«Хуршед барака сервис» МЧЖ раиси ўринбосари Муҳайё Сарибоева икки йил аввал Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида суднинг янги биносини қуриб бергани ва бир йил ўтиб мазкур бинода қурилиш корхонасининг ўзини суд қилишгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.


Маълум бўлишича, тендер савдолари ўтказиш бўйича вилоят комиссиясининг 2018 йил 19 сентябрдаги йиғилиш баёнига асосан «Хуршед барака сервис» МЧЖ 6 млрд 638 млн 468 минг сўмлик қурилиш ишларини 280 кун муддатда фойдаланишга топшириш шарти билан ғолиб бўлиб, Тойлоқ туманидаги жиноят ишлари бўйича туман, туманлараро иқтисодий ва фуқаролик судлари биносини қуриш ҳуқуқини қўлга киритган. Ўша йилнинг 25 сентябрида Самарқанд вилояти ҳокимлиги инжиниринг компанияси билан шартнома имзоланади.
2019 йил декабрида Давлат қабул ҳайъати қурилиши тугалланган бинони фойдаланишга қабул қилиш бўйича далолатномани расмийлаштиради. Пудратчи «Хуршед барака сервис» МЧЖ томонидан бажарилган ишлар тўғрисида 2019 йил 19 декабр куни 6 млрд 638,5 миллион сўмлик ҳисоб-фактура маълумотномаси ҳам расмийлаштирилади. Тегишли шахслар имзолагач, вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси томонидан қабул қилиб олинади.
Демак, бундай олиб қаралганда, ҳаммаси жойида, бино қуриб берилган, эътирозлар бўлмаган ва тантанали тарзда суд ходимларига топширилган. Очилиш маросимида Олий суд раиси Козим Комилов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этган эди.



«Ҳақиқатда корхонамиз томонидан суд биносининг қурилиши учун 6 млрд 638 млн 468 минг сўмлик иш бажарилиши лозим эди. Аммо биз сметада кўрсатилган ишларни бажаришимиз давомида буюртмачи томонидан қўшимча жиҳозлар олиб келиб ўрнатиш талаб қилинди. Хусусан, Олий ва маҳаллий суд ходимлари билан ўтказилган сайёр йиғилишларда ҳамда оғзаки кўрсатмаларда лойиҳада кўрсатилган иш турини бошқасига алмаштириш, яъни лойиҳа-сметада кўрсатилган воситалар ўрнига қўшимча қурилиш ишлари олиб бориш, оргтехника ва мебел жиҳозларини кўпайтиришни сўрашди. Бажарилган иш, мебел ва жиҳозларни қайта ҳисоб-китоб қилиш орқали бизнинг қўшимча иш ҳақимиз тўлаб берилиши керак эди.



























