12:44 / 09.05.2021
17552

“Ҳаммасини давлат қилиб бериши керак”. Жамият масъулиятсизлигига ким сабабчи?

Юқори минбарлардан одамларнинг эътиборсизлиги, жамият ҳаётига бефарқлиги, боқимандалик кайфиятига берилгани бот-бот янграб туради. Тўғри, уйимиз олдида чиқинди йиғилса, нега мен олишим керак, ҳар куни ўтадиган йўлимиз таъмирталаб бўлса, нега мен тузатишим керак, деб ўйлаймиз. Масъулиятни ўзимизга эмас, ҳукумат зиммасига юклашни истаймиз.

Фото: Shutterstock

Мен шу жамиятнинг бир бўлагиман, уни яхши томонга ўзгартиришим керак, деган дахлдорлик ҳисси бизга бегона баъзида. Нима учун бунчалик бефарқмиз? Шахсий ташаббус кўрсатиш ўрнига буни давлат қилиши керак, деган догмадан ҳеч қутулолмаяпмиз. Ижтимоий масъулиятсизлик эса ўз ортидан боқимандалик, шахсий ташаббуснинг етишмаслиги каби муаммоларни келтириб чиқаряпти. Ўзи, аслида, оммавий эътиборсизлик, ижтимоий масъулиятсизлик илдизлари қаерда? Бунга фақат одамлар айбдорми ёки ҳукумат ҳам бундан манфаатдорми? Экспертлар ушбу масала юзасидан фикр билдиришди.

“Одамларнинг умумий хоҳиши инобатга олинмаса, улар охири қўл силтайди ва атрофдаги воқеаларга бефарқ бўлиб юраверади”

Депутат Расул Кушербаев интервьюларидан бирида одамларда ижтимоий масъулиятнинг йўқлиги сабаблари, ҳукуматнинг бундаги роли ҳақида фикр билдирди.

“Одамларда ижтимоий масъулият қачон пайдо бўлади? Қачонки, уларга давлат аҳамиятига молик қарорларни қабул қилиш ваколати берилса. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги алоҳида қонун бор. Ушбу ҳужжатда жамоатчилик назорати бўйича кўрсатилган масалаларни реал ҳаётда ишлатишга эҳтиёж йўқ. Одамлар бу масалалар билан шуғулланишга қизиқиш билдиришмайди, чунки бу уларга қизиқмас.

 Масалан, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик экспертизаси каби тушунчалар бор. Одамлар бу масалаларни ҳал қилиш учун вақтларини сарфлашни исташмайди. Қонунда жамоатчилик кенгашининг қарори тавсиявий характерга эга эканлиги белгилаб қўйилган. Охир-оқибат қарорлар шундай характерда бўлса, ундан фойда бўладими ёки йўқ? Шу сабабли жамоатчиликка аниқ ваколатлар берилиши керак. Қарорларнинг бажарилиши мажбурий қилиниши керак ва одамлар ўзларининг қарорлари ижобий ҳал этилаётганини реалликда кўришсин.

Масалан, маҳалладаги дарахтларни тадбиркор ўз манфаати йўлида кесаётган бўлса, маҳалла жамоатчилик кенгаши йиғилиб, имзо билан тасдиқланган баённома тузишсин ва мажбурий ҳаракат амалга ошириш учун юборишсин. Жамоатчилик шундай қарорга келган бўлса, демак, уларнинг фикри инобатга олинсин. Ҳозир нима бўляпти: инсонлар қурилиш ишларидан норози бўлиб, баённома тузишади ва тегишли жойга юборишади. Натижаси тавсиявий характерга эга эканлиги айтилади. Қарорни қабул қиладиган томон истаса кўриб чиқади, истамаса бир четга суриб қўяди. Жамоатчилик масъулиятини ошириш учун “Жамоатчилик тўғрисида”ги қонунни тегишли бандлар билан тўлдириш керак.

