Иқтисодиёт | 21:33 / 16.03.2021
11202
3 дақиқада ўқилади

«Эркин савдонинг йўқлиги Ўзбекистон учун катта тўсиқ бўлмоқда». Германиялик мутахассис экспорт ривожидаги муаммолар ҳақида

Ронни Хайне бюрократия, божлар, эркин савдонинг йўқлиги, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг етишмаслиги Ўзбекистон экспорт тизими ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллар эканини айтди.

Германиянинг «Konrad Adenauer» жамғармаси минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ронни Ҳайне Kun.uz мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон экспорт тизимида мавжуд тўсиқлар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида гапирди.

Мутахассиснинг айтишича, бюрократия, эркин савдо ва бошқа бир қанча муаммолар экспорт салоҳияти ўсишига тўсиқ бўлмоқда.

«Ўзбекистон экспорт тизими ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллардан биринчиси – бюрократия.

Кейин савдо соҳасидаги мавжуд тўсиқлар, яъни бож ва шу билан боғлиқ муаммолар салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, пандемия ҳам сезиларли таъсир кўрсатди дея оламиз.

Агарда пандемияни йўқ деб фараз қиладиган бўлсак, асосий тўсиқлар савдо билан боғлиқ бўлиб чиқади. Яъни атрофдаги мамлакатлар билан эркин савдонинг йўқлиги, менимча, Ўзбекистон экспорт салоҳияти ўсиши учун энг катта тўсиқ бўлмоқда.

Европа иттифоқини мисол қилиб айтсак, Германия мазкур иттифоқ аъзоси. Иттифоқда товарлар ва хизматлар эркин айланиши ва ҳаракатланиши тўғрисида битим мавжуд. Бу менимча, иқтисодни ривожлантириш учун энг яхши ва тўғри йўл.

Шундай имкониятлар Ўзбекистонда ҳам бор деб ўйлайман. Балки шундай савдо тўсиқларини атрофдаги мамлакатлар билан бартараф этиш йўли бордир.

Германиянинг «Konrad Adenauer» жамғармаси минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ронни Ҳайне

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Европа иттифоқи билан GSP+ шартномасига имзо чекиб, ундан фойдаланадиган бўляпти.

Бу ҳам савдо соҳасида Европа бозорига кириб бориш учун катта қадам. Лекин нафақат Европа иттифоқи, балки бошқа минтақалар ҳам бор. Улар билан ҳам яхши алоқалар ўрнатилса, тўғри бўлар эди.

Навбатдаги энг муҳим масала – рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш зарурияти.

Албатта, Ўзбекистонда бундай маҳсулотлар йўқ эмас. Аммо уларни кўпайтириш керак. Салоҳиятни кучайтириш лозим. Бу иқтисодиёт вакиллари, тадбиркорлар билан, уларда янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги ва яхши ғоялар пайдо бўлиши билан боғлиқ жараён», деди мутахассис 16 март куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон экспорт салоҳиятини ўстириш масаласига доир халқаро давра суҳбатида.

Аввалроқ, Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров экспортчи тадбиркорларни қийнаётган долзарб муаммолар ҳақида гапириб, банкларда экспорт учун махсус хизматлар мавжуд эмаслиги, ҳокимликлардаги «экспорт режаси» тизими совет давридан қолгани, бу эса тизимда бюрократия ва коррупцияни келтириб чиқараётганини айтганди. 

Мавзуга оид