Бозор иқтисодиёти шароитида суғурта соҳаси иқтисодий ривожланишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади ва аксинча иқтисодий барқарорлик суғурта соҳаси ривожланишининг негизи саналади.

Мустақилликнинг илк йилларида иқтисодий ислоҳотларнинг ривожланиш босқичида суғурта соҳасида ҳам бозор механизмларига асосланган инфратузилма шакллана бошлади. Республикамизда узоқ йиллар давлат суғуртаси амал қилган бўлса, бозор механизмларининг шаклланиши суғурта соҳаси олдига ҳам кечиктириб бўлмас ислоҳотларни амалга оширишни долзарб вазифа сифатида белгилаб берди.

Бозор тамойилларига ва соғлом рақобатга асосланган суғурта хизматлари шаклланиши бу йўналишда суғурта хизматларини таклиф этувчи суғурта ташкилотларининг вужудга келиши билан боғлиқдир.

1997 йилнинг 14 мартида Вазирлар Маҳкамасининг 144-сонли қарорига асосан “Кафолат суғурта компания”си ташкил этилди. Компания дастлаб иш бошлаган вақтда устав капитали 500 млн сўмдан иборат бўлиб, 48 та минтақавий тармоғи мавжуд эди.

Компания мана 24 йилдирки, суғурта бозорининг профессионал иштирокчиси сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросида ўзининг фаоллигини кўрсатиб келмоқда. Жамият филиаллар тармоғи бўйича жуда кенг географик нуқтага эга бўлишига қарамай аҳоли ва ташкилотларга янада яқинлашиш, уларга қулай суғурта хизматларини кўрсатиш мақсадида йилдан йилга янги суғурта марказларини очмоқда. Бугунги кунга келиб филиаллар, суғурта марказлари ва бўлинмалар сони 215 тани, сотув шохобчалари сони 400 дан зиёдни ташкил этади.

Мамлакатимизда 2016 йил охиридан миллий иқтисодиётимизда жадал ривожланишни ўз ичига олган трансформация жараёни бошланди. Иқтисодиётнинг барча тармоқлари хизмат кўрсатишнинг янги тизимига инновация, мотивацион ёндашув ва аниқ мақсадли режалар асосида ёндашишни бошлади. Мазкур жараёнда 2017 йилнинг 9 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3317-сонли “Кафолат суғурта компанияси” АЖ фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, компаниянинг асосий ривожланиш йўналишлари белгилаб берилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон суғурта бозорида 40 га яқин суғурта компанияси фаолият олиб бормоқда. Ҳар йили 3 та, 4 та янги суғурта компаниялари ўз фаолиятини бошламоқда. Бундай рақобат шароитида компаниянинг бозордаги ўз ўрнини сақлаб қолиши ва доимий ривожланиб бориши жуда мураккаб бўлиб, компаниядан ҳар томонлама ўйланган ва аниқ режаларга асосланган стратегик йўналишларни белгилашни тақозо этади.