Бундан ташқари, одамлар ўзларининг овози, иродаси ҳал қилувчи кучга эга эканлигига ишонишлари керак. Жамоатчилик хоҳиши инобатга олинмаса, охири қўл силтайди ва атрофдаги воқеаларга бефарқ бўлиб юраверади. Масалан, “Мовий гумбазлар” воқеасида одамлар дарахтлар кесилмаслигини талаб қилишди, курашишди. Лекин нима натижа бўлди? Барибир қурилиш бўлиши маълум бўлди-ку. Агар одамлар жамият ҳаётига оид муҳим қарорларни қабул қилиш ваколатига эга бўлишса, улар ўзларининг қонуний ҳақларини талаб қила бошлашади. Маълум масала юзасидан ўз фикрларини билдира олишади, ижтимоий масъулият ҳам пайдо бўлади”.

“Ҳамма тенг” тушунчаси иқтидорлиларни бўғилишга, барчани бир хил қолипга тушишга мажбурлади”

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим Тошбоев:

“Нотабиий тузум сифатида тарихда қолган шўро тузуми 70 йилдан ошиқ давр мобайнида ҳукм сурди. Ундан олдинги Туркистоннинг босқинчилар томонидан забт этилганлиги ва бу минтақада диний-миллий қадриятлар, урф-одатлар, яшаш тарзининг жудаям жиддий инқирозга келиб қолганлиги ва сунъий ҳаёт тарзини тарғиб қилишга бўлган ҳаракат ўз “мева”сини берган, яъни тарихий асоратлар қолдирган. 

 Шўролар қандай ғояни сингдирди? Ҳамма тенг бўлиши керак, деди. Бу инсон табиатига ёт бўлган тушунча. Фаробий “Фозил одамлар шаҳри” асарида одамлар истеъдод ва иқтидорда бир-бирларидан ортиқ ёки кам бўладилар, деб ёзган. Чунки одамлар жисмоний ва ақлий жиҳатдан ҳар хилдирлар. “Ҳамма тенг” тушунчаси онгга сингдирилгач, иқтидорлиларни бўғилишга, барчани бир хил қолипга тушишга мажбурлади. Бутун бир авлод сунъий чегараланишлар ортида яшашга мажбур бўлди ва бу бир хил қолипланишга олиб келди.  

Умумий кайфият кўр-кўрона давлатга сиғиниш муносабатини шакллантирди. Ҳамма нарса учун давлат масъул, жавобгар, деган тушунчага олиб келди. Бу кайфият бирданига йўқ бўлиб кетмайди, чунки маълум тузум барҳам топса ҳам, унинг ғоявий, мафкуравий жиҳатлари фуқароларнинг онгида узоқ йиллар яшаб қолади. Биз ҳали собиқ шўро тузумининг асоратларидан қутулиб кетганимиз йўқ. 

 Давлат ўзи нима, деган саволгаям жавоб бериш керак. 2500 йил олдин яшаган Афлотуннинг “Қонунлар” асарида қайд этилишича, фуқаро ҳаёти билан боғлиқ барча масалаларда барибир давлатдан қандайдир бир кўмак кутади. Фақат бир шарти бор: соҳиби қонун адолатли бўлиши, ҳақиқат бўлиши керак ва ҳар бир ҳуқуқбузар ўз жазосини олиши шарт.

“Давлатнинг асосий функцияларидан бири ижтимоий дахлдорлик ҳиссини шакллантиришдир”

ЎзМУ социология кафедраси ўқитувчиси Фурқат Олимов:

“Одамларда ҳаммасини давлат қилиб бериши керак, деган тушунча ҳалигача сақланиб қолганлигини қуйидагича тушунтириш мумкин: ҳамма даврларда ижтимоий институт ҳисобланган давлат ўз фуқароларининг бахт-саодати, осойишта ва тўкин ҳаёт кечириши ҳақида қайғуриб келган.

Давлатнинг асосий функцияларидан бири ўз фуқароларига мана шу давлатга тааллуқлилик ҳиссини шакллантириш орқали ягона мақсад ва шу мақсадга эриштириши мумкин бўлган вазифаларни тўғри етказа олиши керак.

