Жамият | 18:15 / 05.03.2021
15868
3 дақиқада ўқилади

Азиз Икромов қизил чироқдан иккинчи марта ўтган ҳайдовчиларни жиноий жавобгарликка тортишни таклиф қилди

Вазир ўринбосари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда Беларус қонунчилигини намуна қилиб келтирди.

4 март куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликлар олдини олишга оид 2020 йилги ахбороти дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Унда иштирок этган ички ишлар вазирининг ўринбосари Азиз Икромов йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор таклифларини билдирди.

Вазир ўринбосари бу масалада Беларус тажрибасидан ўрнак олиш мумкинлигини айтиб ўтди.

«Беларусда чорраҳанинг қизил чироғидан ўтиб кетиш ҳуқуқбузарлигини такроран содир этган ҳайдовчи жиноий жавобгарликка тортилади. Спиртли ичимликлар таъсирида автомобил бошқариш ҳуқуқбузарлиги такроран содир этилганда эса ушбу автомобил мусодара қилинади», деди вазир ўринбосари.

Азиз Икромов ушбу ҳуқуқбузарликлар инсон ҳаётига хавф туғдиришини инобатга олиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу қоидаларни Ўзбекистон қонунчилигига ҳам киритишни таклиф этди.

Йиғилишга раислик қилган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, сенатор Қутбиддин Бурхонов бу масалани йиғилишда эмас, Олий Мажлисга қонун лойиҳаси сифатида киритилиб, Сенатга қонун сифатида етиб келган тақдирда кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

  • Маълумот учун, амалдаги Ўзбекистон қонунчилигига кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг қизил чироғига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши биринчи марта содир этилганда БҲМнинг 2 баравари миқдорида, бир йил давомида такроран содир этилганда БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима, бир йил давомида учинчи марта содир этилганида эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум этиш билан жазоланади. 
  • Транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ҳайдовчилар 1,5 йилдан 3 йилгача муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва 25 БҲМ (6,1 млн сўм) жаримага тортилади. Бу ҳуқуқбузарликни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс содир этса, 40 БҲМ (9,8 млн сўм) жарима солинади ёки 15 суткага маъмурий қамоққа олинади.
  • Маст кишига транспорт воситасини бошқаришни топширганлик учун ҳам жавобгарлик бор. Бундай ҳуқуқбузарлик 2 йилдан 3 йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 25 БҲМ жаримага сабаб бўлади.

Мавзуга оид