
Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йилда энг кўп зарар кўрган давлат иштирокидаги корхоналар ўнталигини эълон қилди.
Шу аснода, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Uzbekistan Airways мисолида давлатнинг қўллови билан монополист бўлиб турган корхоналар иқтисодиётга келтираётган зарар кўлами ҳақида сўз юритди.
«Кўрган бўлсангиз керак, энг кўп зарар кўрган корхоналар рўйхати яқинда эълон қилинди. У рўйхатни кўриб, давлат тасарруфидаги корхоналарга нисбатан нотўғри хулоса қилиш мумкин. Масалан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» 755 миллиард сўм зарар кўргани ҳақидаги маълумотни эшитиб, шу корхона «солиқ тўловчиларга ва Ўзбекистон иқтисодиётига атиги 755 миллиард сўм зарар келтирмоқда», деган янглиш хулоса қилиб қўйиш эҳтимоли бор.
Аслида олсак, давлат корхоналари ва давлатнинг кучидан фойдаланадиган ҳолда рақобатни чеклайдиган хусусий корхоналарнинг жамиятга ва иқтисодиётга зарари соф «бухгалтерлик зарар»дан анча кўпроқ.
Бу ерда мен шартли авиакомпания барча солиқлардан озод қилингани ёки 2020 йилдаги иқтисодий инқироз пайтида биринчилардан солиқ тўловчилар ҳисобидан қутқарилганини айтмоқчи эмасман. Мен иқтисодий шикаст ҳақида айтмоқчиман.
Келинг, шартли равишда авиақатновларни олайлик (бу мулоҳазани умумийлаштиришни ўқувчига қолдирдим). Давлат корхонаси манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, рақобат сунъий равишда чекланишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Бу дегани, авиабозордаги рақобат сунъий чеклангани туфайли қимматроқ нархда чипта олишга мажбурмиз (қандай қилиб чеклашлари ҳақида мулоҳаза алоҳида). Буни билиш учун, қўшни мамлакатлар ёки ҳатто чет эл мамлакатларидаги чипта нархларини кўрсангиз ҳам бўлади.
Дейлик, шу рақобатни чекловчи сабаблар туфайли, бизда чипталар ўртача 100 доллар қимматроқ. Яъни агар очиқ бозор бўлганида, биздаги ўртача чипталар нархи 100 долларга камроқ бўлар эди, деган фараз қилиб кўрайлик.
Албатта, бу рақам гипотетик ва ўта консерватив. Биласиз, атиги бир-икки йўналиш бутун авиақатновнинг асосий улушини ташкил қилади ва энг оммавий йўналишда, масалан Россияга учиш учун, чипталар нархи қўшни мамлакатларда биздан кўра 100 доллар кўпроққа фарқ қилади. Айтмоқчиманки, очиқ бозор бўлганида, ўртача чипта нархи 100 доллардан кўпроққа тушиши мумкин эди, лекин гипотетик мисол учун, шартли консерватив 100 долларни олаверамиз.