Собиқ иттифоқда давлат фуқаролар учун эмас, коммунистик партия ғояларини амалга ошириш учун хизмат қилган. Айнан шу сабабдан аҳолида юқорида айтиб ўтилган “характер” шаклланган. Халқимизда қирқ йилда эл ўзгарар, деган яхши мақол бор. Демак, тўртинчи ўн йилликка қадам қўяётган эканмиз, яхши ниятлар қилиб турамиз. 

Оммавий масъулиятсизлик ўз ортидан боқимандалик кайфиятини эргаштириб юради

Экспертлар жамиятда боқимандалик кайфияти келиб чиқиши сабаблари ва оқибатлари ҳақида ҳам сўз юритди..

“Иқтидорлар қадр топган, қонунлар устувор жамиятда йирик ижтимоий муаммолар бўлмайди”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим Тошбоев:

 “Одамларда боқимандалик кайфияти ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. “Боқиманда” сўзини эшитсам, бирданига шўро тузуми инқирози бўлган давр — ўтган асрнинг 80-90-йиллари охирида бўлган йирик сиёсий анжуманлар ва у ерда ўзбек халқига қўйилган айбловлар эсимга тушаверади. Москвада СССР Халқ депутатлари съездларида оғзига кучи етган-етмаганлар ўзбек халқини боқиманда, деб ҳақорат қилишга уринарди. 

Ўша мажлисларда “Нега улар кўп фарзанд кўришади? Қачонгача биз уларни боқамиз? Уларнинг фарзандлари бўйнимиздаги юк”, деган фикрлар бот-бот янграрди. Боқимандалик тушунчасининг баҳсли жиҳатлари бор. Ўзбек халқи ҳеч қачон боқиманда бўлган эмас. Агар ўзбек халқига қонуний шароитлар яратиб берилса, дунёнинг манаман деган халқларидан ўтиб кетиш салоҳиятига эга.  

Давлат фуқаронинг хавфсизлиги, эркин яшаши, турмуш тарзини турли ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимояловчи кафолатли куч сифатида таассурот қолдиради ва халқ мана шу нуқтайи назардан давлатга жуда катта умид боғлайди. Давлат нима учун фуқаро ҳаётида катта ўрин тутади, деган яна бир жиҳатни ўйлаб кўрадиган бўлсак, жамият ўзини ўзи даволаш, бошқариш, тафтиш қилиш хусусиятига эга. Чунки жамият онгли одамлардан таркиб топади.

 Тўғри, бошқариладиган раҳбарлар ва уларга бўйсунадиган қатлам барча мамлакатларда бўлади. Лекин жамиятнинг салоҳиятини, савиясини оширишга давлат ҳар доим ҳам аралашавериши шартмас. Жамият онгли одамлардан таркиб топган экан, у ўзини ўзини бошқариш салоҳиятига эга. Хусусий мулк ривожланадиган бўлса, бунинг учун адолатли шароитлар яратиладиган бўлса, истеъдодларгина бошқарув тизимига қўйиладиган бўлса, жамиятда шу ва бошқа чуқур муаммоларга ўрин қолдирмайди.

 Жамиятда боқимандалик кайфияти шаклланмаслиги ёки уни камайтириш учун оилаларнинг маънавий-руҳий дунёсини бойитишга ҳаракат қилишимиз керак. Жамият оилалардан таркиб топар экан, умумкайфият шаклланишининг илк нуқтаси ҳам оиладир.

 Амир Темурнинг бир гапини эслайлик: “Салтанатда шундай тартиб ўрнатдимки, бошида бир лаган марварид ёки инжу қўйган болани салтанатимнинг у бошидан бу бошига боргунча биров унинг бошидаги марваридга қўл тегизишга журъат қилмади ва ундан бир дона тушмади”, деб айтган. Бу нимани англатади? Амир Темур даврида қонун устуворлиги сабабли шундай қатъий тартиб ўрнатилди. 

