Ўзбекистон | 15:25 / 23.05.2021
18902
6 дақиқада ўқилади

Абдуқодир Тошқулов – магистратурага қабулдаги ўзгаришлар, таълим сифати ва ОАВга «ёпилиб олгани» ҳақида

Тошкент шаҳрида «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. 

Мулоқот давомида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Kun.uz мухбирининг ҳам бир қатор саволларига жавоб берди.

Бу йил магистратурага мос бўлмаган йўналишга ҳужжат топшириш имкони берилмаслигига қабуллардаги коррупция оқибатлари сабаб бўлгани ҳақида

Келинг, олий таълимдаги коррупция ҳақида қисқагина гапирамиз. Ҳозир олий таълимнинг қайси соҳаларида коррупция қолди?

Масалан, шу пайтгача ҳам ўқишни хорижий давлатлардан Ўзбекистонга кўчиришда коррупция борлиги қулоғимизга тез-тез чалинарди.

Авваллари ўқишини кўчираётганлар олий таълим вазирлигининг баъзаси орқали тест қилинарди. Бунда ишончсизликка сабаблар бор эди. Энди шу жараён Давлат тест марказига ўтказилади. Яъни бу ишлар билан Давлат тест маркази шуғулланиши керак. Бу шаффофлик, бу адолат.

Иккинчидан, ўқишини четдан кўчирувчиларга ҳам ўзимиздаги каби имкониятлар яратилади.

Бир йил олдинги ўтиш бали масаласи қўйилса, тўрт баллик шкала ҳам ўйнаса, оширилган контрактлар ҳам уларга амал қилса. Эндиликда одамларнинг нега бу оширилган контракт тўлайди-ю, иккинчи киши қўшни давлатдан айланиб келиб, иккинчи курсдан талаба бўларкан, деган саволларига барҳам берилади. Бу ҳам навбатдаги қадам.

Сиз ҳақсиз, магистратурадаги ҳозирги аҳволга ўтган йиллар давомида қабулнинг яхши бўлмагани сабаб. Биз эндиликда қабулдаги ўзгаришнинг турдош масаласида ўзига-ўзи қилмоқчи эмасмиз. Буни бироз қисқартирмоқчимиз. Чунки тўғри келмайдиган ҳолатлар бор.

Масалан, биологиядан кимёга мумкин, молиядан иқтисодга мумкин. Ҳаттоки, математикадан иқтисодга ҳам мумкин, қолади улар. Лекин, масалан, адабиётдан молияга, юридикка...

Бундай турдош бўлмаган ва ҳатто бакалаврдаги фанлар блоклари тўғри келмайдиган мутахассисликлар бўйича ўйлаб кўрамиз. Биз бунинг рўйхатини эълон қиламиз, муҳокамадан ўтказамиз. Шундан кейин қарор қабул қиламиз.

Вазир ўтган тўрт ойлик фаолиятидаги таълим сифатини ошириш учун нима ишлар қилгани ва охирги пайтларда ОАВга «ёпилиб олгани» ҳақида

Ҳақиқатан ҳам, вазирликда фаолият бошлаганимга 100 кундан кўпроқ вақт ўтди. Очиғи, фаолиятимизда муаммолар кўп, ютуқлар ҳам кам эмас.

Келинг, олий таълимда ҳозирги баҳолаш тизимини олайлик. Биринчи курслар кредит модулда ўқияпти, тўғрими? Иккинчи, учинчи курслар 5 балли тизимда ўқияпти. Тўртинчи курслар эса 100 балли тизимда баҳоланяпти. Олий таълимда талабани баҳолашнинг ўзи уч хил. Буни бир хиллаштириш керакми?

Иккинчиси – дарслик ва ўқув қўлланмалар масаласи. Биз ҳозир нима қилмоқчимиз? Биринчи босқичда табиий фанлар, аниқ фанлар ва чет тилларидан босқичма-босқич дунё тан олган давлатларнинг дарсликларини таржима қилиб, ўзимиздаги таълимга олиб кирмоқчимиз? Мафкуравий, сиёсий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда.

