Kun.uz’да иқтисодий хабарлар таҳлили лойиҳасининг навбатдаги сонида молиячи Отабек Бакиров ҳамда Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов аҳолининг уй-жойларга бўлган талаби, кам таъминланган қатламга уй жой хариди учун субсидиялар ажратиш, шаҳарларда қурилаётган уйлар ва инфраструктуралар ҳақида суҳбатлашишди. 

Бошловчи, Алишер Рўзиохунов: — Президент иштирокида бўлиб ўтган видеоселекторда уй-жой масаласи, аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурида белгиланган вазифаларга эътибор қаратайлик. Одамларнинг уй-жойга талаби юқорилиги ва уй-жой нархларининг қимматлигини бир сўз билан қандай таърифлаш мумкин?

Шерзод Ҳидоятов: «Ҳозир уй-жойга талаб юқорилигига сабаблардан бири менталитетимиз билан боғлиқ: серфарзандмиз, улар тез улғайишади ва уларни уй-жой билан таъминлашни ўйлаймиз. Бундай ўйлаб қарасак, чет давлатларда ҳамманинг ҳам ўзининг шахсий уйи йўқ. Улар кўпроқ ижарада яшашади. Ижара тизими ҳам уларда яхши ривожланган. Бизда ижара тушунчаси сал бошқачароқ. Ҳамма «ўз уй-жойим бўлсин», дейди. Уй-жой бутун дунёда қиммат. Чет давлатда кўпчилик топаётган маблағига қараб, ижарада яшайди ва ундан орттирганини уй сотиб олиб пулни музлатгандан кўра, бизнес қилади ёки банкка қўйиб, пулини айлантиради. Чунки уйга жуда катта маблағ кетиб қолади. Улар ижарада яшаганда ҳам нимадир тўғри келмай қолдими, ижара жойини ўзгартираверади».

Шерзод Ҳидоятов

— Видеоселекторда Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов вилоят ҳудудида беш йил давомида ундан олдинги даврга қараганда ҳали қурилмаган уй темпи шунақа баландладики, бу каррасига ошиқ бўлди, деди. Умуман , уй-жой нархларининг ошиши сабаби уйларнинг олдинги эпохада кам қурилгани ва жадаллашгани билан ифодаланадими ёки умуман одамларда уй сотиб олиш учун даромадлари ошиб эндиликда кўп уй сотиб олиш учун талаб ортмоқдами? Ёки аҳоли сони ошгани бунга сабабми?

Шерзод Ҳидоятов: «Бир уйда кўп оила яшаганда можаро келиб чиқмоқда. Илгари, билсангиз, кўп оилалар серфарзанд, ака-укалар ҳозиргидек бир-бири билан ажримгача олиб келадиган даражада уришиб ёки бошқа кўнгилсиз воқеалар кам содир бўларди. Ҳозир, назаримда, аҳоли ҳам иш билан таъминланиб, ишлаб чиқариш ривожланмоқда. Шундан келиб чиқиб, уй-жойга талаб ошиб бормоқда. Ипотека сўрашмоқда ёки маблағи борлар уй сотиб олишмоқда. Тошкент шаҳри улкан қурилиш майдонига айланган. Нафақат пойтахт балки бутун республика вилоятлари, туман марказлари ҳам шундай, кўп уйлар қурилмоқда. Бунга сабаб — уй-жойга талаб ошгани ва жуда кўп тадбиркорлар қурилиш соҳасига кириб, ўз бизнесини ривожлантиряпти».