 Юқори минбарларда амалдорлар одамларда ҳалиям боқимандалик кайфияти юқорилигини таъкидлашади. Аслида, ҳамма ҳам косасини кўтариб, давлатга кўз тикиб тургани йўқ. Охирги 30 йил давомида одамлар “Ўзинг учун ўл етим”, қабилида қора қозонини қайнатиш учун хорижга ишлашга чиқиб кетди. Ҳамма ўз тирикчилиги учун ўзини масъул, деб билди. Ўтган 30 йил ичида халқ психологияси ўзгарди. Иқтидорлиларни юзага чиқариш учун ҳукумат ҳаракат қилса, боқимандалик, оммавий эътиборсизлик ва бошқа шунга ёндош муаммолар ўз-ўзидан йўқолади”.

 “Одамлар давлат томонидан ижтимоий ҳимояланганини ҳис қилса, жамият муаммоларига кўз юмиб кетмайди”

 ЎзМУ социология кафедраси ўқитувчиси Фурқат Олимов:

“Боқимандалик тушунчаси, биринчи навбатда, социал муаммо. Хўш, социал муаммо ўзи нима? Социал муаммо — бу жамиятнинг аксарият қисмига тегишли бўлган ва шу жамиятнинг бошқа аъзоларига ҳам ўз таъсирини ўтказадиган кенг маънодаги муаммо. Биз бу ерда айбдор кимлигини излаб, соатлаб баҳс қилишимиз мумкин. Бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди.

Муаммонинг асл негизи – кишиларга давлат томонидан кафолатланган турмуш кечириш учун шароитлар яратиб берилиши. Бу билан давлат айбдор, дейишдан йироқман. Ўз функциясига кўра, давлат ўз фуқароларида мана шу давлат фуқароси, деган туйғуни шакллантириши ва шу йўл орқали кишиларда фуқаролик позициясини вужудга келтириши лозим бўлади.

Ҳар бир инсон, биринчи навбатда, ўзи учун масъул бўлишига эришиш талаб этилади. Кишиларда манфаатдорлик ҳиссини шакллантириш талаб этилади. “Синиқ ойна” назариясига таянадиган бўлсак, ҳар қандай бефарқлик, масъулиятсизлик шахсий ташаббус кўрсатилиши орқали бартараф этилиши зарур. Ҳар бир гуруҳ, меҳнат жамоаси раҳбарлари шахсий намуна кўрсатиш орқали бошқаларнинг хатти-ҳаракатларида ўзгаришлар содир бўлишига эришишлари мумкин бўлади.

Ўзининг давлат томонидан ижтимоий ҳимояланганлигини ҳис қилган шахслар мана шу давлат учун қандайдир бўлса ҳам фойда келтиришга ҳаракат қиладилар, бу фойда ўзларига бир неча карра бўлиб қайтишини англаган ҳолда, албатта. Ҳуқуматнинг асосий вазифаси аҳоли яхши турмуш кечириши учун зарур бўлган миқдорда даромад олиши мумкин бўлган иш ўринларини яратишдир.

Давлат идоралари халқ учун у ёки бу ишни қилаётган, ўзларини жонкуяр кўрсатишга уринар экан, самимийлик намоён қилмаса, халқ сохтакорликни жуда яхши ҳис қилади. Фаол меҳнат фаолиятини имитация қилиш орқали ҳеч қачон яхши натижага эришиб бўлмаслигини тан олиш вақти келди, менимча”.

 Хулоса қилишга шошилманг...

Кўплаб ижтимоий муаммоларда бўлгани каби оммавий масъулиятсизлик, эътиборсизлик, боқимандалик масалаларида ҳам ҳукумат фуқароларни айбламаслиги зарур. Юқорида экспертлар таъкидлаганидек, давлат фуқароларнинг фаровон яшаши учун ҳаракат қилиб, барча масалаларда қонун устуворлигини таъминлай олсагина, фуқароларда ҳам ижтимоий масъулият, дахлдорлик ҳисси ортади.

Содда қилиб айтганда, ҳукумат давлатчилик тамойилларига асосан ўз ваколати доирасида ҳаракат қилса, зарур ижтимоий инфратузилмани яратиб берса, фуқаролар “уйғонади”, жамият оғриқларини ўзиники деб билишни бошлайди, уни ўз вақтида бартараф этади. 

Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири.

Top