Масалан, Англияда ўқитилаётган биологияни ўзимизда ўқитишимизни қандай сиёсий томони бор? Ёки Японияда ўқитилаётган дарсликларни-чи? Ҳеч қандай. Шуларни ўзимизга интеграция қилиш керак, шунингдек, олий таълим муассасаларига мустақиллик бериш керак. ОТМлар мақбулини талабага ўқитсин.

Олий таълимда 1974 йилдаги дарсликни ўқитгандан кўра, ривожланган давлатларда ҳозир ўқитилаётган дарсликларни олиб келиб, ўқитиш фойдали.

Биз шу ишлар билан бўлиб, биринчи юз кунликда ОАВга кўп чиқаётганимиз йўқ.

Шунингдек, университет бу – алоҳида субъект, у ердаги ректорлик бошқа. Халқ таълимидан бизнинг фарқимиз бор. Мактаблар тўлиқ бюджетдан молиялаштирилади ва битта тизимга мослаштирилган. Лекин ОТМларнинг ўзига яраша мустақиллиги бор. Бу мустақиллика қараб янада илдам кетяпмиз.

Ректорлик пайтимда мустақил эдим. У ерда беш кунлик ўқувни ташкил қилганимда бирорта ҳудудда бу амалиёт қилинмаганди. Талабаларнинг формасига эркинлик берганимда бу ҳам бирор жойда қилинмаганди. Лекин вазирликда бошқача. Вазир бу ҳукумат аъзоси. Вазир айтган ҳар бир сўзнинг вазни бор. Яъни у давлатнинг олий таълим борасидаги сиёсатини кўрсатади. Шунинг учун кўп нарсани ўйлаб гапирамиз.

Мен сўзимни бошида ҳам айтдим, дунёни контекст бузяпти (оғзаки ёки ёзма нутқ (матн)нинг нисбатан тугал қисми – таҳр). Шу бугунги гапларимдан ҳам кесиб-кесиб қандай роликлар тайёрланишини сезиб турибман. Мен бундан қўрқмайман. Айтган гапимга жавоб бераман. Лекин ҳукумат аъзосининг гапи шу тизим сиёсатини белгилаш экан, мен ўйлаб гапиришга мажбурман.

Ўйлашимча, аввал ишни қилиб, кейин гапиришимиз керак.

Бугунгача 58 минг ўринли талабалар турар жойлари бор эди. Бу билан эҳтиёжимизнинг 28 фоизи қондирилганди. Ҳозир президент 4,4 трлн. сўм пул ажратиб, 96 минг ўринли ётоқхоналар қуришга топшириқ берди.

Қаранг, бунгача 58 минг эди, 2025 йилгача эса яна 96 минг ўринли ётоқхоналар қурилади. Бунга қўшимча тарзда 1 сентябргача ётоқхоналардаги ётоқ ўринларини 2 ярусли қилиш ҳисобига яна 35 мингта ўрин яратилади.

Иккинчидан (буни ўзимнинг ишим деб биламан), профессионал таълимга тушяпман. Бизнинг номимиз Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий таълим эмас. Техникум ва касб-ҳунар мактабларининг фаолияти ҳам вазирликда. Буларнинг фаолиятида ҳам муаммолар жуда кўп.

Сиз айтганингиздек, олий таълим муассасаларининг фаолиятини бошқариш унчалик тўғри эмас. ОТМлар ҳамма соҳада мустақил бўлиб боравериши керак. Биз профессионал ва касбий таълимни ривожлантиришимиз керак.

Вазир сифатида 137та ОТМ фаолиятини мувофиқлаштиришда битта университетдаги каби аниқ ислоҳотни кўрсатиш қийин. Таълимда ислоҳот аста-секинлик билан бўлади.

Бизнинг асосий ишимизни яқинлашаётган қабулда кўрасиз. Бу йилги қабул бошқача бўлади. У шаффоф ва очиқ ўтади.

Бирорта ўқитувчи пора билан ушланибди, деган гап юракка ханжардай ботади. Худо хоҳласа, бу каби ҳолатлар аввалги йилларга қараганда баробарларга камаяди.

Шу қабулнинг натижасини кўриб, янги вазир билан суҳбат қилсак, тўғрироқ бўлади.

Мавзуга оид