образлари билан дубляж оламида шуҳрат қозонган.

Фото: YouTube/UzreportTV

Тажрибали актриса Мукамбар Раҳимова Uzreport телеканалига берган интервьюсида санъат йўлига кириб келиши, актрисалик қийинчиликлари, дубляждаги олтин даврлар ва бугунги аҳвол, 20 йил аввал АҚШга кетгани ва ҳозирда олиб бораётган ишлари тўғрисида сўзлаб берди.

«Мактабда ўқиб юрган кезларим дубляж студиясига борганман»

Дадам асли ҳарбий бўлса ҳам санъаткорлар билан дўст тутинган эди, болалигимда бизникига санъаткорлар келиб-кетиб юрган, бундан ташқари, дадам яхшигина дутор чертарди ва шу сабаб бўлса керак санъатга қизиқдим.

Ҳали мактабда ўқиб юрган кезларим дубляж студиясига борганман. Албатта, буни ота-отам билмасди, кейинчалик хабар топишди-ю, лекин мени бу йўлдан қайтаришмади, балки уларга бу унчалик ҳам ёмон касб эмаслигини тушунтиришгандир.

Доим сўрашадики, нега театр саҳнасида кўринмагансиз деб. Театрга уч марта чақирилганман. Институтни битирганимдан кейин Ҳамза театрига йўлланма беришди. Лекин мени кимдир енгилтабиат қиз деб иғво қилган, ўшанда қаттиқ хафа бўлганман. Кейинчалик ҳам яна икки марта таклиф бўлди, афсуски, икки мартасида ҳам дўстларим панд берди, ортимдан ёмонлашди, шу сабаб берилган таклиф қайтариб олинди. Шундан кейин чақиришса ҳам бормасликка аҳд қилдим.

Сахий одам биров бир нарса сўраса, сўралганидан афзал қилиб олиб чиқиб беради, хасис одам эса сўралганидан камроқ қилиб беради: қайтадими-йўқми, шуни ўйлаб туради. Шунинг учун устоз шогирдига ўргатганда меҳрини бериб, жон-жаҳди билан, борини ўзи билгандек қилиб ўргатмаса у устозликка ўтмайди. Ҳар бир касбда ким бўлмасин: дурадгорми, заргарми — фарқи йўқ, ўзи билганидан ҳам кўпроқ билим бериши керак. Мен ҳаётим давомида шу фикрга амал қилиб келдим.

Бошқа томондан, кишида ўрганмоқчи бўлган ҳунарига Аллоҳдан берилган қобилият бўлиши керак. Устознинг хизмати ўша қобилиятни тўғри йўналтириш, йўл кўрсатиш ҳисобланади.

Бизнес санъатга тўғри келмайди, ҳақиқий санъат сотилмайди

Ҳозирги дубляж ҳақида гапирсам, кўп нарсадан кўнглим тўлмайди. Бугунги кундаги дубляж билан аввалги дубляжнинг фарқи катта. Биринчидан, илгари устоздан шогирдга ўтарди. Мисол учун, дубляж режиссёрлари фильмларда иккинчи режиссёр сифатида иштирок этиб, фильм жараёнини билган, актёр танлашни билган — борингки, барча чиғириқлардан ўтган кишилар эди. Дубляжга келгандан кейин ўша олган таълими ва илмини дубляж актёрларига беришга ҳаракат қилишарди.

Ҳозирги дубляжда кўп режиссёрлар илмсиз — кимнингдир ўғли, қизи, акаси ва ҳоказо. Илми йўқлигидан ҳамма нарса дубляж улар учун. Янги олинган фильм овозлаштирилади, чунки фильм олинаётганда актёрнинг овози ўзига тўғри келмаслиги гавдасига тушмаслиги мумкин ёки баъзи бир техник томонларни ишлай олмаслиги мумкин, шунда вазиятга мос ҳолатда овозлаштирилади ва овозлаштириш жараёни дейилади. Чет эл фильмларини ўзбек тилига таржима қилиш эса дубляж дейилади, ўз номи билан, дубликат дегандан келиб чиққан.

Аввалги вақтда, собиқ иттифоқ даврида бизнинг дубляжимиз 15 республика ичида ҳамиша биринчи ўринни эгаллаб келган, ҳеч қачон иккинчига тушмаган.

Ҳозиргилар-чи, илми борми-йўқми, нечта китоб ўқиган, у ҳаваскорми ёки ишқибозми, устози ким, қанча вақт бирга ишлаган?.. Бу нарсалар шунинг учун керакки, бир йил ишлаган билан дубляж сирларини ўрганиб бўлмайди. 3–4 йилда кичик бир эпизоддан кичик бир иккинчи даражали ролга ўтиш мумкин.

Экрандаги актёрни кўрмайди, қулоғига қулоқчинни тақиб қоғоздаги матнни ўқиш билан овора, экрандан овози келганда ўқиб турса бўлди... Бу ҳолда қандай қилиб образ характерини чиқара олади, унинг ички дунёси, психологиясини чиқариб беролади?     

Ҳозирги дубляжларда, билмадим, нима учун, кимлар бунга рухсат берган, уста кўрмасдан келиб ўзлари “усталик” қилишмоқчи бўляпти. Бундан ташқари, ҳозир эфирни тўлдириш деган нарса бор, шунинг учун тезликка эътибор берилиб, сифат тушиб кетяпти, кузатсангиз, эфирда яхши кўрсатувлар кам.

