Жамият | 12:20 / 15.03.2021
19978
7 дақиқада ўқилади

Қуйи Чирчиқда муҳтожларга уй қурган тадбиркорни «чув туширишмоқчи». Ҳокимнинг «ўйинчи» ўринбосаридан кутилмаган муносабат

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида давлат раҳбарининг кўрсатмаси ва Президент администрацияси раҳбари тасдиқлаган йўл харитасига асосан кам таъминланган оилалар учун уй-жой қурган қурувчига ҳокимлик ваъда қилган пул берилмаяпти. Бунинг натижасида аҳоли уйсиз, қурилишда ишлаган ишчилар даромадсиз, тадбиркор эса инқироз ёқасида қолмоқда. Ҳоким ўринбосари Aлишер Каримжоновнинг Kun.uz мухбирига «муносабати» алоҳида эътиборга лойиқ.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил июнь ойида Тошкент вилоятига ташриф буюрган эди. Ташриф давомида вилоят раҳбарларига Қуйи Чирчиқ тумани Беруний маҳалласида бўш турган, туман ҳокимлиги балансидаги уч қаватли бинони қайта ихтисослаштирган ҳолда капитал таъмирлаб, кам таъминланган ва чин етим фуқароларга уй-жой сифатида бериш вазифаси топширилган.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, давлат раҳбарининг ушбу топшириғи Президент администрацияси раҳбари тасдиқлаган «йўл харитаси»га ҳам киритилган. Лойиҳа қиймати 5 млрд сўм бўлган. Унинг 2,5 млрд сўм қисми туман ҳокимлиги (маҳаллий бюджет) ажратадиган субсидия, қолган қисми эса турар жой эгаларининг маблағлари ҳисобидан қопланиши айтилган.

 

Дастлаб бинони таъмирлаш ишлари «Qurilish Tv Max» МЧЖга юклатилади. Лекин номаълум сабабларга кўра, бу корхона таъмирлашни охиригача етказмайди.

Шундан сўнг бинони таъмирлаш бўйича «Беруний» МФЙ ва «Минор таъмир қурилиш» МЧЖ ўртасида шартнома тузилади. «Минор таъмир қурилиш» 1 млрд 300 млн сўмлик ишни бажаради.

Ҳокимлик пул бермагани сабабли ҳамма сарсон - тадбиркор

Корхона раҳбарининг сўзларига кўра, ҳокимлик бинони таъмирлаш ишларига 50 фоиз субсидия ажратиши, қолган 50 фоизини эса фуқароларнинг ўзлари тўлаши керак бўлган. Лекин шу вақтгача ҳокимлик фақатгина 300 млн сўм маблағ тўлаб берган. Қолган маблағ ўтказилмагани ортидан кўплаб муаммолар вужудга келмоқда.

«Минор таъмир қурилиш» МЧЖ раҳбари Ўткир Исмоилов

«Мана шу таъмирталаб уч қаватли бинонинг якуний ишларини тугата олмаяпмиз. Сабаби ҳокимлик пул бермаяпти. Натижада фуқаролар ҳам сарсон, ишчилар ҳам ойликларини олиша олмаяпти.

Бу уйлар кам таъминланган оилалар ва чин етимларга берилиши керак эди. Биздан олдинги тадбиркорларга 1 млрд сўмдан зиёд пул ўтказиб берилган. Лекин иш охиригача якунланмай чала ташлаб кетилган. 1 млрд сўмлик иш қилинмаган. Биз шу вақтгача 2,7 млрд сўмлик ишларни бажарган бўлсак ҳам пул ўтказиб берилмаяпти. Ҳокимлик шу вақтгача фақат 300 млн сўм пул берган, холос.

Фуқаролар ҳам уй олиш учун бошланғич пулларини банкка тўлаб қўйган. Ҳокимлик бизга 50 фоиз субсидия бериши керак. Қолган 50 фоизини фуқаролар тўлашади. Aгар ҳокимлик пул ўтказиб берса, биз икки ой ичида ишларни якунлаб чиқиб кетамиз. Ҳокимга жуда кўп марта мурожаат қилдик. Президент администрациясига ҳам хат билан чиқдим. Лекин натижа бўлмаяпти», дейди «Минор таъмир қурилиш» МЧЖ раҳбари Ўткир Исмоилов.

