Ўзбекистон | 17:39 / 15.03.2021
82748
9 дақиқада ўқилади

Сайловчилар фақат ҳайдовчилар эмас. Кушербаевнинг ҳақоратли пости, унинг ўчирилиши ва қоидабузарликдан хабар берувчилар ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев йўллардаги қоидабузарликни расмга олиб пул ишлашга оид тартибни «козёллар» жамиятини яратиш, деб баҳолади. Депутатнинг сўзларига кўра, арзимас пулга бировларнинг қоидабузарлигини сотган одам, каттароқ пулга Ватанни ҳам сотиши мумкин экан.

Расул Кушербаев ўз Телеграм каналида йўллардаги қоидабузарликларни суратга олиб ДЙХҲБга жўнатувчилар ҳақида пост қолдирди. Видеомурожаат шаклида қилинган пост остида депутат аввал «Хусусий радар [ўрнатиб] ҳамда қоидабузарликни расмга олиб, сотиб пул ишлаётганлар ҳақида: улар бугун 10 минг сўм учун одамларни сотса, эртага 100 минг сўм учун Ватанини ҳам сотиши мумкин», дея изоҳ қолдирди.

Сал ўтмай изоҳ «Қоидабузарликни расмга олиб пул ишлаётганлар ҳақида: улар бугун 10 минг сўм учун одамларни сотса, эртага 100 минг сўм учун Ватанини ҳам сотиши мумкин», деб ўзгартирди.

Яна бироздан сўнг эса постни ўчирди. Лекин видеомурожаат вирусли видеога айланиб, телеграмдаги турли каналларда айлана бошлади.

Ўзи, қоидабузарликларни суратга олиб, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига жўнатиш масаласида сўнгги вақтларда жамият икки фронтга бўлинган эди. Кушербаевнинг гапини маъқуллаганлар ҳам, унга қарши чиққанлар ва уни популистликда айблаганлар ҳам.

Ҳа, бошдан-бош кимлардир бу ишни оқлаяпти, яна кимлардир (асосан, ҳайдовчилар) мутлақо ёқламаяпти. Бу иш мусулмончиликка тўғри келмайди, деган гаплар рўкач қилинмоқда.

Мен ҳам бу борада ўзимнинг шахсий субъектив фикрларимни ҳамда айрим таклифларимни беришга жазм қилдим.

Шу ўринда, ўзим ҳақимда: 2006 йилдан буён машина ҳайдайман. Имкон қадар қоида бузмасликка ҳаракат қиламан. Тўғри, йилда 1-2 марта жарима тўлайман, бусиз иложсиз. Вилоятларда юраман, асосан, нотаниш йўлларда тезликни ошириб, радарга тушаман. Умуман, билиб-билмай қилган бирор қоидабузарлигим учун тўхтатилиб, жаримага тортилсам — ҳушёр тортаман, ўша қоидабузарликни ҳеч қачон қайта қилмайман, ўша жойда доимо ҳушёр бўламан. Ўйлайманки, кўпчиликда шундай.

Йўллардаги рақамлар нимадан сўзлайди?

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, карантин жорий этилиб, айрим ойларда республика бўйлаб автомобиллар ҳаракати чекланган 2020 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистонда қарийб 4300та ЙТҲ содир бўлган. Унда 3886 нафар одам жароҳатланган, 1293 нафар инсон ҳалок бўлган. 2019 йилнинг уч чорагида бу кўрсаткич 4804та ЙТҲ, 5058 нафар жароҳатланганлар ва 1398 нафар ҳалок бўлганларни ташкил этганди.

2020 йилнинг 9 ойида жами қарийб 4 миллионта қоидабузарликнинг ярмидан кўпи — 2,1 миллиони қўпол қоидабузарликлардир.

ИИВ ЙҲХББ ҳали 2020 йил учун якуний статистикани эълон қилмаган. Натижа янада даҳшатлироқ кўриниш олади, бу — аниқ. Буларга ҳеч ким кўрмай қолган қоидабузарликларни ҳам қўшинг. Чамаланг ва Ўзбекистондаги 3 миллиондан зиёд автомобилларга бўлинг.

