Бизнинг ҳам шонли ўтмишимиздан ҳикоя қилгувчи қадимий битикларимиз бор. Афсуски, улар мозий талатўплари боис тарихнинг тошбекатларида қолиб, ўз жойларини бошқа имлоларга бўшатиб беришларига тўғри келган. Минг йилдан зиёд вақт давомида араб, кейин эса лотин ва кирилл ёзувларидан фойдаландик. Гарчи она тилимиз бошқа халқларнинг «имловий либоси»ни кийган бўлса-да, ўз тийнатини йўқотмади, руҳини асраб қолди.

Аслида, дунёга боқсак, кўҳна имлосидан узилиб, умумий ёзувлардан фойдаланаётган халқ фақат биз эмасмиз: аксарият миллатлар давр талабларига мос, ўқиш ва ёзишга қулай ёзувларни қабул қилишган. Фақат, қабул қилиш жараёнида ёзувни улар ўз тиллари табиатига имкон қадар мувофиқлаштирган.

ХХ аср бошида маърифатпарвар боболаримиз ҳам шу тамойилга суяниб, аввал араб, кейин эса лотин ёзувини она тилимиз талабларига мослаштиришга ҳаракат қилишган. Хусусан, 1919 йилда Тошкентда Абдурауф Фитрат бошчилигида тил-имло масалалари билан шуғулланувчи тўгарак – «Чиғатой гурунги» жамияти ташкил топади ва араб ёзувини ўзбек тилига мослаб ислоҳ қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади. Бу таклифларни Элбек каби илғор зиёлилар қўллаб-қувватлайди. Табиийки, имлони такомиллаштиришга оид таклифлар ҳаммага ҳам бирдай маъқул келмайди. Шу боис 1921 йилнинг 1-5 январ кунлари Тошкентда бўлиб ўтган биринчи ўлка ўзбек тили ва имлоси курултойида сўзга чиққан Фитрат уларга қарата: «Янги имлочиларимиз ҳузурингизга чиқиб, ўз асосларини арз этдилар ҳамда айталарким: эски имло билан ёхуд эски имлосизлик билан саводсизликни битириш, билимни умумлаштириш мумкин эмасдир. Саводсизликни битирмак истасалар, қоидали бўлғон асосларимиз қабул этилсин!» дейди. Анжуманда қатнашган Боту эса мутлақо янги таклифни ўртага ташлайди: «Маданиятда ортда қолғон миллат – ёзуви ортда қолғон миллат демакдир... Эмди мен бу ерда эски ёки ўрта имлочилар тўғрисида сўйлаб ҳам турмайман, чунки у бўлмағур бир нарса... Мана шунинг учун бутунлай ҳозирги араб ҳарфларини ташлаб, кўб миллатлар томонидан қабул бўлғон лотин ёзувини тилимиздаги товушларга мувофиқ бир ҳолға келтуруб қабул қилиш керакдир».

Мана, ўша тарихий қурултойдан сўнг орадан роппа-роса 100 йил ўтди – йигирма биринчи асрнинг йигирма биринчи йилида турибмиз – лекин ҳали-ҳануз лотин ёзувини она тилимизга мослаб қабул қилиш ҳақида бош қотиряпмиз. Ҳолбуки, ўтган юз йил ичида имло соҳасида кўп машаққатли эврилишларни бошдан кечирдик: лотин ёзувини расман давлат алифбоси сифатида қабул қилдик (1928 йил), уни ислоҳ қилдик (1934 йил), кирилл ёзувига ўтдик (1940 йил), яна лотин ёзувини жорий этдик (1993 йил), тағин ислоҳ қилдик (1995 йил), бироқ мақсадимизга тўла-тўкис эриша олмадик. Нега? Сабаби, биз миллий алифбони жорий этишда илмий-мантиқий талаблардан кўра кўпроқ бошқа тамойилларга суяндик ва бунинг аччиқ меваларини бугунгача тотиб келяпмиз.