Қурилишда ишлаган ишчиларнинг аҳволи танг

Бир неча ойдан бери ишлаётган ишчиларнинг арзини эшитиб, одамнинг дили хира бўлади. Ҳалол меҳнати билан бола-чақасининг ризқини териб юрган бу ишчилар ҳамон ойлик олишмаган.

«Кўплаб ишчилар ойликларини олишмагандан сўнг уйларига кетиб қолишди. Биз ҳали ҳам юрибмиз. Ойликларимиздан умидвормиз. Бу бинодаги катта ҳажмдаги ишимизга яраша ойликларимизни олганимиз йўқ.

Ҳокимлик пул бермагани сабабли тадбиркор ҳам бизга ойлик тўлай олмаяпти. Кўп жойларга мурожаат қилдик. Лекин натижа йўқ. Бизнинг ҳам бола чақамиз бор. Уларга ҳам «эрта-индин пул тушади», деб турибмиз. Оиламиз ҳам қарз олиб яшаб турибди», дейди Намангандан келган ишчилардан бири.

Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигидаги ғалати воқеалар

Шундан сўнг Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигида бўлдик. Aммо ҳокимликда «ажойиб» ҳолат гувоҳига айландик. Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозими бўш тургани маълум бўлгач, ҳокимнинг тадбиркорлик ва иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Aлишер Каримжонов қабул қилди.

Аммо Aлишер Каримжоновнинг хатти-ҳаракатлари ва муомаласи бизни таажжубга солди. Ўзимизни таништириб, тадбиркор ва фуқароларни қийнаётган муаммо юзасидан изоҳ сўрадик.

Қизиғи, Aлишер Каримжонов тадбиркорни биринчи марта кўриб турганини, унинг муаммосидан хабари йўқлигини айтди. Тадбиркор Ўткир Исмоилов эса буни рад этиб, бизга у билан телефон орқали суҳбатларини эшиттирди.

Бундан-да ғалати ҳолат эса суҳбат жараёнида ҳоким ўринбосарининг ташаббуси билан миллий гвардия ходими ҳам иштирок этгани бўлди. Cуҳбат жараёнида ўринбосар ходимга «вазифаси» нима эканини ҳам эслатди.

Саволларимизни тугатмасимиздан, Алишер Каримжонов тушлик вақти бўлганини айтиб, соат 14:10да келишимизни, тадбиркор иши бўйича масъул ҳокимлик вакилини ҳам чақиртиришини, биргаликда суҳбатни давом эттиришини билдирди.

Aйтилган вақтда яна ҳокимлик биносига бордик. Ҳоким ўринбосари изоҳни қурилиш бўйича мутахассис беришини айтиб, унинг телефон рақамини берди. Aфсуски, берилган рақам билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Ўйлаб кўринг. Ҳокимликка борсангиз-у, ҳокимнинг муаммодан хабари бор ўринбосари «бу бўйича мен жавобгар эмасман, уни мутахассис билади», дея сиз билан гаплашишни хоҳламаса...

Ҳоким ўринбосарининг халқ уйи ҳисобланган ҳокимлик биносида ўзини худди уйида юргандек тутишига нима дейиш мумкин?.. 

Биз Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими билан қўнғироқлашдик. Aфсуски, ҳокимнинг: «Ҳозир айтаман, изоҳ беришади» деганига қарамай, ҳеч ким ҳолат бўйича изоҳ беришни хоҳламади.

Ваҳоланки, ўнлаб кишиларни безовта қилаётган муаммо бор. Ҳокимият расмийлари эса уни ҳал қилиш бўйича амалий ҳаракатлар ва ташаббуслар ўрнига, сансалорликка йўл қўйиб, ундан осон қутулиш йўлларини излашмоқда.

Қурувчининг сўзларига кўра, мазкур объектнинг капитал таъмирдан чиқарилиши ва шу ерлик эҳтиёжманд оилаларга имтиёзли шартларда берилиши устидан назорат учун президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев масъул этиб белгиланган экан.

Kun.uz мурожаатчи тадбиркор ва фуқароларни қийнаётган масала юзасидан воқеалар ривожини ёритиб боради.

Kun.uz мухбири Раҳматилло Исроилов,

Тасвирчи Отахон Юсупов.

 

Мавзуга оид