Сўнгги вақтларда давлат қарзи иқтисодчилар ва турли соҳа вакиллари томонидан кенг муҳокама қилина бошлаган мавзулардан бирига айланди.

Айримларда қарз давлат келажаги учун катта риск экани тўғрисида фикрлар янграса, Молия вазирлиги вакиллари бу нормал ҳолатлигини, қарзларни тўлашга имконият етарли эканини таъкидлаб келмоқда.

Ўз навбатида, давлат ташқи кредитининг қай соҳаларга сарфланаётгани ҳам мавзунинг ажралмас қисмларидан. Хусусан, энергетикага йўналтирилган қарз маблағларининг салмоғи нисбатан юқори.

Молия вазирлиги келтирган маълумотларга кўра, 2020 йил якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг (21,1 млрд доллар) 3,1 млрд доллари (14,6 фоиз) электр энергетикасига, 2,6 млрд доллари (12,4 фоиз) энергетика соҳасига йўналтирилган.

Бу қадар йирик маблағлар, қолаверса, қарзнинг катта қисми нега айнан энергетикага сарфланаётгани, мазкур харажатлар ўзини қай даражада оқлаётгани ва пуллар нималарга харжланаётгани мавзуга асос бўлмоқда.

Тўғри, бугунги замонда энергетикасиз инсон ҳам, иқтисодиёт ҳам оғир аҳволга тушади. Уни ривожлантириш, аввало, аҳоли эҳтиёжи, ишлаб чиқариш ва бошқа ўнлаб тармоқлар учун зарур.

Аммо ҳозирда маблағ сарфининг кўпроқ қисми бюджет камомадига йўналтирилгани дуруст деган қарашлар ҳам бор.

Ўтган 30 йил давомида, хусусан, 2020 йилда ҳам мамлакатимиздан энергетика тақчиллиги аримагани бор гап.

Аҳолининг масъул ташкилотларга, ОАВга мурожаатларининг аксарият қисми электр энергияси, газ таъминоти етишмаслиги борасида бўлиб келган. Яъни бу доимий ва тизимли муаммолардан.

Январ ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Ўзбекистонда кузатилаётган кенг миқёсли энергия инқирозига муносабат билдириб, Энергетика вазирлигини танқид қилганди.

«Энергетика вазирлиги 30 йилдан бери соҳага инвестиция киритилмагани ҳақида дардини айтади. Ундай бўлса, 2020 йил 3-чорак якуни бўйича энергетика соҳасига йўналтирилган давлат ташқи қарзининг 28 фоизи ёки 5,7 млрд доллар маблағлар қани? Уларни қандай сарфлашмоқда?

Мисол учун, умумий қиймати 1,2 млрд доллар бўлган Намангандаги Тўрақўрғон ИЭС ишга туширилса, водийда электр таъминотида муаммо қолмайди, деб ҳаммани ишонтиришганди. Лекин Тўрақўрғон ИЭС ўтган йили ишга тушган бўлса-да, водийда электр таъминотида ижобий ўзгариш бўлмади-ку»,