Kun.uz'да навбатдаги интервью ўзбек зиёлилари, улар ва ҳукумат ўртасидаги муносабат, шунингдек, бу доира кишиларининг давом этаётган сукути, воқеа-ҳодисаларга бефарқдек кўринаётгани ҳақида бўлди.

Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ, этнопсихолог Зиёда Расулова ва файласуф Хуршид Йўлдошев шу масаладаги ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

— Зиёли одамлар ўзи ким? Уларни бирлаштирувчи умумий мезонлар қандай?

Зиёда Расулова:

— Бу масала юз йил илгари жадидчилар томонидан ҳам кўтарилган. Мустафо Чўқай зиёли одам ҳақида фикр юритаркан, шундай дейди: «Биз ҳар қандай ўқиган одамни зиёли деб аташимиз мумкинми? Йўқ, бу савол осондек бўлса-да, жавоби қийин. Зеро, зиёлилик таҳсил олганлик билан ўлчанмайди. Зиёли инсонларни эса ғоя бирлаштиради...»

Даврдан келиб чиқиб зиёли қатламнинг тушунчалари, ғоялари ҳар хил бўлган. Зиёлиларни бирлаштирувчи нарса — ғоя мавжудлиги. Биз олий маълумотли одамларни салоҳиятли дейишимиз мумкин, лекин фақат маълумотига қараб зиёли деёлмаймиз. Зиёли қатлам диплом билан ўлчанмайди. Зиёлилар жамиятнинг, халқнинг локомотиви.

Зиёли инсонни салоҳиятли инсондан ажратувчи нарса — ички эркинлик. Эркинликни йўқотиш зиёли учун ўлим билан баробар. У қолипларга солинса, чекланса, азобланади. Нотўғри тизимлар бўлса, халқ қийналса, биринчи бўлиб исён қиладиганлар зиёлилар бўлади. Қурол кўтариб чиқмайди улар, ёзувчи бўлса ёзади, нотиқ бўлса, гапиради, яъни ўз имконияти доирасида исён қилади.

Хуршид Йўлдошев:

— Зиёли одам. Бунга аниқ бир таъриф беролмайман. Лекин зиёли инсонга таъриф келтираётганда баҳо субъектик ҳам бўлмаслиги керак. Биринчидан, интеллектуал шахс бўлиши, ижтимоий ғояга эга бўлиши ва ижтимоий фаол бўлиши керак. Бошқа ҳамма хислатлар бўлса-ю, ижтимоий фаол бўлмаса, у одамни зиёли деб бўлмайди.

Яна бир жиҳат бор. Дейлик, бир зиёли дейилаётган одам миллатчи бўлса, империалист бўлса, уни ростдан зиёли деб бўладими? Масалан, баъзи немис файласуфлари миллатчи бўлган. 60-йилларда Америкада коммунистларга жуда ёмон кўз билан қарашган. Шунинг учун ҳам бу томондан қандайдир мезонлар қўйиш мушкул бўлиб қолади.