Ўзбекистон | 20:45 / 02.04.2021
46967
9 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Абдураҳмонов — мемга айланган сурати, табақалашув ва «муҳтарам президент» сўзини кўп қўллаши ҳақида

Kun.uz вилоятлар ҳокимлари билан интервьюлар ташкил этмоқда. Дастлабки суҳбатдошимиз – Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бўлди.

Интервью ўтган ҳафта эълон қилиниб, илк қисми матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.

— Бир неча ой аввал сизнинг олов ёқиб, стулда ўтирган суратингиз ижтимоий тармоқларда кўплаб мемларга сабаб бўлди. Воқеа аслида қандай бўлган эди?

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

— Бу суратга салбий фикр билдирганларга менинг ҳам қўштирноқ ичидаги салбий жавобларим бор: умрлари узоқ бўлсин.

Бу воқеа Асака туманидаги Улуғбек деган маҳаллада бўлган эди. Менга маълумот беришларича, бу маҳалла тумандаги аҳволи энг оғир маҳалла бўлган. Шуни билгач бу маҳаллага қўққисдан бордим. Адирлик тепасидаги маҳалла экан. Пастда қор йўқ, лекин маҳаллада қор бор. Аҳолисининг 50-60 фоизи – тожик, 40 фоизи эса ўзбеклар.

Маҳалла аҳволи шундайки, йўлларда юриб бўлмайди, электр симёғочлар йўқ, сув йўқ, мактаб-боғчани гапирмайман, ишлаб чиқариш, ишчи ўрни ҳақида гапириш ҳам мумкин эмас.

Қишлоққа тушдан кейин етиб бордим. Тушлик ҳам қилмагандим. Ҳаво жуда совуқ. Борганимдан кейин одамлар тўпланди. Муаммоларини айтишни бошлади. Уларнинг ўша кунги кайфияти жуда ёмон, норози эди. Хўш, мен қайси виждон билан уларни шу шароитда ташлаб кетаман?

Одамлар менга уйга киришни таклиф қилди. Мен уйга кирмадим, фақат турган жойимда олов ёқиб беришларини сўрадим. Биттаси уйидан стул олиб чиқиб берди.

Шундан кейин газ, сув, электр, умуман, вилоятнинг барча соҳа раҳбарларини шу ерга чақиртирдим. Улар келгунча шу совуқда ўтирдим. Нима, бу танқидлар, қанақадир расмлар чиқаришлари шу қилган меҳнатларимга раҳматми?

Ўша мемларни чиқараётган менинг дўстим, ўзинг ўша жойда 1 соат ўтириб кўр-чи.

Орадан 45 кун ўтди. Ҳозир бориб кўринг-чи, ўша жойдаги халқнинг кайфияти қандай экан?

Йўлини кўринг, сувини кўринг, электрини кўринг. Шунингдек, маҳалладаги 410та хонадонга адирнинг тепасида 410та иссиқхона қурдириб бердим. Яқинда шу маҳаллага яна бориб келдим. Халқ жуда хурсанд.

Менинг столда ўтирган суратларимдан ҳам негатив топаётганларга ҳам Худо бор. Бугун сўз эркинлиги дейиляпти ва биз ҳам бунга сабр қилиб, тишимизни тишимизга қўйиб, чидаб боряпмиз.

Лекин менга энг асосийси, оддий халқ бу ишимиздан хурсанд. Менга шу керак.

Яна бир нарсани айтишим керак, мана шу ишни қилаётганлар, танқид қилаётганлар бўйича бизда ҳам маълумот бор. Улар андижонлик эмас. Четдан туриб, ҳақиқий аҳволни билмай туриб танқид қилишяпти.

— Сиз вилоят ҳокими, яъни ижро ҳокимияти вакили ва айни пайтда сенатор, қонун чиқарувчи ҳокимият вакили ҳамсиз. Ўзбекистондаги бу мантиқсиз амалиётга қачон чек қўйилади деб ўйлайсиз?

— Биласизми, биз ҳозир ўтиш давридамиз. Ҳамма нарсанинг бирданига бўлиши яхшиликкаям, ёмонликкаям хизмат қилиб қолиши мумкин. Шу маънода масалага фақат бир томонлама эмас, иккинчи томондан ҳам ўйлаб кўриб, қадам босилса менимча яхши бўлади.

Кенгаш раиси ва ҳоким бир киши бўлишига барҳам берилса, ютаман, ютқазаман деган маънода гапирмаяпман. Ҳамма нарса босқичма-босқич бўлгани яхши.

Ҳозир биз четдан қараганда осон кўринган, лекин жуда мураккаб жараёнларни босиб ўтяпмиз.

Биз ҳам хоҳлаймиз, ҳамма нарса бугун бўлишини. Лекин ҳамма нарса чўнтакка, ҳисоб-китобга қараб бўлиши керак. Вилоят ҳам битта оила, оилалар даромади эса секин-аста ошиб боради. Ҳозирги темпда кетсак, сиз айтган нарса ҳам тез орада бўлади.

— Ҳокимларни халқ сайлаши масаласи-чи?

— Буям бўлади. Уни бугун, эртага бўлади деб [аниқ муддатини] айтиш ваколати менда йўқ. Лекин ҳозирги ривожланиш суръатимизга қараб айтилса, у жараёнга ҳам тез орада келамиз.

Мен бунга ҳоким сифатида тайёрман.

Ўзбекистонда ҳокимлар дейилганда кўз ўнгимизда юқоридан келган ҳар қандай топшириқни шунчаки сўзсиз бажарадиган кишилар гавдаланади. Бу ҳокимларга ташаббуслар етишмаслигими, қонун талабими ёки жойлардаги эскича иш тизимими?