Эътирозга сабаб бўлаётган ташаббус

Албатта, қўпол қоидабузарликларни фақат жарима ёрдамида бартараф этиш мумкин. ЙПХ ходимлари кўп эмас, бутун йўлларни фақат уларнинг ўзи билан назорат қилиш имконсиз. Йўлларни, чорраҳаларни камералаштириш ҳам етарли натижа бермаяпти. Чунки минглаб камераларда акс этаётган қоидабузарликни кузатиб, аниқлаб бориш ҳам катта ишчи кучи талаб этади.

Шу важдан, ДЙҲХБнинг фуқаролардан мадад сўраши ва бу «беминнат хизматлари» учун мукофот пули ваъда қилишини ҳам тушуниш мумкин. Мақсад — кўпчилик ўйлаганидек, «камбағалнинг ёқасини йиртиш» эмас, йўллардаги ҳаракатни бироз бўлса-да тартибга солиш.

Ҳайдовчилар (айниқча киракашлар)нинг эътирозига сабаб бўлаётган нарса эса, телефони билан «давлат хизмати»га отланган фаол фуқаролар чиндан ҳам қўпол, одамлар ҳаётига таҳдид соладиган ҳаракат чоғидаги қоидабузарликлар эмас, тўхташ тақиқланган жойларда тўхтаб турган автомобилларни суратга олиб юборишлари бўлмоқда. Бу ишни касб қилиб олганлар борлиги иддао ҳам қилинмоқда (Гарчи бу бир тахмин, бунга аниқ бир исбот йўқ бўлса-да). Чунки бу қоидабузарликнинг жаримаси кичкина эмас — 735 минг сўм. Ўзбекистондаги ўртача маошнинг қарийб ярмига тенг. Киракашлар ҳам ойига ишласа, тийинни тийинга улаб 3 миллионча пул топади. Битта жарима даромаднинг чорак қисмини «ўпириб» кетади.

Айнан мана шу жиҳат «каламушлик», «жосуслик», «чақимчилик», «козёллик» ёмон одат эканлиги, карантиндан зўрға жон сақлаб чиққан «камбағалнинг ризқини қийганлик», «эркак кишининг иши эмаслиги», «бу йўл билан топилган пуллар ҳаром» эканлиги борасидаги гап-сўзларни урчитмоқда.

Аммо йўл қоидасини бузиш ҳам мумкин эмас, уни кечириб юбориш, жарималар миқдорини камайтириш ҳам ярамайди. Айниқса, қоида қасддан бузилса. Бу томони ҳақида эътирозчилар камроқ гапиришмоқда. Ҳолбуки, шу айтилаётган қоидабузарликларни ЙПХ ходими аниқлаб расмийлаштирса — ҳеч қандай эътироз йўқ.

Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган йўл борми?

Бор!

Катта шаҳарларда тўхташ тақиқланган зоналар тўлиқ камералаштирилиши керак. Шу белги ўрнатилдими — албатта камераси ҳам бўлсин. Жарима катта, ўзини оқлайди.

Фуқаролардан бу қоидабузарлик бўйича видеоматериаллар қабул қилинмасин, мукофот пули берилмасин.

Камералар ва радарлар ўрнатишни хусусий тадбиркорларга бериш ҳақида гапирилди. Ана шундай зоналарни аукцион орқали тадбиркорлар (ЯТТ ва юридик шахслар)га ҳам бериш мумкин. Моҳиятан, бу камерани давлат ўрнатди нима, фирма ҳужжатлаштириб ўрнатди нима? Мақсад — қоидабузарликни қайд этиб, унинг такрорланишига йўл қўймаслик.

Албатта, бу ҳолатда камералар туширадиган тасвир воситасида тўхташ мумкин бўлмаган жойда маълум бир вақт оралиғидан, айтайлик, 1-5 дақиқадан кўпроқ тўхтаб турган автомобилларни жаримага тортиши керак бўлади. Тўхтаб, йўловчисини тушириб кетган киракашни эмас.