Гўё программалар ўйлаб чиқадиган одамлар йўқдай, чет элнинг бирон кўрсатувидан ўғирлаб бачкана бир нарсалар чиқарилади, лекин шу билан ҳам вақтни тўлдира олмаяпти.

24 соат ишлайдиган студиялар программаси йўқ, режаси йўқ, нима билан тўлдиришни билмайди. Шунинг учун ҳам кинолар олинади-да, тезда дубляж қилиниб, эфирга чиқиб турса, кимдир гапириб турса бўлди. Экран олдида турган, ишдан келиб бир телевизор кўрай деган одамнинг ўй-хаёли, унга ёқадими-йўқми — уларга фарқи йўқ.

Шунинг учун таъкидлайманки, бизнес санъатга тўғри келмайди, ҳақиқий санъат сотилмайди.

Ўзбекистонда санъат ривожланганига неча йиллар бўлган бўлса, ҳеч қачон шу 5–10 йил олдингигача санъаткор пулга ўлчанмаган. Агар актёр бирор ёмон ролни ўйнади-ю, томошабин қалбида унга нафрат бўлиб, кўчада кўрганда тескари қарадими, демак, ижро маромига борибди. Шунга қиёсан ижобий рол ижро этганда йиғлаб ёки эҳ шунақа қилсам бўлар экан-ку деса, бу ҳам ютуқ. Санъаткор, аслида, шунга хизмат қилиши керак.

«Дубляжда рол ижро этмаганимга 20 йилдан ошди»

Дубляждан олдин шошмасдан бир-икки марта кўриб олиш керак. Қайси образга овоз бераётганини яхшилаб кўриш зарур. Қаҳрамонни кўзига қараб кўзидан ички дунёси, ижро пайтидаги руҳий кечинмаси билиб олинади. Ва унинг шунга яраша ўзининг ҳиссиёти бор, дейлик, йиғлаяпти, боласи ўлди, ёри ўлди ёки хахолаб куляптида, ора-орада тўхтаб энтикиб гапиряпти ёки сувга тушиб чўкиб чиқди, зўрға нафас оляпти, шу нафаси ичида гапириши керак — мана шу жойларини кўпроқ томоша қилиб ўзи учун белгилаб олиши лозим.

Кейин кўп одамлар матнга қарамаса гапиролмайди. Эслаб қолиш қобилиятини шунчалик кучли қилиб тарбиялаши керакки, 2–3 қайта ўқиганда 70–75 фоиз матнни ёддан билсин, шу даражага олиб чиқиш керак бўлади, асосий эътибор экранда бўлгани маъқул, адашиш эҳтимоли бўлса, бир белги қўйиб турса ҳам бўлади. Томошабинни экранда ушлаб туриш учун дубляж актёри ҳиссиётли ўринларда 150 фоиз тайёр бўлиб туриши керак.

Дубляж ва кинода рол ижро этмаганимга 20 йилдан ошди. Сабаби дубляж бизда касодга учради, бекилди, телевизион вариантга ўтиб кетилди ва мен бунга қўшила олмадим.

Ўша вақтларда санъаткор учун оғир кунлар келди. Мени таклиф қилмаган телевидение режиссёрига бориб, мен халқ артистиман, менга бир иш беринг, ишлай дейманми — ғурур керак-ку ахир кишига.

«Ўйлаб-ўйлаб охири АҚШга кетдим»

Ўйлаб-ўйлаб охири ҳамма қатори ўзимни синаб кўргани АҚШга кетдим. У ерда иш топиш осон эмас. Қайси давлатга борманг, тилини билмасангиз, ишга олмайди. Кейин ишлаш учун тил ўргандим, иш қидирдим, бизнинг касб у жойларда ўтмайди, бошқа касб қилиш керак. Мен қарияларга қаровчи бўлиб ишладим.

Мана, бизда ҳам шу жараёнларга етиб келиняпти. Оилада ҳамма ишлайди, ишламаса бўлмайди. Бизга ўхшаган 70–80га кирган қариялар эса ёлғиз қолиб кетяпти. Эр-хотин бўлса-ку, бир-бирига суянч бўлиб ўтирар, лекин кўплари ёлғиз, тўрт девор ичида касалманд бўлиб қолади. Ҳатто соғ одам ҳам ёлғизликда касал бўлиб қолиши мумкин.

Уларга эса кўмак керак, фарзандлари ишда бўлганда ош-овқати, иссиқ-совуғига қараб турадиган одам керак. Юртдошларимиз орасида фарзандлари йўқ, лекин уй-жойлари бор, битта ўзи яшайди, қариялар уйига боргиси келмайди. Пули бор-у, лекин одам тополмайди.

Яна шундай инсонлар борки, мана шу каби ишлар бўлса ишлашга рози, улар ҳам ўз ҳолича бундай кишиларни қаердан излашни ҳам билмайди. Лекин баъзида шундай ҳолатлар учрайдики, фирибгарлар қарияларни алдаб кетади ёки уради, ёки нарсаларини ўғирлаб кетиши мумкин.

Шунинг учун расмий бир ташкилот очиш ниятим бор — «Меҳр булоғи» нодавлат нотижорат ташкилоти, унда ҳам қариялар, болаларга қараб туришни, ҳам одамларни иш билан таъминлашни режа қиляпмиз. Эҳтиёжга қараб кимнидир бир-икки соатлик иши бўлади ёки кун бўйи қараш керак. Ишга олинадиган кишиларни ҳар томонлама текшириб, бир соат-икки соат кишиларга қаратиб, синаб кўриб ишга оламиз.

Top