— Биринчидан, аввалги ҳокимлик билан ҳозирги ҳокимликни солиштириб бўлмайди. Юқорида айтганимдек, аввал ҳокимларда ҳеч нарса йўқ эди. На молиявий, на ваколат жиҳатдан.

Ҳокимларнинг салоҳияти етмайди деган гап йўқ. Уларга юқоридан келадиган топшириқлар ҳам барчаси халқнинг манфаатини ўйлаган ҳолда юборилади. Ҳокимларнинг қилаётган иши ҳам шундай.

Бу ерда масаланинг нима эканлигига ҳам қараш керак. Айрим масала республика миқёсида ҳал бўлади, айримлари вилоят ва яна айримлари туман.

Қайтараман, халқни рози қилиш борасида қандай ташаббус бўлса, биз уни амалга оширишга тайёрмиз.

h4T8TfA35uWvu_2MPxc-R6o6JEFlcDaF.jpg (962×600)

— Бугунги кунда Ўзбекистондаги аксар шаҳар марказларини уй қурилиши билан шуғулланувчи компаниялар сотиб оляпти. Аммо улар қуриб бераётган уйлар нархи жуда қиммат. Бу уйларни фақат аҳолининг бой қатламигина сотиб олиши мумкин. Ўрта ва кам таъминланган аҳоли эса асосан шаҳар четидан уй олади.

Нима деб ўйлайсиз, уй-жойлар қимматлиги табақалашув кучайишига хизмат қилиб қолмаяптими?

— Биласизми, табақалашув барибир бўлади. Қайси маънода, масалан, бир нафар фарзанди бор одам 100-200 кв.ли уй сотиб олмайди. 5 нафар фарзанди бор одам эса шунга яраша йўл тутади.

Қолаверса, бугун Андижонда уйлар нархи орасида жуда катта фарқ йўқ. Эшитяпмиз, қаерлардадир жуда қиммат уйлар бордир, лекин ўзингиз ҳам ўрганиб кўрсангиз бўлади, нархлар ўртасида фарқ жуда катта эмас. Масалан, биз ҳозир 35 та кўп қаватли уй қуряпмиз. Бунда тижорий 24та ва Қишлоққурилишинвест уйлари 11та. Улар орасидаги нархларга эътибор беринг, тайёр ҳолатдаги тижорат уйларининг 1 квадрати 3,9–4 миллионга тушяпти, оляпти одамлар.

Биз арзон деган ва Қишлоққурилишинвест қураётган уйларнинг квадрати ҳам 3,5–3,6 млн сўм. Яъни уларнинг орасида фарқ жуда катта эмас.

Қаерлардадир квадратини 7, 8, 10 миллион деяётган бўлиши мумкин, бошқа жойларга баҳо бера олмайман, лекин Андижонда уйлар нархида катта табақалашув йўқ.

Албатта, уйнинг қурилиши, хоналар жиҳозланиши, жойлашуви, харидорнинг талабидан келиб чиқиб ҳам ўзгартириб бераётганлар бор. Тадбиркорлар уй макетини ясаб кўрсатгач, харидор ўз истагига кўра унга ўзгартириш киритишни сўраши мумкин, нарх ҳам шунга яраша ўзгаради. Лекин умумий қилиб айтганда, Андижонда қурилаётган янги уй-жойлар нархида жуда унақа катта табақалашув йўқ.

Энди биласизми, хоҳлайсизми-йўқми, бу барибир бўлади. Сабаби, кимдир кўпроқ меҳнат қилиб, тадбиркорлик қилиб, кўпроқ пул топиб, ҳашаматлироқ уйда яшагиси келади. Кимдир энди интиляпти, лекин ҳашаматли уй ололмайди, интилса, у ҳам бир кун шу даражага етар. Ҳозир тадбиркорликка эътибор ошяпти, кўплаб катта-катта тадбиркорлар пайдо бўляпти. Улар пулига яраша, талабига қараб уй қурдиради. Бу – ҳаёт.

— Лекин бу барибир эътибор қаратиш керак бўлган жиҳат.

— Куни кеча ҳурматли президентимиз ипотека дастури бўйича янги қарорга қўл қўйди. Ипотека уйлар масаласида жуда катта имконият яратилди. Бунда тўланадиган бошланғич тўловлар камайди. Кейинги тўланадиган суммаларнинг маълум фоизини ҳам давлат тўлаб берадиган қилинган.

Қарорда ипотека асосида сотиладиган янги уйларнинг 1 квадрати нархини нархини [қишлоқ жойларда] 4 миллиондан оширилмаслик ҳам белгилаб қўйилган.

— Турли давлат тадбирлари, селекторларда ҳокимлар президентга турлича мурожаат қилади. Масалан, сиз президентга нисбатан кўп бор «муҳтарам» сўзини қўшган ҳолда мурожаат қиласиз.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, сиз бир йиғилишда президентга 81 марта, яна бошқасида 108 марта «муҳтарам президент» дея мурожаат қилгансиз. Бу нима, ҳурматми? Агар ҳурмат бўлса, уни бир марта айтиб ҳам исботлаш мумкин эмасми?

— Аввало, шундай бекорчиларнинг отасига минг марта раҳмат. Ўтириб олиб, неча марта гапирганимни санашдан бошқа иши қолмаган бўлса, отасига минг марта раҳмат. Яна санайверсин.

Иккинчидан, президент – юртнинг отаси. Мен отамга ҳам шунақа мурожаат қилганман. Отам раҳматли билан ҳам гаплашганимда икки гапимнинг бирида «ота» деб мурожаат қилганман.

Ўтириб олиб, гапимни санашдан бошқа иши йўқ бекорчиларга «умринг узоқ бўлсин, санайвер», дейман. Лекин мен бундан қайтмайман. Фақат мен эмас, ҳамма шунақа бўлиши керак.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид