Инсон аъзолари трансплантациясининг қонуний асосларини яратиш керак — Шавкат Мирзиёев
Тиббиётдаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев сўз олди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Тиббиётни ислоҳ қилиш осон эмас. Буни яхши тушунаман, бунинг учун дунёқараш ўзгариши керак. Олмалиқда Тиббиёт академиясининг филиалини ташкил қиламиз деган режамиз бор эди. Бу масалани жадаллаштириш керак.
Республика ихтисослашган марказларнинг вертикал иш тизимини такомиллаштириб, уларни оилавий шифокор пунктлари билан боғлаш зарур. Ҳар бир ихтисослашган марказга алоҳида талаб бўлади. Вилоятларда филиали бўлмаган марказ энди керак эмас. Ҳали шундай вақтлар келади, туманларда ҳам филиаллар очамиз.
Тошкент шаҳридаги шифохоналарни хатловдан ўтказиш натижасида, 30-40 фоиз шошилинч тиббиёт ўринларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Натижада, оилавий шифокорлар томонидан режали даволанишга берилаётган ордерлар сони 6 бараварга ошиб, йилига 50 мингтага етказилди (ўтган йили пойтахтда 8 мингта ордер берилган).
Шунингдек, ўтган йили ихтисослашган марказларда даволанишга муҳтож 84 минг нафар бемордан атиги 51 минг нафари (61 фоиз) бепул ордер билан таъминланган.
Жорий йилда бунинг учун маблағ деярли 1,5 бараварга кўпайтирилиб, қўшимча 80 миллиард сўм ажратиб, жами 250 миллиард сўмга етказилади.
Яна бир масала – ўтган йилда биргина Хирургия марказига мурожаат қилган 900 нафардан ортиқ беморларга донорлар яқин қариндоши бўлмагани учун операцияни ўтказиш рад этилган.
Оқибатда, кўпчилик фуқароларимиз хорижда ушбу операцияни ўтказишга мажбур бўлмоқда. Олий Мажлис палаталари (Норбоева, Исмоилов) бир ой муддатда инсон аъзолари трансплантациясининг қонуний асосларини яратиш масаласини кўриб чиқишлари керак.
Буни президент талаби эмас, халқимизнинг эҳтиёжи деб ҳисоблаб, кўриб чиқинглар», – деди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
19:45 / 06.02.2024
Электромобил тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди
19:10 / 22.01.2024
Президентга спортдаги натижалар ва режалар бўйича ахборот берилди
19:05 / 22.01.2024
«Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» ташкил этилади
09:47 / 19.01.2024