Жаҳон | 18:06 / 21.04.2021
54976
6 дақиқада ўқилади

Фото: Қрим ва Воронеждаги рус қўшинларининг сунъий йўлдошдан олинган суратлари намойиш этилди

Суратларда Су-30 самолётлари жойлаштирилган Қримдаги авиабаза, Воронеж яқинидаги лагер, вертолётлар, дронлар, мотоўқчи ва зирҳли танк қисмлари ҳамда ҳарбий ҳоспиталлар тасвирланган.

Фото: Maxar Technologies / Reuters / Scanpix / LETA

The Wall Street Journal (WSJ) газетаси Қрим ва Воронеж областида жойлаштирилган Россия ҳарбий техникаларининг сунъий йўлдош орқали олинган суратларини нашр қилди. Суратлар 2021 йил 27 мартдан 16 апрелгача бўлган муддатда олинган. Суратларни сунъий йўлдош съёмкалари сотуви билан шуғулланувчи Maxar Technologies компанияси АҚШ ва Ғарбнинг бошқа давлатлари буюртмасига кўра тақдим этган. Компания раҳбари Дэн Яблонски суратларни журналистлар билан бўлишишга қарор қилганини билдирган: «Ўйлайманки, суратлар ушбу нотинч минтақада нималар бўлаётгани борасидаги шубҳаларни аритади».

WSJ нашри эълон қилган суратлардан бирида Су-30 русумли қирувчи самолётлар Қримдаги Саки авиабазасининг учиш-қўниш йўлагида тургани акс этган. Бу сурат 16 апрел куни олинган, нашрнинг қайд этишича март ойида бу базада қирувчи самолётлар йўқ эди. Бошқа бир суратда россияликларнинг Қримдаги дала госпитали, ҳарбий вертолётлар ва зирҳли танклар қисмлари акс этган. Яна бир суратда россияликларнинг Воронеж областидаги лагерда жойлашган мотоўқчилар қисмини кўриш мумкин. Нашрнинг ёзишича, Украина чегаралари яқинига Су-34, Су-27, Су-25 ва Су-24 самолётлари ҳам олиб келинган. Қайд этилишича, суратлардан кўриш мумкинки, РФ чегарага олиб келган ҳарбий авиация аввал айтилганидан анча катта.

Қримдаги Киров авиабазасига жойлаштирилган Россия ҳарбий вертолётларининг сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлари, 2021 йил 14 апрел
Maxar Technologies / Reuters / Scanpix / LETA

WSJ нашри билан ўз шахси сир тутилишини сўраб гаплашган америкалик расмийнинг сўзларига кўра, айни вақтда Украина чегаралари бўйлаб 80 минг россиялик ҳарбий хизматчи жойлаштирилган. Бу бир ой аввалгидан икки баробар кўп. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жосеп Боррел 20 апрел куни Украина чегаралари яқинида турган россиялик ҳарбийлар сонини 100 мингдан ортиқроққа баҳолади. Пентагон ҳам чегара яқинида тўпланган россиялик ҳарбийлар сони 2014 йилдагига қараганда кўпроқ эканини тасдиқлаган.

«Бир неча ҳафтадан кейин улар ҳарбий эскалация юзага келтиришга қодир даражада ҳарбий жанговар ҳолатда бўлишади. Бизнинг баҳоларимизга кўра, у вақтга бориб уларнинг жами ҳарбий кучлари сони 120 мингдан ошади. Биз билмаймиз, Путин ҳужум қилишга қарор қиладими, йўқми, аммо у бунга тайёр бўлади», — деган WSJ мухбири билан суҳбатда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба. АҚШ Сенатида шу каби хулосани ўтган ҳафтада МРБ директори Уильям Бернс ҳам берганди.

Муқаддам НАТО қўмондонлиги аъзоси бўлган Филипп Бридлавнинг фикрича, Россия зудлик билан зарба бериш ниятида эмас, аммо воқеалар ривожининг турли вариантларини кўриб чиқмоқда. «Улар жанг вақтида ҳавода устунлик қилиш ва қуруқликдаги қўшинларни қўллаб-қувватлаш учун етарли миқдордаги ҳарбий-ҳаво кучларини жойлаштирган», – деди у.

АҚШ президенти Жо Байденнинг маъмурияти янги ҳарбий ҳаракатлар бошлангудек бўлса, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилмоқда. WSJ манбасининг айтишича, бундай ёрдам доирасида танкка қарши қурилмалар, кемалар ва самолётлар ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилиши мумкин. Манба бу режа ҳали Байденга тасдиқлаш учун киритилмаганини қўшимча қилган. WSJ Оқ уй Россияга қарши янги иқтисодий санкциялар қўллаш масаласини ҳам кўриб чиқаётганини айтиб ўтган.

13 апрел куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу НАТОнинг «таҳдид солувчи ҳарбий ҳаракатлари»га жавобан Россиянинг «ғарбий чегаралари»га иккита армия ва ҳаво-десант қўшинларининг учта бирлашмаси жойлаштирилганини маълум қилди. 20 апрел куни Шойгу НАТОнинг ҳаракатларини Жанубий ҳарбий округ (Қрим ҳам унинг таркибида) қўшинларининг ҳарбий қобилиятини ошириш учун сабаб сифатида келтирди. Унинг сўзларига кўра, Украина Донбассдаги вазиятни беқарорлаштирмоқчи, АҚШ ва НАТО эса ҳаво кенгликларида ҳамда Қора денгизда «провокация фаолияти» билан шуғулланмоқда, шу туфайли «жанубий-ғарбий стратегик йўналишдаги ҳарбий-сиёсий вазият мураккаблигича қолмоқда».

Россия март ойи охирида, расмий Киев ҳамда тан олинмаган Донбасс халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси ўртасида зиддият кучайиши фонида Украина чегаралари яқинида ҳарбийлари сонини ошира бошлади. Апрел ойи бошида  Conflict Intelligence Team суриштирув гуруҳи Россия қўшинларининг Россия—Украина чегараси ҳудудида тўпланишини 2014—2015 йиллардан бери энг кескин кўрсаткич деб атади. Украина ҳукумати ўз чегаралари яқинида рус қўшинлари тўпланганини тасдиқлади ва уни «ўз кучини кўз-кўз қилиш» деб атаб, Россияни минтақадаги вазиятни оғирлаштиришда айблади. АҚШ ва Германия етакчилари Москвани ҳарбийларини украин чегараларидан узоқроққа олиб кетишга чақирди.

Кремль бу каби хабарларга жавобан, Россия армияси мамлакат ҳудудида зарур деб ҳисоблаган йўналиш бўйлаб ҳаракатлана олишини ва россиялик ҳарбийларнинг ҳаракати бошқа давлатларга таҳдид солмаслигини таъкидлади. Шунингдек Россия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Украина ва Россия ўртасида юзага келиши мумкин бўлган можарони муҳокама қилиш Украина ҳукумати тарқатаётган «навбатдаги сохта хабар намунаси» ҳисобланади.

Мавзуга оид