21:11 / 15.04.2021
19629

Эрон-Исроил зиддияти: «соялар уруши» қайси жабҳаларда давом этмоқда?

Яқин Шарқнинг икки душман давлати – Исроил ва Эрон ўртасидаги номи ҳали қўйилмаган уруш янада қизийдиган кўринмоқда.

Фото: Reuters

Эрон якшанба куни ер остидаги Натанз уранни бойитиш иншоотидаги сирли портлашда Исроилни айблади.

Эрон «бузғунчилик ҳаракати» деб таърифлаган ушбу портлашни Исроил расман ўз зиммасига олмади, аммо АҚШ ва Исроил оммавий ахборот воситаларида бу – Исроил разведка агентлиги «Моссад»нинг иши экани ҳақида расмийларнинг баёноти эълон қилинди. Эрон эса «ўзи танлаган вақт»да қасос олишини айтди.

Бу алоҳида ҳодиса эмас. Бу – «қонга қон, жонга жон» қабилида аста-секин ўсиб бораётган душманлик натижасидир. Бошқа томондан, ушбу давлатлар шу пайтгача ҳар икки томонга катта зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай урушдан қочишга уриниб келади. 

Хўш, ҳозир қандай хавфлар мавжуд, воқеалар ривожи қай томонга қараб силжимоқда?

Учта жабҳада «соялар уруши» кетаётганини кўриш мумкин.

Эроннинг ядро дастури

Эроннинг ядро дастури тинчликпарвар эканига Исроил ишонмайди. Аксинча, у Эрон махфий равишда ядро қуроллари ишлаб чиқариш бўйича иш олиб бораётгани ва уни баллистик ракеталарга айлантиришига бўлган ишончини таъкидлаб келади.

«Яқин Шарқда Эроннинг фанатик режимидан кўра жиддий, хавфли ва фавқулодда таҳдид йўқ», деди АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашувдан сўнг Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху.

«Эрон ҳеч қачон ядро қуролини ишлаб чиқаришдан воз кечмади. Эроннинг ядро қуроли – бутун дунёга таҳдиддир», дейди Исроилнинг Лондондаги элчиси Ципи Хотовели BBC’га берган баёнотида.

Ушбу ёндашувга мувофиқ, Исроил анчадан буён Эрон ядро дастурини тўхтатиш учун яширин, бир томонлама ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.

Мазкур ҳаракатлар қаторида Эрон объектларини 2010 йилда кашф этилган Stuxnet номли компютер вируси билан яроқсиз ҳолга келтириш ҳам бор. 2000-йилларнинг бошидан эътиборан Эроннинг етакчи ядрошунос олимлари сирли равишда ўлим топиши ҳам ҳануз хотираларда. Ўтган йилнинг ноябрь ойида ядро дастури меъморларидан бири бўлган Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши ҳам бунга мисол бўла олади.

Фахризода Эрон ядро мутахассисларининг етакчи вакили бўлиш билан бир қаторда Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори даражадаги қўмондонларидан бири ҳам эди. Шунингдек, у Эрон ядро дастурининг «ҳарбий» томонини юритувчи шахс сифатида эътироф этиларди.

Ушбу дастур ҳозирда потенциал жиҳатдан хавфли босқичга ўтди.

2015 йилда Эрон кўп миллатли ядровий битимни имзолади, аммо 2018 йилда ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп ўз мамлакатини ушбу шартномадан чиқариб олди ва Эронга қарши санкциялар қўллай бошлади. Эрон эса бунга жавобан рухсат этилган меъёрдан кўра кўпроқ уранни бойитишга киришди.

АҚШнинг янги президенти Жо Байден ушбу шартномага ўз мамлакатини қайта киритмоқчи, аммо у Эрондан белгиланган чекловларга тўлиқ риоя қилишни талаб этмоқда. Эрон эса «Йўқ, биз сизга ишонмаймиз, биринчи қадамни сиз ташланг. Агар санкциялар бекор қилинса, биз ҳам бутунлай риоя қиламиз», демоқда.

Кўплаб мамлакатларнинг воситачилари Венада ушбу даҳшатли доирани бузиш учун йиғилишади. Бироқ Исроил ядро келишувининг жорий ҳолатини қайта жонлантиришни мантиқли деб ҳисобламаяпти.

Royal United Services институтининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси доктор Майкл Стивеннинг айтишича, Исроилнинг сўнгги ҳаракатлари ядро музокараларини бузиш учун атайлаб ташланаётган қадамлардир.

