Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги мактаблардан бирида директор тадбирлар залига парда тиктириш учун ўқитувчиларга ҳар бир ўқувчидан 10 минг сўмдан йиғишни буюрган. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси маълум қилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Жомбой туманидаги 56-мактаб директорининг ўқитувчиларга ҳар бир ўқувчидан 10 минг сўмдан йиғишни буюрган гаплари ёзилган аудиоёзув тарқалди. Маълум бўлишича, директор йиғилган пулга тадбирлар залига парда тиктирмоқчи бўлган.
«Мактаб бир меники эмас. Ҳаммамиз шу ердан нон еяпмиз. Тикувчи келиб ҳисоб-китоб қилиб берди. Ўқувчи бошига 10 минг сўмдан тушар экан. Бу жуда катта сумма эмас, 100 минг эмас, 20-30 минг эмас. Бор йўғи 10 минг сўмдан. Фақат ўқувчиларга пардага пул йиғяпмиз демайсизлар. Мен синфлардан кириб сўрайман. Агар бирорта синфда ўқувчилар «пардага пул бердик» деса, ўша парданинг пулини ўзингиз тўлайсиз», дейди директор. Шу пайт ўқитувчилардан бири «ота-оналар гап-сўз қилмаса бўлди», деб луқма ташлайди. Яна бири эса, Нодира опа, ўзи яқинда 10 минг сўмдан пул йиққандик. Яна гап-сўз бўлиб кетмайдими?» деб савол беради. Директор Нодира опа эса «гап чиқармай қиласизлар», деб жавоб беради.
Ўқитувчилардан бири «46-мактаб 2 минг сўмдан йиғаётган экан. Биз 10 минг десак қандай бўларкин?» деганида директор «Уларда 1800 нафар ўқувчи бор» деб жавоб берган. Яна бир ўқитувчи «5 минг сўмдан йиғсакчи?!» деганида директор «қолганини ёнингдан берасан», дейди.
Айрим ўқитувчиларнинг бундай тарздаги саволлари директорни мувозанатдан чиқариб юборади ва у бақириб, «Мана, ёши катта ўқитувчилар индамай ўтирибди. Тайинладимми, муаммо қилмасдан бажарасизлар», дейди.
«Бу сизларнинг истеъдодларингизга боғлиқ. Синф билан, ота-оналар билан ишлай олмасанглар, синфларни ҳам, дарсларни ҳам топширинглар. Нега синфга телевизор олганларингда, байрамларда совға олганларингда муаммо чиқмайди? 8 мартда пачка-пачка нарса кўтариб кетяпсан, нега ўшани муаммо қилишмайди? Қонунчиликда совға олиш ҳам мумкин эмас. Совға олишни биляпсизларку! Пардани мен уйимдан олиб келиб илайми? Бюджетимда пул бўлмаса. Маошимнинг ярми уйимгача етса ҳам катта гап», дейди директор ҳолатдан ёзғириб.
Бундан ташқари, директор шу тумандаги 46 мактабдаги ҳолат ҳақида ҳам гапирган.
«46-мактаб дунёнинг пулини йиғади. Гап-сўз чиқмайди. Кичик актив залига бир эмас, икки мартадан пул йиғиб олди. Агар сизлар синфларга жабр қилмаётган бўлсангиз, биз унақа пул йиғиб жабр қилган томонимиз йўқ», дейди у.

