Ёки худди чет эллардагидек, катта шаҳарларда маҳаллий ҳокимлик қошида нотўғри «парковка» билан шуғулланадиган, машиналарни эвакуаторга ортиб олиб кетадиган департаментлар ташкил этилиши керак.

Яна бир муҳим жиҳат: ҳаракат чоғида олинадиган қоидабузарликлар фақат автомобилларда ўрнатилган видеорегистраторларнинг сана ва соатлари кўрсатилган тасвирлари билан қабул қилиниши керак. Чунки қоидабузар ҳайдовчининг нечоғлик хавфли вазият содир этганини бошқа бир ҳайдовчи жуда яхши баҳолай олади.

Қоидабузарликлар хавфли вазиятлар келтириб чиқариши мумкин бўлган участкаларда (светофорларда) ҳам тўлиқ камералаштирилиши керак. Хусусий фирма ва тадбиркорларга ана шундай жойлар аукцион орқали топширилиши лозим.

Чунки, камерага туширишни касб қилиб олган (ҳайдовчиларнинг нафратга дучор) шахслар каби, қоидабузарликни касб қилиб олган ҳайдовчилар ҳам йўлларимизда талайгина. Улар бировнинг йўли, вақти, соғлиғига дахл қилишмоқда. Ким машина ҳайдаса — бу гапимга қўшилмасдан иложи йўқ. Ҳаммамиз йўлларда тирбандлик чоғи йўлнинг қарама-қарши қисмидан чиқиб юрадиган, светофорнинг қизил чироғини назар-писанд қилмайдиган «учар»ларни деярли ҳар куни учратамиз.

Улар айнан ЙПХ ходими қоидабузарлигини кўрмаётгани учун қоида бузади. Бундай қасддан содир этган қоидабузарлигини ошкор қилганларни албатта, у ёмон кўради. Лекин «камерачилар» пайдо бўлганидан буён барибир жуда кўпчилик уёқ-буёғига қараб юрадиган бўлди.

Шу сабабли бу ташаббусдан бутунлай воз кечмаслик керак. Барибир у йўлларимизни тартибга тушиши, ҳайдовчиларимизнинг қоида бузишларини камайтиришга хизмат қилади. Ҳозир биз ҳавас қиладиган жуда кўп давлатлар аввал бошдан шундай қилиб тартиб-интизом ўрганган.

Кушербаев ва у билан ҳамфикрлар эса кимлардан «дивиденд» олмоқчи бўлаётганини яна бир қур ўйлаб кўрса бўларди (Ҳурматли депутат, сизга фақат «шопирлар» эмас, пиёдалар ҳам овоз беради. Ўзбекистонда эса ҳозирча ҳар 10 одамдан фақат бирида машина бор, холос).

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти

P.S. Баъзи бир таклифларим билан ҳам ўртоқлашмоқчиман: Айрим жарималарни ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Масалан, автобус бекатлари ва тротуарларга автомобилни парковка қилганлик учун ҳам жарима 3 БҲМгача оширилиши керак. Автомобил эгалари ҳеч қанақасига пиёдалар учун ажратилган зонани эгаллашга ҳақли эмас ва бунинг учун яхшироқ жазоланиши лозим.

Тезлик учун жарималар ҳам «биринчи марта учун бунча», «иккинчи марта учун бунча» тарзида белгиланишидан воз кечавериш керак. Барибир фоторадарлар пайдар-пай тушганларга ҳам худди у йил давомида биринчи марта тушгандек ёзяпти жарималарни. Фақат белгиланганидан 20 км/соатгача кўп, 21-40 км/соат оралиғидаги ва 41 км/соатдан юқори тезликлар учун жарималар қолдирилса бўлди.

Яна катта магистрал йўл ёқаларидаги аҳоли пунктларида фоторадарлар кўпайтирилиши керак. Магистрал йўл ёқаларидаги мактаб ва боғчалар олдида тезлик лимити иш кунлари 50 км/соатгача пасайтирилиши ва албатта радар қўйилиши лозим.

Мавзуга оид