Kun.uz Ўзбекистон ва хорижда фаолият олиб бораётган ватандош мутахассисларни мактаблардаги таълим сифати мавзусида муҳокамага чорлади.

Унда Ўзбекистон ва дунёда мактаб таълимидаги тенденциялар, муаммолар ва баҳсли масалалар ҳақида сўз борди.

Шуҳрат Сатторов, Республика таълим маркази директори:

— XXI асрда инсонларни ҳаётга тайёрлаш қанчалик ўзгарди ва бизда бу қанчалик амалга оширилмоқда. XX асрда кадрлар тайёрлашда фабрикача усул қўлланилган. Инкубация, яъни ҳаммага бир хил нарса ўқитилган ва ўргатилган. Бу ҳамманинг бир хил фикрлашига олиб келади. Бу – жамият учун деярли фожиа, чунки рақобат йўқолади. Бизда шу сақланиб қолган ва таълимда энг катта ўзгартириш керак бўлган муҳим жиҳатлардан биридир.

Шуҳрат Сатторов

Айни пайтда Ўзбекистонда шу фабрикача, ҳаммани бир хил фикрлашга ўргатадиган тизимдан секин-аста воз кечишга ҳаракат қиляпмиз. Бугун таълимда индивидуал қизиқишлар юзага чиқиши керак. Ҳар бир боланинг қизиқиши ва қобилиятига қараб ўзига хос ёндашув йўлга қўйилиши керак.

Биз XXI асрда яшаяпмиз, аммо дарсликларимиз XX асрдаги фақат маълумотга, матнга асосланган ҳолда қолмоқда. Методикамиз ҳам шу аҳволда. Энди болаларимизда кўникма шакллантирувчи таълим керак, улар келажакни мўлжалга олишни ўрганишлари керак.

Энди тестларни ёдлаб институтга кириш эмас, ҳаётда муваффақиятга эришиш, бахтли бўлиш учун кўникмаларни шакллантириш асосий мақсад бўлиб турибди.

Мардон Юсупов, математика ўқитувчиси (Буюк Британия):

— Таълим тизими сифати ўқитувчилар сифатидан оша олмайди, деган гап бор. Демак, бу ўрганиш жараёни билан боғлиқ бўлиб, шу жараённи бошқарувчи ўқитувчилар малакасини оширишга, ўқитувчиларни тайёрлашга катта урғу бериш керак. Боладаги ўзгаришнинг катта қисми шу муҳитда рўй беради. Ўқитувчи жараённи дизайн қилувчи шахс: шу процессни тузади, бошқаради ва такомиллаштиради. Таълим инфраструктураси эса унга яхши шароитни яратиб бериши керак. Шундагина таълимда сезиларли ўзгариш бўлиши мумкин.