13:44 / 14.04.2021
11522

Сурхондарёда YouTube’даги каналини оммалаштириш учун Сатторийнинг суди билан боғлиқ ёлғон маълумот тарқатган блогер аниқланди

Сурхондарёда YouTube’даги каналини оммалаштириш учун «Сурхондарёда блогер бошига қоп кийдирилиб калтакланди. У Сатторий судини ёритган эди» мазмунида ёлғон хабар тарқатган блогернинг иши прокуратура томонидан ўрганилмоқда. Мазкур ишга тез орада ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 10 апрель куни Сурхондарё ҳудудида блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи Б.Н. YouTube’даги «Bekruz Nematov» номли каналига видеомурожаат жойлаштирган. Ундан англашилишича, 2021 йилнинг 2 апрель, жума куни кечаси соат тахминан 22:00 – 23:00ларда Б.Н. яшаш уйига қайтаётган вақтда бир нечта номаълум шахс унинг бошига қоп кийдириб, машинага тиқиб олиб кетган. 15–20 дақиқа юриб, қумли жойда тўхтатиб машинадан туширган. Сўнг столга ўтқазиб, оёғига бир неча маротаба дубинка билан урган ва ундан «Нима сабабдан Отабек Сатторийнинг судига боряпсан? Нима учун ўлган одамнинг ишини кўтаряпсан? Нима учун бундай ишлар қиляпсан?» – деб сўраган.

2021 йилнинг 10 апрель куни, мазкур видеомурожаат бўйича Сурхондарё вилоят ИИБ ходимлари Б.Н.га қўнғироқ қилиб, ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилиши, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ИИБ томонидан ҳимоя қилинишини тушунтирган. Б.Н. ҳеч кимга нисбатан эътирози ва даъвоси йўқлигини, шу сабабли ариза бермаслигини маълум қилган.
Шундан сўнг мазкур видеомурожаат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ ТЭҚКБ ходимлари томонидан суриштирувлар ўтказилган ва унда аниқланишича, Б.Н. юқоридаги ҳолатни Ш.М. ҳамда У.А. билан ўзаро келишиб, ёлғондан ўйлаб топгани маълум бўлган.

Жумладан, Б.Н. томонидан эълон қилинган видеомурожаат Ш.М. исмли блогер томонидан YouТube’даги «Шокир Мусаев» номли каналга «Сурхондарёда блогерларга ов бошланди, Сурхондарёда мафия бор, бу мафиянинг бошида ким турибди?» сарлавҳаси билан жойлаштирилган.

Суриштирувларда Ш.М. Қашқадарё вилоятида туғилгани, ҳозирги кунда Россияда яшаб келаётгани аниқланган. У Канадада яшовчи У.А. исмли блогер билан ўзаро тил бириктириб, Б.Н.га алоқага чиққан ва «О.Сатторийни суддан озодликка тезроқ чиқариш учун бир иш қиламиз. Шу баҳонада ижтимоий тармоқларда кузатувчиларингиз кўпайиб кетади, интернетда тезроқ таниласиз!» деб смс хабари юборган. Сўнг ёлғон видеомурожаатни қандай тарзда чиқаришини ўргатган.

Барчаси ошкор бўлгач, Б.Н. юқоридаги ҳолат юзасидан 2021 йил 12 апрель куни ўзининг YouТube’даги «Bekruz Nematov» номли каналида ҳолат юзасидан такрорий видеомурожаат эълон қилган. Унда юқоридаги ҳолат аслида бўлмаганини, Ш.М. ва У.А.нинг таъсирида видеомурожаат чиқарганини маълум қилган. Шунингдек, ўзининг хатти-ҳаракатларидан пушаймонлигини билдирган.

Қайд этилишича, Б.Н.нинг видеомурожаати юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, унинг танасида ташқи кўринишидан бирон бир қонталаш, яра ва шилиниш каби тан жароҳат излари аниқланмаган.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Прокуратура томонидан батафсил ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Top