12:31 / 27.03.2021
8161

«Дастурга киритилди, дастурдан чиқарилди ва яна киритилди...» - Оқдарёдаги 30-мактаб филиали ҳамон хароб аҳволда

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 30-мактабнинг Тарнов қишлоғида жойлашган филиали ўтган асрнинг ўрталарида қурилган учта хонадан иборат хароба бир бино. Ана шу филиални қайтадан қуриб бериш учун аҳоли кўп йиллардан буён тегишли идораларга мурожаат қилиб келади.

Биринчидан, мактаб биноси жуда хароб, авария ҳолатида, иккинчидан, замонавий таълимни англатувчи ҳеч нарса йўқ. Қолаверса, мактабнинг асосий биноси ҳам 2,5 км узоқликда. Бугунги қишлоқ йўллари шароитида болалар бунча масофага қатнай олишмайди. Айниқса ёмғирли кунларда болажонларнинг бир кўча нарига одимлаши ҳам амримаҳол.

Тарнов қишлоғи ёшлари билимга чанқоқ, мактаб жамоаси билан суҳбатда билдикки, бу қишлоқ болалари неча йилларки туман, вилоят олимпиадаларида ғолиблар сафидан жой олиб келади. Мактаб директорининг сўзларига кўра, шу мактабда ўқиб, 9-синфдан сўнг лицейлардан бирига ўтган собиқ ўқувчилар ўртасида халқаро фан олимпиадаси ғолиби ҳам бор.

30-мактабга қатнайдиган ҳудуддаги бешта қишлоқ ўқувчилари ўртасида олий ўқув юртларига ўқишга кирадиганлар орасида тарновликлар энг кўпини ташкил этади. Жами мактаб миқёсида 49 нафар битирувчидан ўн нафари бу йил талаба бўлган.

«Мактаб бўйича мурожаатларимиз кўпинча эътиборга олинади, дастурга киритилади, хурсанд бўламиз, аммо кўп ўтмай яна дастурдан чиқариб ташланади. 2018 йилда ҳам мактабимиз қайта қурилиши маълум қилинган эди. Аммо кўп ўтмай Халқ таълими ва Молия вазирлиги томонидан дастурдан чиқариб ташлангани айтилиб, яна қолиб кетди. Мана энди 2021 йилда мактабимиз қайта қурилиши, бу режа дастурга киритилгани ҳақида маълум қилишди», дейди мактаб директори Абдураҳмон Асроров.

Аҳолининг мурожаатлари асосида 2018 йилда ҳам айнан шу мактаб муаммоси сайтда ёритилган, ўшанда ҳам мактаб жамоаси бино қурилиши вазирлик томонидан дастурдан чиқарилгани, аммо 2018 йил дастурига киритилганини айтганди. Аммо мактаб 2019 йилда ҳам қурилмаган экан.

Мактаб жамоаси ҳам, қишлоқ аҳли ҳам ўқувчиларнинг 2,5 километрга қатнаб ўқиши оғир эканини айтмоқда. Айниқса қиш кунларида қишлоқ йўлларида юриш улар учун имконсиз. Ёки янги бино қуриш керак ёки шу бинонинг ўзини реконструкция қилиб бериш керак.

Ўқитувчилар 180 нафар ўқувчи тақдири масаласида мутасаддиларнинг гапларига умид қилишмоқда. «Агар бизга айтилган режалар амалга ошса, 1 сентябрдан янги ўқув йилини янги бинода бошлашимиз керак», дейди мактаб вакиллари.

Муаммони ўрганиш чоғида қишлоқ вакиллари ҳам келиб ўз фикрларини билдиришди. Улардан бири Шокирхон Қиличев бошқа муаммоларни ҳам санади.

«Мактабнинг асосий биносига қатнаш оғирлиги ягона муаммо эмас. Аввало, филиал биносининг ўзи ниҳоятда эски ва авария ҳолатида, замонавий ўқув жиҳозлари йўқ. Телевизорда юртимиздаги бошқа мактабларни кўрсатишади, жуда чиройли-да... Бизнинг фарзандлар ҳам тузукроқ мактабда ўқисин, деймиз», дейди у.

Оқдарё туман халқ таълими бўлими вакили Музаффар Салаевнинг сўзларига кўра, 2018 йилда мактаб биноси учун 1,6 гектар ер ажратиб берилган. Вилоят халқ таълими бошқармасига 176 ўринли мактаб филиали қуриш учун таклиф берилган.

«Ҳозирда халқ таълими вазирлиги таклифимизни кўриб чиқяпти. Энди янги қуриладиган бино мактаб филиали эмас, балки алоҳида мактаб бўлади. Чунки талабга қараб янги мактаблар ҳам қуриб борилади. Мисол учун, тумандаги 50-мактаб филиалида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бор эди. Эндиликда ўша филиал ёпилиб, ўқувчилар янги мактабда таълим олишяпти.

Тарновликлар учун мактаб қурилиши муддатини эса аниқ билмаймиз. Чунки биз фақат таклиф бера оламиз. Таклиф бошқарма ва вазирлик вакиллари иштирокида жойида ўрганилди. Шу йил мактаб қурилиши айтилмоқда», дейди у.

Янги мактаб қурилиши учун туман ҳокими қарори билан ажратилган ер

Халқ таълими бошқармаси мутасаддиларидан билдикки, Оқдарёдаги 30-мактаб филиали қурилиши бу йил ҳам дастурга киритилмаган. Бошқарма вакили буни аслида қайта қуриш ёки реконструкция қилиш шарт бўлган мактаблар оз эмаслиги, ҳаммасини киритишнинг имкони йўқлиги билан изоҳлади.

Бошқа томондан, тарновликлар муаммо ечимига умид қилса бўладиганга ўхшайди. Вилоят ҳокимлиги томонидан 2021 йилги инвестиция дастурига қўшимча тарзда таклиф этилаётган қурилиш ва реконструкция объектлари манзилли дастури ишлаб чиқилган. Вилоят ҳокими тасдиқлаган ана шу дастурнинг 9-бандида айнан биз тилга олган мактаб қурилиши ўрин олган. 2021 йил 1 сентябрда бинонинг фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. 

Демак, агар юқоридаги манзилли дастур амалга ошса, ота-оналар, мактаб жамоаси ва ўқувчилар орзусидаги мактаб албатта қурилади. Аниғини сентябрда билиб оламиз.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири,
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи ва монтаж устаси.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top