«Исроил Эроннинг ядро дастурини издан чиқаришга қаратилган бир томонлама уринишларни амалга оширмоқда. Бу ҳаракат, биринчи навбатда, Эрон билан ядровий битим имзолашга интилаётган АҚШнинг музокарачи позициясига путур етказмоқда. Қолаверса, Исроил манфаатларига қарши Эронни ассиметрик ҳужумлар қилишга ундамоқда. Исроил ушбу одимлар Эронни тўхтатади, деган фикрда, аммо бунинг бадали қандай бўлади?» дейди у.

Денгизларда нима бўляпти?

Шу кунларда денгизларда қизиқ воқеалар содир бўлмоқда. Йил бошида Исроил юк кемаси MV Helios Уммон қўлтиғидан ўтаётганда жиддий зарар кўрди. Исроил Эронни кемага ҳужум уюштиришда айблади. Эрон эса ушбу айбловларни рад этди.

Апрель ойида Теҳрон маъмурияти Қизил денгизда Эрон байроғи остида сузган Saviz номли кемага ҳужум уюштирилганини эълон қилди. Исроил ва Яманда ҳарбий операциялар бошлаган Саудия Арабистони бошчилигидаги коалициянинг фикрича, Saviz кемаси Эроннинг иттифоқчиси ҳисобланмиш Ямандаги ҳусийчиларга қурол-яроғ ва моддий-техник ёрдам кўрсатмоқда.

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Исроил кучлари 18 ой ичида Сурияга Эрон нефти ва ҳарбий техникасини олиб кетаётган камида 12та кемани нишонга олган.

Сурия ва Ливан

Суриядаги 10 йиллик уруш Исроилнинг минтақадаги ҳарбий ҳаракатлари парда ортида қолишига имкон берди. Фуқаролар уруши эронлик «ҳарбий мутахассислар»нинг Ливандаги иттифоқчилари «Ҳизбуллоҳ» билан яқин ҳамкорлик қилиши ва Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлаши учун йўл очди. Баъзи ҳолларда ушбу мутахассислар Исроил томонидан босиб олинган Жўлон тепаликларига жуда яқин позицияларни эгаллади.

Исроил минтақада Эроннинг аниқлик билан бошқарилувчи ракеталари мавжудлигидан хавотирда. Ушбу арсеналнинг ҳужум қилиш доирасига Исроилнинг баъзи шаҳарлари ҳам киради. Исроил кучлари томонидан Эроннинг ракета базалари ва уларнинг Суриядаги етказиб бериш йўлларига бир неча бор ҳаво ҳужуми уюштирилди. Аммо Эрондан ҳозирча аниқ жавоб олинмади.

Хулоса

Ушбу «соялар уруши»нинг замирида ётган асосий масала – қўрқув сиёсатидир.

Икки томон ҳам бир-бирига заиф кўринишни истамайди, аммо Эрон ҳам, Исроил ҳам чинакам урушни бошлаб юбормаслик учун эҳтиёткорлик билан қадам ташлашга мажбур.

Масаланинг ядровий томонида эса Исроил разведкасининг ҳам жисмоний, ҳам кибер воситалар билан Эрон кучларига ғоят ажабланарли тарзда яқинлаша олиш қобилияти мавжудлигини кўриш мумкин.

Денгиз жабҳасида Исроилнинг географик нуқсони бор. Гарчи Исроил Қизил денгизга етарлича кириш имкониятига эга бўлса-да, Эрон Форс кўрфазининг узун қирғоқлари ва ҳусийчилар иттифоқига таянувчи афзалликларга эга.

Сурия ва Ливандаги Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Исроилга қарши ракета ҳужумларини уюштиришга қодир. Бироқ бу жуда хавфли, чунки Исроилнинг жавоби жиддий бўлиши ва у тўғридан тўғри Эрон шаҳарларини нишонга олиши мумкин.

Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ходими Жон Рейн Исроил разведка кучлари Эроннинг ҳаракатларини чиппакка чиқариши мумкин, деган фикрда.

«Эроннинг Исроилга қарши ҳужумда рол ўйнаши мумкин бўлган энг яхши иттифоқчиси «Ҳизбуллоҳ» бўлиши мумкин, аммо бу вазият Эрон истамаган тарангликни вужудга келтириши эҳтимолдан холи эмас. Эрон ассиметрик уруш афзалликларига эга. Аммо Сурияда кўрилганидек, Исроил ҳужум уюштиришга қарор қилса, бу ишни аъло даражада уддалай олади», дейди у.

Top