Ўзбекистон | 23:48 / 17.04.2021
28336
4 дақиқада ўқилади

«Бино чўкканини таъмир пайтида билиб қолишган» — қурилиш вазири «Наврўз» тўйхонаси ҳақида

Ўтган йили Тошкентдаги «Наврўз» қабуллар уйи реконструкция қилиниб, бу ерда хусусийлаштириш маркази очилиши ҳақида президентга тақдимот қилинган эди. Шундан сўнг таъмирлана бошлаган бино бир неча кун олдин кутилмаганда бузиб ташланди.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров 17 апрел кунги матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг шу ҳақдаги саволига жавобан масалага изоҳ берди.

«Биринчидан, бино анчадан буён ишлатилмаяпти. Мен шахсан ўзим уни 3-4 ёки 5 марта таъмирлатганман. Мутахассис сифатида айтаман, бино қурилиш жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам эскирган. Ҳозир бундай катта «тўйхона» керак ҳам эмас.

Аслида яхши ният билан ўтган йили шаҳар ҳокимлиги бу бинони ёш тадбиркорларга марказ қилиб берамиз, деган таклиф билан чиқди. Рухсат ҳам олишди ва қурилиш бошланди.

Бизнинг тартиб бўйича бинони таъмирлашдан олдин техник кўрик ўтказилади. Буларнинг битта айби – техник кўрикни бино таъмири билан параллел равишда бошлагани. Сезган бўлсангиз, бино таъмири иш кетаётган вақтда бирдан тўхтатилди. Бунинг сабаби – қурувчиларимиз катта залнинг ўнг томонида шифтни очишганида, юқорида жиддий ўзгариш рўй берганини сезиб қолишган.

Шундан кейин биз яна мутахассис юбордик. Очилиб қолган кичик бир жойдан неча йилдан бери пойдевор остига сув кетгани маълум бўлди. Бунинг оқибатида ўнг томонда учта колонна жиддий зарар кўргани аниқланди. Ертўлага тушганимизда тупроқнинг салкам 70 см.га чўкканига гувоҳ бўлдик. Бинони ушлаб туриши лозим бўлган қисм, у қурувчиларда «стакан» дейилади, аксинча бинога осилиб турибди. Бино монолит қилингани учун учта «колонна»нинг чўккани ҳам билинмаган.

Агар шифт очилмаганида, буни ҳеч ким билмасди», – деди Ботир Зокиров.

«Наврўз» тўйхонасининг бузилиш жараёни

Вазирга кўра, ҳақиқий аҳволни кўргандан кейин ҳамманинг кайфияти бузилган. Бу воқеадан кейин бинони барибир олиб ташлаш керак экан, деган хулосага келинган.

Соҳа раҳбари мисол тариқасида Ички ишлар вазирлиги биносининг бир неча йил аввал пойдевор ости қисмига ёмғир сув кетиб, чўкиш ва қийшайиш рўй берганини ҳам гапириб берди.

«ИИВ биноси пойдевори монолит бўлгани учун, унинг остига подвал қисмидан свай қоқиб, пойдевор чўкиши ва бино фасади қийшайишини бартараф эта олдик. «Наврўз» қабуллар уйида эса бундай қилиб бўлмасди. Чунки бу тўйхонада устунлар чиққан пойдеворлар лентали эмас, стакан кўринишида. Стаканлар остидаги тупроқлар қарийб 1 метргача чўкиб, устун бинони кўтариш ўрнига, устун бинога осилиб турган эди.

Албатта, бу нарса таъмирланиш жараёнида аниқ бўлди. Аслида таъмир бошланмасидан олдин шундай техник кўрик бўлиши керак эди. Лекин бино ишлатиб келингани, ташқи кўриниши яхши бўлгани учун унча эътибор қилинмаган

Кутубхона бўйича ҳам тўхталиб ўтмоқчиман: уни ҳам президент олдида тақдимот қилганмиз. Уни қайта кўришингиз мумкин, телевидение орқали берилган. Тақдимотдан кўриш мумкин, кутубхона жойи у ерда бўлмаган, пастроқда кўрсатилган белгиланган. Чунки пастроқда очиқ жой бўлгани учун қўйилган. Шу аслида ҳолат», – деди қурилиш вазири Ботир Зокиров.

Мавзуга оид